Таъзия қабул қилиш учун ўтириш (1)

0

227 – Таъзия қабул қилиш учун ўтириш

«Маййит аҳлининг каттаю кичигига таъзия билдириш, бошларига тушган мусибатларига юпанч бўлиш, чиройли сабр қилишлари ва мусибатни кўтаришларида уларга ёрдамчи бўлиш суннатдир. Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Ким мусибатзадага таъзия билдирса, унинг ажридек ажрга эга бўлади[1]. Термизий: “Ғариб ҳадис”, деган. Ибн Можа ривоят қилган ҳадисда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Қай бир мўмин биродарига мусибат сабабли таъзия билдирса, Аллоҳ унга қиёмат кунида олижаноблик либосини кийдиради[2]. Ҳадис санадида заифлик билан айбланган ансорийлар мавлоси Қайс Абу Умора Форисий бўлса-да, таъзия бобида келган ҳадислар тўплами бир-бирини қувватлаши боис мазкур ҳадисни ҳам ҳужжатликка яроқли қилади. Натижада ушбу ҳадисга кўра, таъзия учун махсус ўтирмаган ва тўпланмаган ҳолатда таъзия билдириш шариатга мувофиқ экани маълум бўлади.

Таъзия қабул қилиш учун ўтириш ва бир ё бир неча кун тўпланиш макруҳдир. Чунки на Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва на рошид халифалар ундай қилганлари айтилган. Қолаверса, маййит аҳли бир ё бир неча кун таъзия қабул қилиш учун ўтириши, таъзия билдирувчилар ҳам уларнинг ҳузурида тўпланиши хафалик қайталаниши, янгиланиши ва аҳли маййит ўзларининг юмушларидан қолишига сабаб бўлади»[3].

Нававий айтади: «Шофеий ва мазҳабимизнинг бошқа уламолари: “Таъзия учун ўтириш макруҳ”, деганлар»[4].

«Чунки у кейинчалик пайдо қилинган бидъатдир. Қолаверса, хафаликни янгилайди, таъзия билдирувчи такаллуф қилишига сабаб бўлади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга Зайд ибн Ҳориса, Жаъфар ва Ибн Равоҳанинг ўлдирилгани хабари келганида у зот масжидда ўтирганлари, юзларида хафалик аломатлари кўрингани ҳақида Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисга келсак[5], Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мазкур ўтиришлари одамлар у зот олдиларига келиб таъзия билдиришлари учун бўлган, деб тушунмаймиз. Бу маънога далолат қиладиган бирор ҳадис келмаган»[6].

Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Маййит аҳлига таъзия билдириш Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қилган ишлардан эди.

Азага тўпланиш, маййитга атаб на қабрда ва на бошқа жойда Қуръон тиловат қилиш у зот саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ишларидан бўлмаган. Буларнинг барчаси янги пайдо қилинган макруҳ бидъатлардир»[7].

Тартуший раҳимаҳуллоҳ айтади: «Моликий уламоларимиз айтадилар: “Таъзия учун махсус ўтириш бидъат ва макруҳдир. Таъзия учун атайдан ўтирмай, балки уйида ё масжидда хафа бўлиб ўтирса, бунинг зарари йўқ. Чунки ҳадисда: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга Жаъфар разияллоҳу анҳуниг вафоти хабари келганида хафа ҳолатда масжидда ўтирдилар, одамлар у зотга таъзия билдиришди», дейилган[8]. Мотам йиғинларига келсак, уламолар ижмоси билан ман этилади. Шофеий деди: «Мотамларни ёмон кўраман. Уларда эркак ва аёллар йиғилади ва хафалик янгиланади». «Мотам» деб таъзия учун нонуштага тўпланиш айтилади. Бу иш ёмон бидъатлардандир. Салафлардан бу борада бирор хабар нақл қилинмаган.

Шунингдек, мотамдан сўнг иккинчи, учинчи, еттинчи кунлари, ой ва йил тўлган кунлари йиғилиш каби ишлар улкан офатдир. Менга етиб келишича, мусулмонлар имомларидан бўлган Шайх Абу Имрон ал-Фосийнинг дўстларидан бири мотамга боргани учун шайх у билан икки ойдан ортиқ муддат алоқани узади. Охири у бир кишини ўртага қўйганидан сўнг шайх унинг узрини қабул қилади ва алоқани тиклайди. Ўйлашимча, уни бу ишга қайтмасликка тавба қилдирган. Мотамларда ёқиладиган шам ва тутатқиларга келсак, булар молни беҳуда исроф қилишдир. Агар васий мерос пулидан сарфласа, тўлаб беради, одиллик сифатидан мосуво бўлади ва ҳоким васийлик ишини қайта кўриб чиқишга амр этади. Ибн Саммок айтади: «Обидларнинг биридан: “Нега азада тўпланиш «мотам» деб аталган?” деб сўрадим. У йиғлади, сўнг: «Одамлар унинг сабабидан аза учун тўпланишган кимса (яъни маййит) абадий қолмагани учун», деб жавоб берди”»[9].

[1] «Сунан ат-Термизий», 1073-ҳадис.

[2] «Сунани Ибн Можа», 1601-ҳадис.

[3] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 9/139-140, 2618-фатво, биринчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида.

[4] «Ал-азкор», 202-бет.

[5] Бухорий (1299) ва Муслим (935) ривояти.

[6] Ибн Аллон Шофеий (вафоти: 1057 ҳ.). «Ал-футуҳот ар-раббонийя», 4/142-143. «Эҳё ат-турос ал-арабий» нашри, нашр йили кўрсатилмаган.

[7] «Зод ал-маод», 1/508.

[8] Мўминлар онаси Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга Зайд ибн Хориса, Жаъфар ибн Абу Толиб ва Абдуллоҳ ибн Равоҳанинг ўлими хабари келганида, у зот ўтириб олдилар. Юзларида хафалик асорати кўринар эди. Мен у зотга эшик тирқичидан қараб турар эдим. Шу пайт бир киши келиб, Жаъфарнинг аёллари йиғлаётгани ҳақида хабар берди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам у кишига ўша аёлларни йиғидан ман этишни буюрдилар. У кетди. Сўнг иккинчи марта қайтиб келиб, аёллар итоат қилмаганини айтди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам яна: “Уларни йиғидан қайтар”, дедилар. У одам учинчи марта қайтиб келди ва: “Аллоҳга қасамки, у аёллар бизни енгдилар”, деди». (Ровий айтади:) «Ойша разияллоҳу анҳо гумон қилишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам у кишига: “Уларнинг оғизларига тупроқ соч”, дедилар». (Ойша айтади:) «Шунда мен унга бундай дедим: “Аллоҳ бурнингни ерга ишқасин! На Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрган ишни бажардинг ва на Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни (бу иш қўлингдан келмаслигини, ўрнингга бошқа одам юборишларини у зотга айтиш билан) машаққатдан халос этдинг”». Бухорий (1299) ва Муслим (935) ривояти.

[9] «Ал-ҳаводис вал-бидаъ», 327-335-бетлар, 301, 308, 309 ва 310-рақамлар.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг