Эй иймон келтирганлар (80): Куфр диёридан Ислом диёрига ҳижрат қилган муҳожир аёллар ҳукми ва эрлари билан қандай муомала қилишлари баёни

0

Эй иймон келтирганлар, агар мўмина аёллар куфр диёридан Ислом диёрига ҳижрат қилиб келсалар, иймонлари ростлигини билиш учун уларни имтиҳон қилинг. Аллоҳ уларнинг иймонлари ҳақиқатини яхши билади. Агар сизлар уларнинг мўмина эканлигини билсангиз, уларни кофир эрларига қайтарманг. Мўминалар кофирларга турмушга чиқишлари ҳалол эмас. Кофирлар мўминаларга уйланишлари ҳалол эмас. Исломга кирган аёлларнинг кофир эрларига улар учун сарфлаган маҳрларини беринглар. Ўша аёлларга маҳрларини бериб уйланишингизда сизлар учун гуноҳ йўқдир. Кофир хотинларингизни никоҳингизда ушлаб турманг ва Исломдан муртад бўлиб, кофирларга қўшилиб кетган хотинларингизга берган маҳрларингизни мушриклардан талаб қилинг. Улар ҳам Исломга кириб, сизларга келиб қўшилган хотинларига берган маҳрларини талаб қилсинлар. Бу ҳукм Аллоҳнинг ҳукмидир. У шу билан сизларнинг ўртангизда ҳукм қилади. Аллоҳ Билувчи, Ҳаким зотдир. Агар хотинларингиздан баъзилари муртад бўлиб, кофирларга бориб қўшилса ва кофирлар у хотинларга берган маҳрларингизни сизларга бермасалар, кейин сизлар кофирлар билан урушиб, улар устидан ғолиб бўлсангиз, хотинлари кетиб қолган мусулмонларга улар сарфлаган маҳр миқдорича маблағни ўша урушдан тушган ўлжадан беринглар ва ўзингиз иймон келтирувчи бўлган Аллоҳдан қўрқинглар” (Мумтаҳана, 10-11).

Шарҳ:

Ҳурматли ўқувчи, навбатдаги бу илоҳий нидо ҳам бир сабаб билан нозил бўлган. Ҳижратнинг олтинчи йили Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан мушриклар ўртасида сулҳ тузилди. Сулҳ бандларидан бирида Маккадан Мадинага Расулуллоҳ ҳузурларига қочиб келган киши гарчи динини сақлаш учун ҳижрат қилган мусулмон бўлса ҳам уни Маккага қайтариб юбориш, аммо мушриклардан бирон киши Мадинадан Маккага қочган бўлса уни қайтармаслик ҳақида ёзилган, бироқ бу бандда аёллар ҳақида бирон нарса ёзилмаган эди. Шу аснода Уқба ибн Абу Муитнинг қизи Умму Гулсум Маккадан Мадинага ҳижрат қилиб келди. Кетидан акалари Аммор ва Валид уни яна Қурайшга қайтариш учун етиб келишди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳудайбия сулҳида бундай банд бўлмагани учун муҳожир аёлни акаларига қайтариб бермадилар. Шунда ушбу нидо нозил қилинди:

Эй иймон келтирганлар”, яъни Аллоҳни Раб ва ягона ҳақ илоҳ, Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламни пайғамбар ва расул, Исломни дин ва шариат деб иймон келтирган эй мўминлар!

Агар мўмина аёллар ҳузурингизга ҳижрат қилиб келсалар”, яъни куфр диёридан Ислом диёрига келсалар, “иймонлари ростлигини билиш учун уларни имтиҳон қилинг. Аллоҳ уларнинг иймонлари ҳақиқатини яхши билади. Агар сизлар уларнинг мўмина эканлигини билсангиз”, яъни гумонларингиз кўпроқ уларнинг чин мўмина эканига кетса, “уларни кофир эрларига қайтарманг”. Имтиҳоннинг кўриниши шундайки, муҳожир аёлга: “Аллоҳга қасам ич, яъни Ундан ўзга ҳақ маъбуд бўлмаган Аллоҳга қасам ичиб айтаманки, мен Исломга рағбатим туфайлигина ҳижрат қилиб келдим. Эримни ёмон кўрганим ё бу диёрдаги мусулмон кишини севганим учун келмадим, деб айт”, дейилади.

Мўминалар кофирларга турмушга чиқишлари ҳалол эмас. Кофирлар мўминаларга уйланишлари ҳалол эмас”. Чунки Ислом мушрика аёлларни никоҳлаб олиш ва мушрик эркакка муслима аёлни никоҳлаб беришни ҳаром қилиш билан бундай эр-хотинлик риштасини узиб ташлади. Шунинг учун муҳожир мўмина аёлларни кофир эрларига қайтариб беришга Аллоҳ изн бермади.

Аллоҳ таоло: “Исломга кирган аёлларнинг кофир эрларига улар учун сарфлаган маҳрларини беринглар” сўзи билан, агар мушрик эр мўмина хотинидан берган маҳрини талаб қилиб келса, сарфлаган ўша маҳрни сизлар тўлаб беринг, деди. Мушрик эр мўмина аёлига сарфлаган маҳрни мусулмонлар имоми ёки мусулмон жамоаси тўлаб беради.

Оят давомида Аллоҳ таоло: “Ўша аёлларга маҳрларини бериб уйланишингизда сизлар учун гуноҳ йўқдир”, деди. Никоҳнинг маҳрдан бошқа шартларига ҳам тўлиқ риоя қилган ҳолда, албатта. Шартлар эса, биринчи навбатда валий бўлиши, агар аёлнинг валийси бўлмаса қози валий бўлади. Шаҳарда шаръий қози бўлмаса қариндошлари ичидаги эътиборли киши валийликка ўтади. Никоҳ дуруст бўлишининг яна бир шарти турмушдан чиққан аёл бўлса иддасининг тугаши. Идда тугагачгина бошқа турмуш қуриши жоиз бўлади.

Кофир хотинларингизни никоҳингизда ушлаб турманг”. Яъни агар эр Исломни қабул қилиб мусулмон бўлса, хотин эса мушрика ҳолида қолса, улар ўртасидаги эр-хотинлик риштаси узилади ва мушрика аёл мусулмон бўлган эрига ҳаром бўлиб қолади. Шунингдек, муслима аёл диндан қайтиб муртад бўлса ва куфр диёрига кетиб қолса, ўртадаги эр-хотинлик риштаси узилади ва бундай аёлни хотин қилиб ушлаб туриш ҳалол бўлмайди. Бунинг фойдаси шуки, агар киши никоҳида тўртта хотин бўлса, хотинларидан бирининг муртад бўлиши ёки эр мусулмонликни қабул қилиб хотин мушрикалигича қолиши билан эр-хотинлик риштаси узилади ва киши унинг ўрнига бошқа аёлга уйланиши мумкин бўлади. Бу мумкинлик Аллоҳ таолонинг: “Кофир хотинларингизни никоҳингизда ушлаб турманг”, сўзидан келиб чиқди. Никоҳ боғланган ҳолда қолиши хотин бошқа эрга тегиб кетишини ман қилади, яъни бошида эри бор аёл бошқа эрга турмушга чиқиши ҳаромдир.

Аллоҳ таоло деди: “Исломдан муртад бўлиб, кофирларга қўшилиб кетган хотинларингизга берган маҳрларингизни мушриклардан талаб қилинг”, яъни муртад бўлиб кетган хотиндан унга берган маҳрингизни қайтаришини талаб қилинг. ”Улар ҳам Исломга кириб, сизларга келиб қўшилган хотинларига берган маҳрларини талаб қилсинлар”, яъни мушриклар ҳам Исломни қабул қилиб мўмина бўлган ва сизлар яшаётган диёрга ҳижрат қилиб келган собиқ хотинларига берган маҳрни талаб қилсинлар.

Бу ҳукм Аллоҳнинг ҳукмидир. У шу билан сизларнинг ўртангизда ҳукм қилади”, сизлар буни чин дилдан қабул қилинг ва Аллоҳнинг ҳукмига рози бўлиб, таслим бўлинг. Зеро, бу ҳукм адолатли, меҳрибон Зот тарафидан чиқарилган ҳукмдир.

Аллоҳ Билувчи, Ҳаким зотдир”, яъни бандаларининг аҳволини, уларнинг эҳтиёжларини билувчи, улар устида чиқарадиган ҳукмида ҳикмат соҳибидир. Буни уларга баён қилиб берган. Шундай бўлгач, бандалар ҳукмни Аллоҳга топширсинлар ва ҳукмига рози бўлсинлар. Зеро, бу ҳукмлар барча учун манфаат асосига қурилгандир.

Бу илоҳий нидодаги Аллоҳ таолонинг ушбу сўзига келсак: “Агар хотинларингиздан баъзилари муртад бўлиб, кофирларга бориб қўшилса ва кофирлар у хотинларга берган маҳрларингизни сизларга бермасалар, кейин сизлар кофирлар билан урушиб, улар устидан ғолиб бўлсангиз, хотинлари кетиб қолган мусулмонларга улар сарфлаган маҳр миқдорича маблағни ўша урушдан тушган ўлжадан беринглар”. Яъни муртад бўлиб кофирлар тарафига ўтиб кетган хотинларингиз – бундай бўлишидан Аллоҳдан паноҳ тилаймиз – берган маҳрингизни қайтаришдан бош тортсалар, сўнг кофирлар билан жангда зафар қучиб, ғаниматлар қўлга киритсангизлар, уни тақсимлашдан олдин хотини куфр диёрга кетиб қолган ва берган маҳрини қайтармаган мусулмон биродарингизга улар сарфлаган нафақа миқдорича беринглар. ”Ва ўзингиз иймон келтирувчи бўлган Аллоҳдан қўрқинглар”. Яъни Унинг азобидан қўрқинглар, буюрган ва ман этган барча ишларда осийлик қилмай, Унга итоат этинглар. Бу илоҳий нидода сизларга бирма-бир баён этган адолат, раҳмат ва кўп яхшиликлар бўлган ҳукмларни ҳаётингизга татбиқ қилинглар.

Ҳурматли ўқувчи, ушбу нидодан қуйидаги хулосаларни оламиз:

  • Муҳожир бўлиб келган аёлларни имтиҳон қилиш вожиблиги. Уларнинг мусулмонлиги маълум бўлса, кофир эрларига қайтаришнинг ҳаром экани.

  • Мушрика аёлга никоҳланиш ҳаром экани.

  • Мушрика аёлни хотин қилиб ушлаб туриш жоиз эмаслиги.

  • Кимнинг хотини кофирлар тарафга кетиб қолса ва берган маҳрини қайтармаса, сўнг сизлар уларга қарши жанг қилиб ғаниматлар қўлга киритсангиз, ҳар кимнинг улушини тақсимлашдан олдин ҳалиги одамга берган маҳри мислича беринглар. Агар ғаниматлар қўлга киритмасангиз, унда мусулмонлар жамоаси ёки уларнинг имоми беради.

  • Аллоҳ таолонинг шариатини ҳаётга татбиқ қилиш ва ҳукмларига рози бўлиш билан Аллоҳдан тақво қилишнинг вожиблиги.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг