Намоз: Намоздан кейинги зикр ва дуолар

0

Намоздан кейинги зикр ва дуолар

Намозхон салом бериб намоздан чиққандан кейин Аллоҳни зикр қилиши мустаҳабдир. Бу борада унинг имом, муқтадий ёки ёлғиз намоз ўқиган киши, эркагу аёл ёки муқиму мусофир бўлишининг аҳамияти йўқ. Бу ҳақда талай ҳадислар келган бўлиб, қуйида улардан баъзиларини келтириб ўтамиз:

1 – Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намозларини тугатганларини такбирдан билар эдим»[1]. Ҳадиснинг бошқа бир ривоятида бундай дейилади: «Одамлар фарз намозни тугатганларида овоз чиқариб зикр қилиш Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида бўлган эди… Одамлар намозни тугатганларини овоз чиқариб айтилган зикрларни эшитиб билар эдим»[2]. Мазкур ҳадис такбир (ва бошқа зикрлар)ни овоз чиқариб айтиш жоизлигини кўрсатади.

Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ мазкур ҳадис шарҳида айтади: «Ушбу ҳадис фарз намозлардан кейинги такбир ва зикрларни овоз чиқариб айтиш мустаҳаб деган баъзи салаф уламоларнинг фикрига далил бўлади. Буни мутааххир (яъни салаф уламолардан кейинги) уламолардан Ибн Ҳазм Зоҳирий мустаҳаб санаган. Ибн Баттол ва бошқаларнинг нақл қилишларича, кенг тарқалган мазҳаблар уламолари ва бошқа уламолар зикр ва такбирни овоз чиқариб айтиш мустаҳаб эмаслигига иттифоқ қилганлар»[3].

Менимча, очиқ кўриниб турганидек, ҳадис зоҳири такбирни овоз чиқариб айтиш жоизлигини кўрсатади. Шу фикр тўғрироқдир, валлоҳу аълам.

2 – Савбон разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намозни тугатсалар уч марта истиғфор айтар, сўнг: «Эй Аллоҳ, Сен саломсан (яъни ҳар қандай айб-нуқсондан, ёмонликдан, шерикдан саломат ва холи бўлган зотсан), саломатлик фақат Сендан (сўралади ва умид қилинади). Эй улуғворлик ва эҳсон соҳиби, хайр-бараканг мўл-кўл бўлди», дер эдилар»[4].

أَسْتَغْفِرُ اللهَ، أَسْتَغْفِرُ اللهَ، أَسْتَغْفِرُ الله

اللَّهُمَّ أَنْتَ السَّلَامُ وَمِنْكَ السَّلَامُ، تَبَارَكْتَ يَا ذَا الْجَلَالِ وَالْإِكْرَامِ

Ўқилиши: «Астағфируллоҳ, астағфируллоҳ, астағфируллоҳ. Аллоҳумма антас салаам ва минкас салаам. Табаарокта йаа зал жалаали вал икром».

3 – Абдуллоҳ ибн Зубайр разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, у салом бериб намоздан чиққандан кейин қуйидагиларни айтар эди: «Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ. У шериксиз ва ёлғиздир. Ҳамд-сано ва мулк-салтанат фақат Унга хосдир. У ҳар ишга қодирдир. Аллоҳнинг тавқифи ва ёрдамисиз бир ҳолатдан бошқа ҳолатга ўтиш ҳам, ўша ҳолатда давом этиш учун қудрат ҳам йўқдир. Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқдир. Биз фақат Унга ибодат қиламиз. Неъмат, фазл ва чиройли мақтовлар фақат Унинг ўзига хосдир. Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқдир. Биз гарчи кофирлар ёмон кўришса ҳам фақат Унинг ўзига бўйсунамиз, (ихлос ила фақат Унга ибодат қиламиз)». Абдуллоҳ ибн Зубайр айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар намоз ортидан шу сўзларни айтар эдилар»[5].

لا إلهَ إلَّا اللهُ وحدَه لا شريكَ له، له المُلكُ وله الحمدُ وهوعلى كلِّ شيءٍ قديرٌ، لا حولَ ولا قوَّةَ إلَّا باللهِ، لا إلهَ إلَّا اللهُ، ولا نعبُدُ إلَّا إياهُ، له النِّعمةُ وله الفضلُ، وله الثَّناءُ الحسَنُ، لا إلهَ إلَّا اللهُ مُخلِصينَ له الدِّينَ ولوكرِهَ الكافرونَ

Ўқилиши: «Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳуу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду, ва ҳува алаа кулли шайъин қодийр. Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллааҳ. Лаа илааҳа иллаллоҳ. Ва лаа наъбуду иллаа иййааҳ. Лаҳун неъмату ва лаҳул фазлу ва лаҳус санааул ҳасан. Лаа илааҳа иллаллоҳ. Мухлисийна лаҳуд дийна ва лав кариҳал каафируун».

4 – Муғира ибн Шуъба разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар фарз намоз ортидан: «Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ. У шериксиз ва ёлғиздир. Ҳамд-сано ва мулк-салтанат фақат Унга хосдир. У ҳар ишга қодирдир. Эй Аллоҳ, Сен берган нарсани ман қилувчи, Сен ман қилган нарсани берувчи йўқ. Салтанат ва бойлик эгасининг салтанати ва бойлиги унга охиратда Сенинг азобингдан қутулиб қолишда фойда бермайди», дер эдилар»[6].

لا إلهَ إلَّا اللهُ وحدَه لا شريكَ له، له المُلكُ، وله الحمدُ، وهو على كلِّ شيءٍ قديرٌ، اللهمَّ لا مانعَ لِما أعطَيْتَ، ولا مُعْطيَ لِما منَعْتَ، ولا ينفَعُ ذا الجَدِّ منك الجَدُّ

Ўқилиши: «Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳуу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду, ва ҳува алаа кулли шайъин қодийр. Аллоҳумма лаа маанеъа лимаа аътойта ва лаа муътийа лимаа манаъта, ва лаа янфаъу залжадди минкал жадду».

5 – Уқба ибн Омир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам менга ҳар фарз намоз ортидан «муаввизатайн» – Фалақ ва Нос сураларини (бошқа бир ривоятда: «муааввизот» – Ихлос, Фалақ ва Нос сураларини) ўқишга буюрдилар»[7].

 بِسْمِ اللّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ

قُلْ هُوَ اللَّـهُ أَحَدٌ ﴿١﴾ اللَّـهُ الصَّمَدُ ﴿٢﴾ لَمْ يَلِدْ وَلَمْ يُولَدْ ﴿٣﴾ وَلَمْ يَكُن لَّهُ كُفُوًا أَحَدٌ ﴿٤﴾

Ихлос сураси

  1. Эй Пайғамбар, айтинг: Аллоҳ улуҳиятда (ибодатга лойиқликда), рубубиятда (оламни бошқаришда), исм ва сифатларида танҳодир, буларда ҳеч ким унга шерик эмасдир.

  2. Аллоҳ улуғлик, буюклик, олийлик сифатларида энг комил зот, бандалар барча ҳожат ва истакларини сўраб ёлғиз Унга юзланадилар.

  3. Унинг боласи ҳам, отаси-онаси ҳам, жуфти ҳам йўқ.

  4. Бандаларидан бирон кимса Унга исмларида, сифатларида ва ишларида ўхшамайди. Унинг тенги йўқдир. У энг олий ва муқаддас зотдир.

بِسْمِ اللّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ

قُلْ أَعُوذُ بِرَبِّ الْفَلَقِ ﴿١﴾ مِن شَرِّ مَا خَلَقَ ﴿٢﴾ وَمِن شَرِّ غَاسِقٍ إِذَا وَقَبَ ﴿٣﴾ وَمِن شَرِّ النَّفَّاثَاتِ فِي الْعُقَدِ ﴿٤﴾ وَمِن شَرِّ حَاسِدٍ إِذَا حَسَدَ ﴿٥﴾

Фалақ сураси

  1. Эй Пайғамбар, айтинг: «Мен тонгнинг Парвардигоридан қуйидагилардан паноҳ тилайман ва ҳимоя сўрайман:

  2. Барча махлуқотларнинг ёмонлиги ва зараридан;

  3. Зулматга чўмган қоронғи туннинг ёмонлигидан ҳамда тунда бўладиган ёмонлик ва азиятлардан;

  4. Сеҳр мақсадида туккан тугунларига дам соладиган сеҳргар аёлларнинг ёмонлигидан;

  5. Аллоҳ одамларга ато этган неъматларга ҳасад қилиб, уларнинг завол топишини, эгаларига эса зарар етишини истайдиган ҳасадгўйнинг ёмонлигидан”.

بِسْمِ اللّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ

قُلْ أَعُوذُ بِرَبِّ النَّاسِ ﴿١﴾ مَلِكِ النَّاسِ ﴿٢﴾ إِلَـهِ النَّاسِ﴿٣﴾ مِن شَرِّ الْوَسْوَاسِ الْخَنَّاسِ ﴿٤﴾ الَّذِي يُوَسْوِسُ فِي صُدُورِ النَّاسِ ﴿٥﴾ مِنَ الْجِنَّةِ وَالنَّاسِ ﴿٦﴾

Нос сураси

  1. Эй Пайғамбар, айтинг: «Мен васваса қилувчининг ёмонлигини қайтаришга ёлғиз Ўзи қодир бўлган зот – одамларнинг Парвардигоридан;

  2. Одамларнинг подшоҳи, барча ишларида тасарруф қилувчи, улардан беҳожат бўлган зотдан;

  3. Одамларнинг Ундан ўзга ҳақ маъбуд йўқ бўлган ягона илоҳидан;

4-6. Ғафлат пайтида васваса қиладиган ва Аллоҳ зикр этилганда қочиб беркинадиган, одамларнинг кўнглига ёмонлик ва шак-шубҳалар сочадиган инсу жиндан бўлган шайтонларнинг ёмонлигидан паноҳ тилайман ва ҳимоя сўрайман»[8].

6 – Муоз разияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни унинг қўлидан тутдилар ва: «Эй Муоз, мен сени яхши кўраман», дедилар. Муоз деди: «Ота-онам сизга фидо бўлсин, мен ҳам сизни яхши кўраман!» Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Эй Муоз, мен сенга қаттиқ тайинлаб айтаманки, ҳар бир (фарз) намоз ортидан мана бундай дейишни канда қилма: «Эй Аллоҳ, Сени зикр қилишда, Сенга шукр ва чиройли ибодат қилишда менга ёрдам бер»[9].

اللَّهُمَّ أَعِنِّي عَلَى ذِكْرِكَ، وَشُكْرِكَ، وَحُسْنِ عِبَادَتِكَ

Ўқилиши: «Аллоҳумма аъинний алаа зикрика ва шукрика ва ҳусни ибаадатик».

7 – Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким ҳар (фарз) намоздан кейин ўттиз уч марта Аллоҳга тасбеҳ айтса, ўттиз уч марта Аллоҳга ҳамд айтса, ўттиз уч марта Аллоҳга такбир айтса, ҳаммаси бўлиб тўқсон тўққиз марта айтса-ю, сўнг юзинчисида «Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ. У шериксиз ва ёлғиздир. Ҳамд-сано ва мулк-салтанат фақат Унга хосдир. У ҳар ишга қодирдир», деса, гуноҳлари гарчи денгиз кўпиклари миқдорича бўлса ҳам мағфират этилади»[10].

سُبْحَانَ اللهِ (٣٣)، اَلْحَمْدُ لِلهِ (٣٣)، اَللهُ أَكْبَرُ (٣٣)

لا إلهَ إلَّا اللهُ وحدَه لا شريكَ له، له المُلكُ وله الحمدُ وهوعلى كلِّ شيءٍ قدير

Ўқилиши: «Субҳааналлоҳ (33 марта), алҳамдулиллааҳ (33 марта), Аллоҳу акбар (33 марта). Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳуу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду, ва ҳува алаа кулли шайъин қодийр».

8 – Каъб ибн Ужра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Намоздан кейин кетма-кет айтиладиган сўзлар борки, уларни ҳар фарз намоз ортидан айтган киши ёки (бу ибодатни) бажарган киши муродига етмай қолмайди (ёхуд унинг савобидан бенасиб қолмайди): ўттиз уч марта тасбеҳ, ўттиз уч марта ҳамд ва ўттиз тўрт марта такбир»[11].

سُبْحَانَ اللهِ (٣٣)، اَلْحَمْدُ لِلهِ (٣٣)، اَللهُ أَكْبَرُ (٣٤)

Ўқилиши: «Субҳааналлоҳ (33 марта), алҳамдулиллааҳ (33 марта), Аллоҳу акбар (34 марта)».

9 – Сумай Абу Солиҳдан, у Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Фақир муҳожирлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб: «Бойлар юқори мартабалар ва доимий роҳат-фароғат (диёри бўлмиш жаннатга элтувчи савоблар)ни илиб кетмоқдалар», дедилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Нега ундай дейсизлар?» Муҳожирлар айтдилар: «Улар ҳам биз каби намоз ўқийдилар, биз каби рўза тутадилар, бунга қўшимча садақа улашадилар ва қул озод қиладилар. Биз бўлсак на садақа қила оламиз ва на қул озод қила оламиз!» У зот айтдилар: «Сизларга бир нарсани ўргатайми? Агар уни қилсангизлар, сизлардан ўзиб кетганларга етиб оласизлар, сизлардан кейингилардан эса ўзиб кетасизлар ва сизлар қилган амални қилган кишини ҳисобга олмаганда ҳеч кимса сизлардан афзал бўлолмайди?» Улар: «Ҳа, ўргатинг, ё Расулуллоҳ», дейишди. У зот: «Ҳар (фарз) намоз ортидан Аллоҳга ўттиз уч мартадан тасбеҳ, ҳамд ва такбир айтасизлар», дедилар…».

Ҳадис ровийси Абу Солиҳ Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларини шарҳлаб бундай дейди: «Субҳааналлоҳ, алҳамдулиллаҳ, Аллоҳу акбар», дея, ҳар бирини ўттиз уч мартага етгунча айтасан»[12].

10 – Зайд ибн Собит разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Одамлар ҳар (фарз) намоз ортидан ўттиз уч марта тасбеҳ, ўттиз уч марта ҳамд ва ўттиз тўрт марта такбир айтишга буюрилдилар. Бир ансорий туш кўрди. Тушида бир киши унга: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сизларга ҳар (фарз) намоз ортидан ўттиз уч марта тасбеҳ, ўттиз уч марта ҳамд ва ўттиз тўрт марта такбир айтишга буюрдиларми?» деди. «Ҳа», деди ансорий. «Бу сўзларни йигирма беш мартадан айтинглар ва уларга «таҳлил» (яъни «ла илаҳа иллаллоҳ»)ни ҳам қўшинглар», деди тушдаги киши. Тонг отгач, ансорий Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб, кўрган тушини у зотга айтиб берди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Шундай (яъни тушдаги киши айтгандек) қилинглар», дедилар»[13].

سُبْحَانَ اللهِ (٢٥)، اَلْحَمْدُ لِلهِ (٢٥)، اَللهُ أَكْبَرُ (٢٥) لَا إِلَهَ إلَّا اللهُ (٢٥)

Ўқилиши: «Субҳааналлоҳ (25 марта), алҳамдулиллааҳ (25 марта), Аллоҳу акбар (25 марта), Лаа илааҳа иллаллоҳ (25 марта)».

11 – Солим ибн Абу Бакрадан ривоят қилинади: «Отам намоз ортидан: «Эй Аллоҳ, мен Сендан куфр, фақирлик ва қабр азобидан паноҳ сўрайман», дер эди. Уларни мен ҳам айтадиган бўлдим. Отам: «Ўғлим, буни кимдан ўргандинг?» деди. «Сиздан», дедим. «Ҳа, бу дуони Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ортидан айтар эдилар», деди отам»[14].

اَلَّلهُمَّ إِنِّي أَعُوذُ بِكَ مِنَ الْكُفْرِ وَالْفَقْرِ وَعَذَابِ الْقَبْرِ

Ўқилиши: «Аллоҳумма инний аъуузу бика минал куфри вал фақри ва азаабил қобри».

12 – Саъд ибн Абу Ваққос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у фарзандларига худди муаллим ёш болаларга ёзишни ўргатганидек ушбу сўзларни ўргатар ва: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ортидан бу нарсалардан паноҳ сўрар эдилар», дер эди: «Эй Аллоҳ, мен Сендан бахилликдан паноҳ сўрайман. Мен Сендан қўрқоқликдан паноҳ сўрайман. Мен Сендан энг хор умрга қайтарилишдан – қариб-қартайишдан паноҳ сўрайман. Мен Сендан дунё фитнасидан паноҳ сўрайман. Мен Сендан қабр азобидан паноҳ сўрайман»[15].

اللَّهُمَّ إنِّي أَعُوذُ بكَ مِنَ البُخْلِ، وأَعُوذُ بكَ مِنَ الجُبْنِ، وأَعُوذُ بكَ أنْ أَرَدَّ إلَى أَرْذَلِ العُمُرِ، وَأَعُوذُ بِكَ مِن فِتْنَةِ الدُّنْيَا، وعَذَابِ القَبْرِ

Ўқилиши: «Аллоҳумма инний аъуузу бика минал бухли, ва аъуузу бика минал жубни, ва аъуузу бика ан урадда илаа арзалил умури ва аъуузу бика мин фитнатид дунйаа ва азаабил қобри».

13 – Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким бомдод намозини ўқигандан кейин ўн марта «Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ. У шериксиз ва ёлғиздир. Ҳамд-сано ва мулк-салтанат фақат Унга хосдир. У ҳар ишга қодирдир», деса, Аллоҳ унга ўнта савоб ёзади, ундан ўнта гуноҳни ўчиради, унинг (жаннатдаги) мартабасини ўн даража кўтаради, айтган бу сўзларидан ҳосил бўлган савоб Исмоил алайҳиссалом фарзандларидан иккитасини озод қилганчалик савобга тенг бўлади. Агар бу сўзларни кеч кирганда ҳам айтса, яна шунчалик савоб бўлади ва тонг отдиргунча унга шайтондан парда-тўсиқ бўлади»[16].

لا إلهَ إلَّا اللهُ وحدَه لا شريكَ له، له المُلكُ وله الحمدُ وهوعلى كلِّ شيءٍ قدير

Ўқилиши: «Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳуу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду, ва ҳува алаа кулли шайъин қодийр».

14 – Умму Салама разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдод намозини ўқисалар, салом бериб намозни тугатганларидан сўнг: «Эй Аллоҳ, мен Сендан фойдали илм, мўл-кўл ризқ ва қабул этиладиган амал сўрайман», дер эдилар»[17].

اللهم إني أسألُكَ علمًا نافعًا، ورزقًا واسعًا، وعملًا مُتَقَبَّلًا

Ўқилиши: «Аллоҳумма инний асъалука илман наафеан, ва ризқон ваасеан, ва амалан мутақоббалан».

15 – Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Икки хислат борки, қайси мусулмон киши бу икки хислатга доимий равишда амал қилса, албатта жаннатга киради. Ушбу икки хислатга амал қилиш осон, бироқ уларга доимий амал қиладиганлар кам. (Биринчи хислат) ҳар фарз намоз ортидан ўн марта тасбеҳ, ўн марта ҳамд ва ўн марта такбир айтади. Булар (ҳаммаси бўлиб бир кеча-кундузда) тилда юз эллик марта, (қиёмат куни) тарозида эса бир минг беш юз марта бўлади (Чунки бир яхши амалга энг камида ўн баробар савоб берилади. Иккинчи хислат эса) ухламоқчи бўлиб тўшагига ётганида ўттиз тўрт марта такбир, ўттиз уч марта ҳамд ва ўттиз уч марта тасбеҳ айтади. Уларнинг йиғиндиси тилда юз марта, (қиёмат куни) тарозида эса минг мартадир». Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни бармоқлари билан уларни санаганларини кўрдим. Саҳобалар айтишди: «Ё Расулуллоҳ, қандай қилиб уларни айтиш осон бўлади-ю, уларга амал қиладиганлар кам бўлади?» Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бировингиз тўшагига ётганида шайтон унинг олдига келади ва мазкур зикрларни айтишидан олдин ухлатиб қўяди, шунингдек, намоз ўқиётганида олдига келиб, унга дунё ишларини эслатади, натижада намоздан кейин уларни айтишни унутади»[18].

سُبْحَانَ اللهِ (١٠)، اَلْحَمْدُ لِلهِ (١٠)، اَللهُ أَكْبَرُ (١٠)

Ўқилиши: «Субҳааналлоҳ (10 марта), алҳамдулиллааҳ (10 марта), Аллоҳу акбар (10 марта)».

Мавзуга оид мулоҳазалар:

  1. Кўп жойларда намоздан кейин намозхонлардан бири Оятул курсий ва бошқа тасбеҳларни овоз чиқариб айтиб туради, қолганлар эса унинг ортидан бу зикрларни ичларида айтишади. Намоздан кейинги зикр ва дуоларни бу кўринишда айтиш бидъат саналиб, шариатда унинг жоизлигини кўрсатадиган бирон далил келмаган.

  2. Зикрларни тасбеҳ ёрдамида айтиш тўғрисида келган асарлар (яъни саҳоба ва тобеинлардан келган сўзлар)нинг барчаси ҳужжатликка ярамайдиган заиф асарлардир. Уларни бармоқлар ёрдамида айтган афзал бўлади. Чунки бармоқлар қиёмат кунида гапиртирилади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам баъзи аёлларга: «... Зикрларни бармоқлар билан сананглар. Зеро, бармоқлар (қиёмат куни унинг ёрдамида қилинган яхши ва ёмон амалларни айтиб бериши учун) сўроққа тутилади ва гапиртирилади»[19], деганлар. Қолаверса, Ибн Амр разияллоҳу анҳумодан «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни тасбеҳларни (бир ривоятда: «ўнг қўллари билан» деган қўшимча келган) санаётганларини кўрдим», деган гапи собит бўлган[20].

  3. Намоздан кейинги зикр ва дуоларни айтиб бўлгач қўлни юзга суришни одат қилиб олиш жоиз эмас.

  4. Кўпчилик намозхонлар ҳар намоздан кейин бир бирлари билан қўл бериб кўришадилар, бирлари «ҳараман» (Масжиди Ҳаромда ўқилган намознинг савобини насиб қилсин) деса, бошқалари унга жавобан «жамъан» (барчамизга насиб қилсин), деган сўзларни айтишади. Бу каби одатлар шариатимизда бирон асосга эга бўлмаган, тарк этилиши лозим бўлган бидъат амаллардандир.

  5. Айрим намозхонлар намоз тугагандан кейин дуо қилиш учун ёки «шукр саждаси»ни ният қилиб алоҳида сажда қиладилар. Албатта, бу бидъат амалдир. Зеро, бундай қилиш жоиз ва яхши иш бўлганида Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар қилган бўлар эдилар.

  6. Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ айтади: «Фарз намозлардан кейин қўл кўтариб дуо қилиш на Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ва на саҳобалардан нақл қилинган. Шунга кўра, кўпчилик намозхонларнинг фарз намозлардан кейин қўл кўтариб дуо қилишни одат қилиб олишлари бидъат амалдир»[21].

Абу Умома разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисга келсак, унинг санади заифдир. Унда келишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан «Қайси дуо қабул бўлишга ҳақлироқдир?» деб сўралганда у зот: «Кечанинг охирги қисмида ва фарз намозлар ортидан қилинган дуо», деб жавоб берганлар. Агар мазкур ҳадисни саҳиҳ деб фараз қилинганида ҳам, унда бу вақтларда қилинган дуода қўл кўтариш айтилмаган. Шунга кўра, ҳадисдаги «фарз намозлар ортидан» деган иборадан намоздаги ташаҳҳуд ва салавотлардан кейинги, салом беришдан олдинги вақт кўзда тутилган бўлади.

[1] Бухорий (842) ва Муслим (583) ривояти.
[2] Бухорий (841) ва Муслим (583) ривояти.
[3] «Шарҳу саҳиҳи Муслим», 5/84.
[4] Муслим (591), Абу Довуд (1513), Термизий (300), Насоий (3/68), Ибн Можа (928) ривояти.
[5] Муслим (594), Абу Довуд (1507), Насоий (3/70), Аҳмад (4/4) ривояти.
[6] Бухорий (6330), Муслим (593), Абу Довуд (1505), Насоий (3/71) ривояти.
[7] Саҳиҳ. Абу Довуд (1523), Термизий (2903), Насоий (3/68) ривояти. Абу Довудга оид ривоятда «муаввизот» дейилган.
[8] Суралар тафсири «Тафсири муяссар» китобидан олинди. Арабчадан Исмоил Ёқуб таржимаси. «Ихлос» нашриёти, 2021 йил, Истанбул.
[9] Саҳиҳ. Абу Довуд (1522), Насоий (3/53), Ибн Хузайма (751), Ибн Ҳиббон (2020), Ҳоким (1/273) ривояти. Ҳадисни Ҳоким икки шайх – Бухорий ва Муслим шартига мувофиқ саҳиҳ деган, Заҳабий унинг бу фикрини маъқуллаган.
[10] Муслим (597), Насоий («Амал ал-явми вал-лайлати», 143), Аҳмад (2/371) ривояти.
[11] Муслим (596), Термизий (3412), Насоий (3/75) ривояти.
[12] Бухорий (843, 6329), Муслим (595) ривояти.
[13] Саҳиҳ. Термизий (3413), Насоий (3/76), Ибн Хузайма (752), Ибн Ҳиббон (2017) ривояти.
[14] Саҳиҳ. Насоий (3/73), Аҳмад (5/44), Ҳоким (1/252) ривояти. Ҳадисни Ҳоким Муслим шартига мувофиқ саҳиҳ деган, Заҳабий унинг бу фикрини маъқуллаган.
[15] Бухорий (2822, 6365, 6390), Термизий (3567), Насоий (8/256) ривояти.
[16] Саҳиҳ. Хатиб (12/389) Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан, Аҳмад (5/415) Абу Айюб разияллоҳу анҳудан ривоят қилишган. Абу Айюб разияллоҳу анҳунинг ҳадисида «Исмоил алайҳиссалом фарзандларидан тўртасини» ҳамда «агар бу сўзларни шомдан кейин ҳам шунга ўхшаш айтса» деган иборалар билан келган. Шунингдек, ҳадисни Аҳмад ва Термизий Абдураҳмон ибн Ғунмдан ривоят қилишган бўлиб, унда «оёқларини букишидан олдин» деган қўшимча бор. Бироқ бу ҳадис ровийлари ичида Шаҳр ибн Ҳавшаб бор бўлиб, у сабабли ҳадис «музтариб» (заифнинг бир тури) бўлган. Қаранг: Албоний. «Ас-силсилат ас-саҳиҳа», 113.
[17] ИБн Можа (925), Табароний («Ас-сағир», 2/36, «жаййид» санад билан), Аҳмад (6/294), Ибн Абу Шайба (6/33) ривояти.
[18] Саҳиҳ. Термизий (3410), Абу Довуд (5065), Ибн Можа (926) ривояти.
[19] Саҳиҳ. Абу Довуд (1501), Термизий (3582) ривояти. Ҳадисни Ҳоким ва Заҳабий саҳиҳ, Нававий эса ҳасан деган. Ойша разияллоҳу анҳодан ушбу ҳадис мазмунини қувватлайдиган «мавқуф» асар (саҳобийнинг сўзи) келган.
[20] Саҳиҳ. Абу Довуд (1502), Термизий (3411), Насоий (3/79) ривояти. Шайх Бакр Абу Зайд юқорида келтирилган қўшимчанинг «шоз» (заиф) эканини тўғрироқ деб билган. Бошқа бир ривоятда «икки қўллари билан» дейилган. Шунга кўра, Шайх Абу Зайд тасбеҳларни ҳар икки қўл билан санашни жоиз деб билган.
[21] «Ал-фатово», 1/74.

Изоҳ қолдиринг