Сийрат: Макка давридаги ибодат ва ахлоқ тизими (5)

0

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларни тарбия этишда таъсирли ва қониқтирувчи услубларни қўлладилар. Бу билан у зот ахлоқий қадриятлар назарий доирадан амалий татбиқ майдонига чиқишини истадилар. Амал деганда Аллоҳнинг кузатувини ҳис этиш, охиратга бўлган умид каби эътиқодга оид амал бўладими, ёки иродани мустаҳкамлайдиган, нафсни поклайдиган, ички оламни тарбия қилишга қаратилган анъанавий ибодатларга оид амал бўладими, фарқсиздир.

Исломий даъватнинг ривожланиши ва унинг давлат миқёсида кенг тус олиши билан ўз-ўзидан навбатдаги босқичларга ўтилади:

а) Қонунчилик:

Ахлоқий қадриятларни ҳимоя қилиш учун жорий этилган қонунларни татбиқ қилиш фурсати келади. Шахсни ва жамиятни бировларга зулм қилишдан, одам ўлдириш ёки ўғрилик қилишдан, зино ёки бўҳтон билан обрў-номусларга поймол қилишдан, бировга тажовуз қилишдан тийиб қўядиган, ароқ ва бошқа маст қилувчи нарсалар билан ақлни йўқотишдан ҳимоя қиладиган жазо ва қасосга доир қонунлар татбиқ этилиши керак бўлади.

б) Жамият ҳукмронлиги:

Бу эса Аллоҳ вожиб қилган амри маъруф, наҳий мункар, мўминлар ўртасида панд-насиҳатни жорий қилиш, бир-бирларидан жавобгар бўлиш каби амаллар устига қурилган ҳукмронликдир. Аллоҳ таоло бу масъулиятли вазифани закот ва намоз билан ёнма-ён зикр қилди:

Мўмин ва мўминалар бир-бирларига дўст ва ёрдамчидирлар. Улар маъруфга чорлайдилар, мункардан қайтарадилар, намозни адо этадилар, закотни берадилар, Аллоҳ ва Расулига итоат қиладилар. Ана ўшаларга Аллоҳ раҳм қилади. Шубҳасиз, Аллоҳ қудратли, ҳикматли зотдир” (Тавба, 71).

Аллоҳ таоло мазкур амалларни Ислом умматини одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлишига асосий сабаб қилди.

Сизлар инсонларга чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз. Маъруфга (шариат ҳам, ақл ҳам яхши иш деб билган нарсага) буюрасизлар, мункардан (шариат ҳам, ақл ҳам ёмон иш деб билган нарсадан) қайтарасизлар, Аллоҳга иймон келтирасизлар. Аҳли китоблар иймон келтирганларида, ўзлари учун яхши бўлар эди. Улар ичида мўминлари ҳам бор. Кўплари фосиқ кимсалардир” (Оли Имрон, 110).

Бу ҳукмронлик Мадина даврида зоҳир бўлди ва унинг таъсири жамиятда кўринди.

ж) Давлат ҳукмронлиги:

Давлат ҳукмронлиги мустаҳкам ахлоқий пойдеворлар устига қурилиши, бу ахлоқларга риоя қилиниши, уни жамиятнинг барча аъзолари ичида ва барча муассасаларида ёйиш лозим бўлади. Жамият ахлоққа риоя қилишни ўзининг асосий вазифаларидан деб билиши керак. Шу билан исломий хулқ мукаммал бўлади. Исломий жамият раббоний манҳажни маҳкам ушлаши ортидан воқеда намунали тузумга айланади.

Бу эса Макка даврида жамиятни ақидавий, руҳий ва ахлоқий жиҳатдан тарбия қилишнинг айрим режалари эди. Дарҳақиқат, бу тарбия улкан самаралар берди. Исломни илк қабул қилган эллик нафар саҳоба Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётлик чоғларида ҳам, у зот вафот этганларидан сўнг даъват иши кенг тус олгандан кейин ҳам етакчилик масъулиятини зиммаларига олдилар, улардан йигирмага яқини умматнинг буюк раҳбарларига айландилар. Бошқа йигирмага яқини Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида шаҳид бўлиб кетдилар ёки вафот топдилар. Ҳақиқатан, мазкур инсонлар ичидан умматнинг энг буюк етакчилари етишиб чиқди. Улардан тўққиз нафари Пайғамбар алайҳиссалом жаннат башоратини берган ўн киши ичидан ўрин олди. Шубҳасиз, улар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўнг умматнинг энг яхши кишиларидир. Улар мислсиз фидоийлик кўрсатиб, улкан маданиятни пайдо қилишга улуш қўшдилар. Бу борада Аммор ибн Ёсир, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абу Зар Ғифорий, Жаъфар ибн Абу Толиб ва бошқалар ўрнак бўлдилар. Улар ичида умматнинг буюк аёллари ҳам бор эди. Хадича разияллоҳу анҳо, Умму Фазл бинти Ҳорис, Асмо бинти Абу Бакр, Асмо бинти Умайс ва бошқалар шулар жумласидандир.

Мазкур биринчи авлод вакиллари башариятнинг буюк мураббийи Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларида тарбияланган, ақидавий, руҳий, ақлий ва ахлоқий томонлардан жуда катта улушларга эга бўлган эди. Улар умматга йўлбошчи бўлдилар[1]. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни чиройли тарбия қилдилар, жоҳилият кирларидан ва унинг ярамас сарқитларидан покладилар. У зотни умрида бир бор кўрган киши саҳобалик шарафига эришиб бахтиёр бўлар экан, ҳар куни у зотнинг ёнларида бўлган, у зотдан бевосита таълим олган, юзларининг нурига тўйиб боққан, ҳикмат тўла сўзларидан озуқа олган, кўз олдиларида тарбия топган киши ҳақида нима дейиш мумкин?[2]

[1] Ғазбон. “Ат-тарбия ал-қиёдийя” 1/201.
[2] Айни манба, 1/202-203.

Изоҳ қолдиринг