Намоз: Салом бериш

0
  1. Сўнг салом беради

Салом бериш намоз рукнларидан биридир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Намознинг калити таҳоратдир. Намозга такбир билан кирилиб, салом билан чиқилади[1].

Салом бериш тартиби

Намозда икки марта: ўнг тарафга бир, чап тарафга бир салом берилади. Саъд ибн Абу Ваққос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни (намозда) ўнг ва чап тарафга (қайрилиб) салом берганларини кўрар эдим, ҳатто у зотнинг оппоқ ёноқларига кўзим тушар эди”[2].

Ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам (намозда) ўнг ва чап тарафларига “Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳ”, деб салом берар, ҳатто у зотнинг оппоқ ёноқларига кўзим тушар эди”[3].

Намозда фақат бир тарафга салом бериш ҳам жоиз.

Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам (намозда) олдиларига қараб бир марта салом берар эдилар”[4].

Ойша разияллоҳу анҳонинг ўзи ҳам намозда олд тарафига қараб бир марта салом бергани собит бўлган[5].

Саломнинг кўринишлари

1 – Юқоридаги ҳадисда келганидек, ўнг тарафга ҳам, чап тарафга ҳам “Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳ”, деб салом берилади.

2 – Шайх Албоний раҳимаҳуллоҳ айтади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам гоҳида биринчи саломга (яъни ўнг тарафга салом берганларида) “ва барокатуҳ”ни қўшиб айтар, гоҳида ўнг тарафга “Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳ”, деб салом берсалар, чап тарафга фақат “Ассаламу алайкум”, дейиш билан кифояланар эдилар”[6].

Намозда салом беришнинг ҳукми

Юқорида айтиб ўтганимиздек, салом бериш намознинг рукнларидан биридир. Аммо вожиб бўлгани биринчи салом бўлиб, иккинчиси мустаҳабдир. Бу жумҳур уламолар фикридир. Ҳанафий мазҳабига кўра, ҳар икки тарафга салом бериш мустаҳаб (суннат)дир.

Ибн Мунзир раҳимаҳуллоҳ айтади: “Уламолар ижмо қилишича, фақат бир томонга салом берган кишининг намози жоиздир”[7].

Нававий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Сўзи мўътабар уламоларнинг ижмо қилишларича, (намозда) фақат бир марта салом бериш вожибдир. Агар фақат бир марта салом бермоқчи бўлса, олдига қараб салом бериши мустаҳаб бўлади. Аммо икки марта салом бермоқчи бўлса, ўнг тарафига бир марта, чап тарафига бир марта салом беради. Икки ёнидаги кишиларга ёноғи кўринадиган даражада бурилиб салом беради”[8].

Мавзуга оид мулоҳазалар:

  1. Намозхон салом берганида қўллари тиззаларида туради, қўллари билан ишора қилмайди. Жобир ибн Самура разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан намоз ўқисак, “Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳ” дер эдик ва қўлларимиз билан ҳар икки томонга ишора қилар эдик. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Қўлларингизни асов отнинг думига ўхшатиб нимага имо-ишора қиляпсизлар? Қўлларингизни тиззаларингизга қўйиб, ўнг ва чап тарафингиздаги биродарларингизга салом беришингиз етарлидир[9].

  2. Салом беришдаги ният

Намозда салом берилар экан, қуйидагиларни ният қилишга эътибор қаратиш лозим:

а) Намоздан чиқиш. Юқорида ўтган ҳадисда “Намозга такбир билан кирилиб, салом билан чиқилади”, дейилган эди.

б) Муқарраб фаришталар ва уларга эргашган мўмин-мусулмонларга салом бериш. Али разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам асрдан олдин тўрт ракаат ўқир, улар ўртасини муқарраб фаришталар ва уларга эргашган мўмин-мусулмонларга салом бериш билан ажратар эдилар (яъни тўрт ракаатни икки-икки ракаатдан бўлиб ўқир эдилар)”[10].

в) Ўнг ва чап ёнидаги биродарларига салом бериш. Юқорида ўтган Жобир ибн Самура разияллоҳу анҳунинг ҳадиси шунга далолат қилади.

  1. Уламолар саломни чўзмасдан намоздан ташқарида қандай айтилса шундай айтишни мустаҳаб санаганлар. Бу борада “Саломни чўзмаслик суннатдир”[11] деган ҳадис ҳам бор. Аммо бу ҳадис заифдир.

  2. Муқтадий имом икки тарафга салом бериб бўлмагунча салом бермай туриши мустаҳабдир. Имом биринчи саломдан фориғ бўлгач салом беришни бошласа ҳам жоиз. Бу ердаги ихтилоф қай бири афзаллигида.

  3. Масбуқ (намознинг бир ёки ундан кўпроқ ракаатини ўтказиб юборган муқтадий) ҳам имом икки тарафга салом бермагунча ўтказиб юборган ракаатлари қазосини ўқиш учун турмаслиги мустаҳаб бўлади. Шунингдек, у имом биринчи саломдан фориғ бўлгач туравериши жоиздир. Аммо имом саломга киришишидан олдин ўрнидан турса, намози ботил бўлади.

  4. Шофеий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Имом бир марта салом бериш билан чекланса, муқтадий (хоҳласа унга эргашиб бир бор салом беради, хоҳласа) ҳар икки тарафга ҳам салом бериши жоиз бўлади. Чунки у биринчи салом билан имомга эргашиш мажбуриятидан чиқади. Аммо биринчи қаъдада ундай эмас. Имом биринчи қаъдада ўтирмаса, муқтадий ҳам ўтирмаслиги вожиб бўлади. Чунки саломдан олдин имомга эргашиш муқтадийга вожибдир”[12].

  5. Имом салом бераётганда муқтадий ҳануз ташаҳҳуд ва салавотларни ўқиб улгурмаган бўлса, уларни охирига етказиб, сўнг салом бериши жоиздир. Бу уни имомга эргашишдан чиқариб қўймайди. Чунки имом салом бериши билан унга эргашиш мажбурияти ниҳоясига етган бўлади.

  6. Нававий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Шофеий мазҳаби уламолари айтишади: “Агар намозхон ҳар икки саломни ўнг тарафига ёки чап тарафига ёки олд тарафига қараб айтса, салом бериш мажбурияти зиммасидан соқит бўлади. Лекин суннатга хилоф иш қилган бўлади. Бағавий: “Агар дастлаб чап тарафига салом берса, макруҳ иш қилган бўлса-да, кифоя қилади”, деган”[13].

[1] Ҳасан. Абу Довуд (61, 618), Термизий (3), Ибн Можа (275), Аҳмад (1/123) ривояти.
[2] Муслим (582), Насоий (3/61), Ибн Можа (915) ривояти.
[3] Саҳиҳ. Термизий (295), Абу Довуд (996), Насоий (2/230) ривояти.
[4] Ҳасан лиғайриҳи. Термизий (296), Ибн Можа (919), Ибн Хузайма (729), Ҳоким (1/131) ривояти. Ҳадисни Ҳоким Бухорий ва Муслим шартига мувофиқ саҳиҳ деган, Заҳабий унинг бу фикрини маъқуллаган. Табароний (“Ал-авсат”, 7/25) ва Байҳақий (“Ас-сунан”, 2/179) Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадис юқоридаги ҳадис мазмунини қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, Ибн Можа (918) ва Дорақутний (1/359) Саҳл ибн Саъд разияллоҳу анҳудан, Ибн Можа (920) Салама ибн Акваъ разияллоҳу анҳудан ҳамда Дорақутний (1/358) Самура разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадислар ҳам юқоридаги ҳадис мазмунини қувватлайди. Умуман олганда, бу ҳадисларнинг ҳеч бири заифликдан холи эмас. Шундай бўлса-да, ушбу ҳадислар йиғиндиси бир бирини қувватлаб, “ҳасан лиғайриҳи” (мақбул, амал қилишга яроқли ҳадис) даражасига кўтарилади.
[5] Саҳиҳ. Ибн Хузайма (730), Ҳоким (1/231), Байҳақий (2/179) ривояти.
[6] Қаранг: Албоний. “Сифату солат ан-Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам”, 168-бет.
[7] “Ал-ижмо”, 8-бет. Қаранг: Нававий. “Ал-мажмуъ”, 3/482.
[8] Қаранг: “Шарҳ саҳиҳ Муслим”, 5/83.
[9] Муслим (431), Абу Довуд (998), Насоий (3/4, 5) ривояти.
[10] Термизий (429), Ибн Можа (1161), Аҳмад (1/85) ривояти. Ҳадисни Термизий ҳасан, Албоний (“Ас-силсилат ас-саҳиҳа”, 237) саҳиҳ деган.
[11] Заиф. Аҳмад (2/532), Абу Довуд (1004), Термизий (297) ривояти.
[12] Қаранг: Нававий. “Ал-мажмуъ”, 3/484.
[13] “Шарҳу саҳиҳи Муслим”, 5/84.

Изоҳ қолдиринг