Абу Бакр разияллоҳу анҳу: Ажнодайн жанги

0

Холид ибн Валид Шомга етиб келиб, Бусрони фатҳ этди. У мусулмон қўшинларининг лашкарбошилари Абу Убайда, Шураҳбил ибн Ҳасана ва Язид ибн Абу Суфён билан кўришиб, улар билан ҳарбий вазиятни муҳокама қилди ва ҳолатни энг майда тафсилотларигача чуқур ўрганди. Бу орада у Урдун дарёси бўйлаб бошқа мусулмон қўшинларига келиб қўшилиш мақсадида ўз қўшини билан ортга чекинаётган Амр ибн Оснинг ҳолидан ҳам бохабар бўлди. Ўшанда Амр ортидан таъқиб этаётган Рум қўшини билан тўқнашишдан имкон қадар четланиб келаётган эди. Таъқиб этаётган Рум қўшини қўмондони Амрнинг қўшинини ўз қўшини билан жангга киришга мажбур қилиш учун барча имкониятини ишга солаётган эди. Бироқ Амр ибн Ос ҳушёр ва вазиятдан огоҳ бўлиб, бу вазиятда румликлар билан урушга кириш мусулмонларга фойда келтирмаслигини яхши англар эди. Чунки етти минг кишилик мусулмон қўшини румликларнинг етмиш минг кишилик қўшинига бас келиши осон эмас эди. Холид ибн Валид вазиятни таҳлил қилиб, ўз олдида икки йўл борлигини кўрди. Биринчиси, зудлик билан Амр ибн Осга ёрдамга бориб, у билан бирлашиши ва кўпсонли Рум қўшинига қарши биргаликда ҳаракат қилиб, уларни енгиши керак эди. Бу ҳолда Ислом лашкарининг қудрати янада ортар, шу билан бирга ортга қайтиш йўли ҳам тозаланган бўлар эди. Қолаверса, мусулмонларнинг сўл қаноти ишончли ҳимоя остига олинган бўлар ва уларнинг қадамлари Фаластинда мустаҳкамланган бўлар эди. Иккинчиси эса, шу ерда қимирламай туриши ва Амрга хабар юбориб, уни ўзига келиб қўшилишга буюриши, сўнг мусулмонлар билан ҳал қилувчи урушга кириш мақсадида Дамашқ томондан келаётган Рум қўшинларини кутиши керак эди. Холид биринчи ишни танлади. Чунки Фаластинда Рум армиясини енгиш ва уларни парчалаб ташлаш дегани мусулмонларнинг ортга қайтиш йўлини муҳофаза остига олиш, марказни қувватлантириш, Рум армиясига таҳдид солиш ва уларни орқадан қамалга олиш, демак эди. Бу ҳолда Рум армияси ҳужумкорлик ролидан чекиниб, мудофаа тадбирлари олишга ва ўзини ҳимоя қилиш позициясига ўтишга мажбур бўлар эди. Холид ибн Валид чопар юбориб, Амр ибн Осга то у қўшини билан етиб боргунига қадар румликлар билан тўқнашишдан сақланиб, секин-аста ортга чекиниб бораверишни буюрди. Сўнг Амрга ёрдам бериш учун Ярмукдан зудлик билан Фаластинга йўл олди. Кўзланган режа мукаммал амалга ошди. Холид етиб келганида Амр чекиниб, Ажнодайнга етиб келган эди. Холиднинг қўшини билан Ислом лашкари сони ўттиз минг кишига етди. Амрнинг қўшини Рум қўшини билан урушиб турган пайтда Холиднинг қўшини ёрдамга етиб келди ва икки ўртада жуда катта жанг бўлди. Икки донгдор қўмондон – Холид ибн Валид ва Амр ибн Оснинг ҳарбий маҳорати мусулмонлар ғалаба қозонишида жуда катта рол ўйнади. Мусулмонлар қақшатқич ҳужумлар уюштириб, Рум қўшинини парокандаликка учратдилар. Душман сафларини ёриб ўтиб, румликларнинг бош қўмондонига етиб бориб, уни ўлдирдилар. Лашкарбошилари ўлимидан сўнг румликлар саросимага тушиб, бошлари оққан томонга қочишга тутиндилар[1].

Ажнодайн Шом диёрида мусулмонлар билан румликлар ўртасида бўлиб ўтган илк катта уруш бўлди. Румликларнинг мағлубияти хабари Рум шоҳи Ҳирақлга етиб боргач, у фалокатнинг нақадар улканлигини идрок этди.

Холид ибн Валид Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳуга мактуб йўллаб, фатҳ хабарини етказди. Мактубида шундай деб ёзган эди: «Аллоҳнинг қули ва Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг халифаси Абу Бакрга Аллоҳнинг мушрикларга қарши кескир қиличи Холид ибн Валиддан. Ассалому алайкум. Ягона ва шериксиз Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин. Аммо баъд. Эй Сиддиқ, сизга хушхабарим шуки, биз мушриклар билан тўқнашдик, улар Ажнодайнда бизга қарши улкан қўшин ҳозирлаган эканлар. Улар хочларини кўтариб олган эдилар, аскарларга китобларини тарқатган, бизга қарши урушишга, ортга қочмасликка ва бизни мамлакатларидан қувиб чиқаришга қасам ичган эдилар. Биз Аллоҳнинг мададига ишониб ва Аллоҳга таваккал қилиб, уларга қарши урушга кирдик. Уларни найзалар билан урдик, қиличдан ўтказдик. Улар билан дара ва водийларда урушдик. Динини азиз қилган, душманларини хор қилган, дўстларига нусрат берган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин. Вассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ”. Мактуб Абу Бакр Сиддиққа етиб келгач, у бундан кўп қувонди ва мусулмонларга берган нусрати учун Аллоҳга ҳамду санолар айтди[2].

 

[1] Низор Ҳадисий. «Абу Бакр разияллоҳу анҳу», 70-бет.
[2] Аздий. «Футуҳ аш-Шом», 84-93 бетлар.

Изоҳ қолдиринг