Катта бўлсам…

0

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

“Катта бўлсам, келин бўламан”…  Эсини таний бошлаган деярли ҳар бир қизалоқнинг қалбида энг биринчи бўлиб шу орзу униб чиқади. Тўпланиб, “хола-хола” ўйнаётган қизчаларни кузатганмисиз? Ўйин айнан шу мақомни талашиш билан бошланади.

– “Мен келин бўламан!”

– “Йўқ, мен бўлай, кеча сен бўлгандинг-ку!”

– “Унда бугун ойи бўламан”…

    Бу митти чечакларнинг “келин” ва “ойи” бўлиб, уялиб туришларини кўрсангиз, Аллоҳ қиз зотини шунчалик нафис яратганидан лол қоласиз!

   Ўғил болалар орзуси эса батамом бошқача. – “Мен хўжайин бўламан”, “мен боксчи бўламан”, “мен ҳарбий бўламан!”… Ўзи жажжи, кўкси эса улкан жасорат билан қайнаётган бу паҳлавонларда эркакларга хос шижоат ва қатъиятни кўриб, ҳайратланасиз.

  Болалар ҳали шахс бўлиб улгурмасиданоқ, ўйинлари ичидаги кичик жамиятларда ўз ролларини танлаб олишлари ажойиб!

    Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, нега болалик орзуларини беғубор деймиз? Улғайганда ниятлар тоза бўлмай қоладими?… Нега болалар тасаввурида  орзулар эркаклик ва аёллик сифатларига тобе бўлади? Сабабини чуқур ўйлашга ҳожат йўқ. Бу – табиийлик. Чунки Аллоҳ таоло одам боласини феъли, шакл-шамоили, миллати қандай бўлмасин, фитрат софлигида бир хил яратган. Шунинг учун улар катта бўлишни касбларга боғлаб гапиришса-да, танловда эркаклик ва аёллик мезони бирламчи ўринда қолади.

   Болалар улғайишаркан, онгларидаги қадриятлар ҳам ўзгариб боради. Шу кўйи бири “энг чиройли”, бири “энг аълочи”, бири “энг бадавлат”, яна бирови “энг кучли” бўлиш йўлида мусобақалашиб, натижада бир неча тарбиячилар истаган “қаҳрамонлар” етишиб чиқади. Қаҳрамон ким? Содда айтганда, қаҳрамон кимнингдир орзулари йиғиндиси. Унда турли ҳаваслар ва кучлар жамланган бўлишига қарамай, у маъсум йўқотувчидир. У йўқотган энг катта нарса – ўзлик. Унинг ҳаётдаги мавқеи ўз шахси билан эмас, онгига сингдирилган қаҳрамон билан белгиланади. Энди ўйлаб кўринг, “яхши посбон”нинг ҳаммасидан ҳам яхши эркак чиқмагани, “яхши раиса”нинг бари ҳам яхши аёл бўлолмаганига сабаб шу эмасмикин?…

   Мақсадлар “Мен ўзи кимман?” саволи билан бошланмас экан, жамиятда касб қилувчилар шаклланади-ю, шахслар болалик орзуларида қолиб кетаверади, ҳуқуқлар тенглашади-ю, адолат мувозанат топмай қолаверади.

   Ажойиб-а, 15 йил аввал “катта бўлсам, келин бўламан”, деган қизчанинг бугун энг қўрққан мақоми айнан шу. Бу эса аёллик фитратида яратилган ҳар бир жон учун катта йўқотиш эмасми?… Ачинарлиси, у қурбонлардан эканини ўзи ҳам сезмайди. Чунки унинг кимлиги жуда эрта унуттирилган…

     Эсланг… Боғчада қуён бўлиб чиқишга мажбурланган, мактабдан “5” олиб келмаса, камситилган, коллеждан қизил диплом олмагунича маломатланган қизингиз бугун қайси ҳақиқат билан оила қуришни бахт деб ўйласин?… Йиллар давомида орзуларингиз шакллантирган бу қаҳрамон энди қандай қилиб мақсадларидан воз кечиб кетсин? У улғайди. Бугун у ўз йўлини сиз ўргатган қоида билан ўзи белгилашни орзу қилмоқда. Энди жамиятда мос мавқеини топмагунича у учун оила эшиклари ёпиқ бўлади. Чунки унинг наздида турмуш қуриш – хўрланиб яшаш мажбурияти ва эркакка қуллик дегани. Шунинг учун оила қуришга биринчи қадам ҳақ-ҳуқуқларни билиш билан бошланади. Бу ҳам тўғри-да, жоҳиллар оилани “тутқунлик”, бахтни эса “Ўлсанг ҳам ичингга ют” деган шиор билан кўрсатганидан кейин қиз учун турмуш қандай қилиб қадрли бўлсин?!

    Энг оддий формула: яратилиш ҳақиқатини билмай туриб, бирор қурилмани бошқара оламизми? Албатта, унга ўзининг кашф этувчиси кўрсатган йўл билан муносабат қиламиз. Бу оддий қонуниятдан нега айнан инсонга келганда юз ўгирилади?… Ахир, инсон энг катта қадрият эмасми? Агар одам боласини эркак ва аёл қилиб яратилиш қоидасига қарасак, ҳаёт ўз қонуни билан енгил эканини, уни эса биз қийинлаштириб ташлаганимизни англаб етармиз…

  Аёл – ўзи ким? У қандай сифатда яратилган? У нимага қодир? Унинг қандай ҳуқуқлари бор?… Шу саволларга жамият аъзоси бўлган одамлар эмас, жамиятни яратган Зот қонуни билан қараб кўрайлик. Агар бу йўлга очиқ кўз ва холис қалб билан боқилса, дунёнинг бирор адолатли қомуси аёлни Исломдагичадик юқори мартабага кўтармаганини кўрамиз..

  Ўзимиз даъво қилган қадриятга уни рад этувчи одамлар кўзойнаги билан боқишимиз – алданиш ортидаги қурбонлик эмасми?

   Уммат қизларига “дин шу”, дея кўрсатилган ёлғонлар ғурури бор кишининг шунчаки томошабин бўлиб ўтиришига изн бермайди. Ҳаммамиз биламиз, дин қайсидир замонда бузилиш учун эмас, кейингиларга ҳам мерос бўлиш учун келган омонатдир. Бизга у етиб келиш учун умрини тиккан аждодларимиз бор. Уларни тарих саҳифаларига кўмиб, қадрларини шеър ва нашидлар билан ўлчаб қўйиш адолатданми?…

Ўтган 14 аср-ку майли, 100 йил аввал ҳам “мен мусулмон қизиман”, деганлар бошқача эди… Ёки биз динни улардан яхшироқ тушуна бошладикми? Даъвомизда ҳақ бўлсак, ўз-ўзимизни тафтиш қилайлик. Динни билган аёл ўзи ким?…

   Динини тушунган аёл ўз Исломини қуллик эмас, азизлик деб билади. У жамиятни бир ўзи эмас, оила номли жамоа билан обод этишни сиёсат қилади, у қадрини бегонага хизмат қилиб, маош олиш эмас, яқинларига фойда бериб, жаннат олиш билан белгилайди, у ўз Исломига умрида Қуръон ўқимаганлар сўзини эмас, омонатдор олимлар илмини манба қилади, у либос ҳақиқатини брендлар билан эмас, танасини сатрлаш билан ўлчайди, у ойнадаги аксига қараб, қиёфасини ўзгартириш эмас, ким бўлиб яратилганини англаш дардида бўлади… Муслима нозик жуссасига тоқатидан зиёд юкларни ортиб олмайди, гўзаллигидан нопок назарларни баҳраманд этмайди, ўзини гуноҳкор хаёллар эрмагига айлантирмайди. Чунки у билади, Ислом аёли арзон хилқат эмас! У жамиятга қайси касб билан фойда бермасин, бахтни энг аввало оилада барпо этади. У адолатни одамлар олдида масъуллик, оила олдида эса ҳуқуқдорлик, дея талқин этмайди. У учун ютуқ – катта давраларда олинган олқиш билан эмас, яқинларидан топилган муҳаббат билан ўлчанади.

   Қизларни бу ҳақиқатлардан тўсиб, ўз ҳавасларингиз қурбонига айлантирмадингизми?… Энди динни калтак қилиб, уларни маломатлаш қанчалик тўғри?…

   Илтимос, қизларни алдаманг… Улар бизга уммат қолдиришдан нафрат қилмасин! Илтимос, Исломга туҳмат қилманг, муслималар ўз динидан юз ўгирмасин…

   Сиз айтаётган таъриф – Ислом йўли эмас, бу жоҳиллар тилида тўқилган ёлғон… Ислом аёлни оила боқувчи бозор эмас, уммат чиқарувчи мадраса деб эъзозлади, бунга эса дунёда саодат, охиратда жаннатлар ваъда қилинди. Ислом аёлларни бўйи етганида эмас, туғилмасиданоқ илмга буюрди. Ислом аёллар илмли бўлишини эркаклар мажбурияти даражасига кўтариб қўйди…

   Исломда оила бахт учун инъом этилган! У аёлни хўрлашга эмас, фақат қадрлашга буюрди, у аёлнинг иззатини эркакнинг ғурури билан белгилаб берди. Ислом аёлни покиза йўл билангина эркакка тутқизиб, сўнг уни “Аллоҳнинг омонати”, дея эътироф этди. Ислом аёл зоти учун фақат адолатни талаб қилади. Бу – дунёга тиз чўккан эмас, дунёни тиз чўктирган юксак аҳлоқли инсонлар йўли…

  Сиз дин деб кўрсатган нарса эса жамият илдизини қуритиш учун тўқилган ёлғон. Агар холис бўлсангиз, қизларимизга Қуръонни, Суннатни, Исломни қайтаринг! Йўлни ҳавасларингиз харитаси билан эмас, Ҳақ нури билан кўрсатинг. Билсангиз, қизлар учун сиздан қоладиган энг катта мерос – Исломдир.

Изоҳ қолдиринг