Абу Бакр разияллоҳу анҳу: Ярмук жанги

0

Ажнодайн жангида румликлар устидан қўлга киритилган буюк зафардан сўнг мусулмон қўшинлар Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳунинг буйруғига кўра Ярмукда йиғилдилар. Рум қўшинлари Ҳирақлнинг иниси Теодор бошчилигида ҳаракатланиб, Ярмук яқинидаги Воқуса деган ерга келиб тушди. Бу ер жанг қилишга қулай, кенг ва текис бир майдон эди, орқа томони аскарларнинг ортга қочишларига имкон бермайдиган торлик эди.

Икки томоннинг ҳарбий салоҳияти

Мусулмон қўшини қирқ минг кишидан ташкил топганди. Бош қўмондон Холид ибн Валид эди.

Рум қўшини икки юз қирқ минг аскардан ташкил топганди. Румликларнинг бош қўмондони Теодор эди.

Жанг арафасида

Мусулмонлар Холид ибн Валид бошчилигида Ярмукка келиб тушдилар. Румликлар дарёнинг жанубий қирғоғига ўрнашган эди. Уларнинг ҳолатини ўрганган Амр ибн Ос мусулмонларга хитоб қилиб: «Эй одамлар, хурсанд бўлаверинг. Қасамки, румликлар қамалга олинди. Қамалга олинганларнинг ғалаба қозониш имконияти жуда кам бўлади», деди.

Холид ибн Валид бу урушда араблар илгари ҳеч қўлламаган янги жанг услубини қўллади. Яъни қўшинни бўлинмаларга бўлиб чиқди. Қўшин жами қирққа яқин бўлинмага бўлинди. У қўшинни қуйидаги кўринишда тартиблади:

Қисмлар. Улар ўндан йигирмагача бўлинмадан ташкил топган бўлиб, бир амир қўли остига бириктирилган эди.

Бўлинмалар. Минг аскардан ташкил топган бўлиб, ҳар бир бўлинманинг ўз амири бор эди.

Умумқўшин салкам қирқ бўлинмага қуйидаги тартибда бўлинди:

Марказ. Ўн саккиз бўлинмадан ташкил топган бўлиб, қўмондони Абу Убайда ибн Жарроҳ, унинг ёрдамчилари Икрима ибн Абу Жаҳл ва Қаъқоъ ибн Амр эди.

Ўнг қанот. Амр ибн Ос бошчилигида ўнта бўлинмадан ташкил топган бўлиб, Шураҳбил ибн Ҳасана Амрга ёрдамчи эди.

Чап қанот. Язид ибн Абу Суфён бошчилигида ўнта бўлинмадан ташкил топган эди.

Авангард (олдинги) қисм. Асосан суворийлардан иборат бўлиб, вазифаси душманни кузатиш, разведка маълумоти йиғиш ва душманнинг кутилмаганда ҳужум қилиши олдини олиш эди. Шу сабабли тез ҳаракатга келувчи кичик гуруҳ шаклида эди.

Ортки қисм. Саид ибн Зайд бошчилигида беш минг жангчидан иборат беш бўлинма бўлиб, вазифаси қўшиннинг кўчиш ва қўнишини ташкиллаштириш эди.

Қўшин қозиси Абу Дардо разияллоҳу анҳу эди. Хазина ва молияга Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу масъул эди. Унинг вазифаси хўжалик ишларини идора этиш, озиқ-овқат таъминоти ва ўлжаларни йиғишдан иборат эди. Қўшин қориси Миқдод ибн Асвад эди. У одамлар ичида айланиб юриб, жангчиларнинг маънавиятини юксалтириш мақсадида Анфол сурасини ва жиҳод оятларини ўқиб берарди. Қўшин хатиби Абу Суфён ибн Ҳарб эди. У мужоҳидлар сафларини оралаб, уларни урушга тарғиб ва ташвиқ этар эди. Ўртада бош қўмондон Холид ибн Валид ва унинг атрофида бир гуруҳ катта саҳобалар ўрин олган эди.

Холид ибн Валид бошчилигидаги исломий қўшин уруш учун барча ҳозирликларни кўрди. Ҳар бир қўмондон ўз қўли остидаги аскарларни оралаб, уларни жиҳодга, сабр ва саботга чорларди. Мусулмон лашкарбошилар жуда кўп нарса шу оғир ва машаққатли урушнинг натижасига боғлиқ эканини яхши англар эдилар. Бу урушда румликларнинг енгилиши Румнинг бутун Шом ерларида  мағлубиятга учраши демак эди. Бу эса Шом диёри эшиклари мусулмонларга ланг очилиши, уларнинг Миср, Осиё ва Европа сари йўл олишлари олдида ҳеч қандай тўсиқ қолмаслиги дегани эди.

Иймоний озуқалар берилиши

Икки қўшин бир-бирига рўбарў келиб, уруш бошланиши олдидан Абу Убайда разияллоҳу анҳу мусулмонларга ваъз-насиҳат қилиб, шундай деди: «Аллоҳнинг бандалари! Аллоҳнинг динига ёрдам беринг, шунда У сизларга ёрдам беради ва қадамларингизни мустаҳкам қилади. Зеро, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Эй мусулмонлар, сабр қилинг. Чунки сабр қилиш билан куфрдан нажот топасиз, Раббингизни рози қиласиз, шармандаликдан қутуласиз. Сафларингиздан айрилманг. Урушни биринчи бўлиб бошламанг. Найзаларни тик тутинг. Қалқонларни шай қилинг. Аллоҳнинг зикридан бошқа сўз сўзламанг. То мендан буйруқ бўлмагунича шу ҳолда қолинг».

Муоз ибн Жабал ҳам одамларга юзланиб, уларга ваъз-насиҳат қилди: «Эй Қуръон аҳли ва Каломуллоҳнинг муҳофизлари! Эй ҳақ ва ҳидоят йўлининг ёрдамчилари! Қуруқ орзу-хаёллар билан Аллоҳнинг раҳмати ва жаннатига эришиб бўлмайди. Аллоҳнинг раҳмати ва мағфиратига фақат садоқатли зотларгина эришади. Аллоҳ таолонинг мана бу сўзларига қулоқ тутинг: “Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва яхши амаллар қилганларга ваъда бердики, ўтмишда ўтган мўминларга насиб этгани каби уларни ҳам мушрикларнинг ерларига ворис қилади, улар учун Ўзи рози бўлган динни – Исломни азиз ва ғолиб қилади, уларнинг ҳолатларини қўрқувдан хотиржамликка ўзгартириб қўяди” (Нур, 55). Аллоҳ сизларга раҳм қилсин, душмандан қочган ҳолингизда Аллоҳга кўринишдан ҳаё қилинг, ҳолбуки сизлар Аллоҳнинг чангалидасиз, сизларга Ундан бошқа паноҳ ва нажот берувчи йўқ. Иззатни фақат У беради”.

Амр ибн Ос одамларга насиҳат қилиб бундай деди: “Эй мусулмонлар, кўзингизни тийинг, тиз чўкинг, найзаларингизни тик тутинг. Душманлар ҳужум бошлашса, кутиб туринг. Улар найзаларингизга нишон ҳолига келгач, сакраб туриб, уларга шердек ҳамла қилинг. Ростгўйликни ёқтирадиган ва ростгўйни муносиб тақдирлайдиган, ёлғонни ёмон кўрадиган ва ёлғончини жазолайдиган, яхшиликни яхшилик билан мукофотлайдиган Зотга қасамки, мен мусулмонлар бу диёрларни шаҳарма-шаҳар ва қасрма-қаср фатҳ этишларини эшитганман. Уларнинг жамоалари ва сонларининг кўплиги сизларни қўрқитмасин. Сизлар матонат билан урушсангиз, улар каклик болалари каби атрофга тирқираб кетишади».

Абу Суфён одамларга шундай хитоб қилди: «Эй мусулмонлар, сизлар ажамлар диёридасиз, оилангиздан узилган, мўминлар амиридан ва мусулмонларнинг мададидан узоқдасиз. Аллоҳга қасамки, сизлар кўпсонли душман қаршисидасиз. Уларнинг сизларга қаҳр-ғазаби чексиз. Чунки сизлар уларнинг жонларига, болалари, хотинлари, мол-мулклари ва уй-жойларига қасд этдингиз. Аллоҳга қасамки, эртага сизларни бу қавмдан қутқарадиган ва Аллоҳнинг розилигига эриштирадиган нарса фақат уруш майдонида матонат билан туришингиз бўлади. Шундай экан, қиличингизни маҳкам тутинг, бир-бирингизга ёрдам беринг. Шу сизларнинг қалъангиз бўлсин». Сўнг аёлларга бориб, уларга насиҳат қилди. Уларга: «Урушдан қочаётганларни кўрсангиз, уларни тош ва таёқлар билан уринг», деб буюрди.

 Кейин жангчилар олдига қайтиб, уларга нидо қилди: «Эй мусулмонлар, аҳвол ўзингиз кўриб турганингиздек. Олдингизда Расулуллоҳ ва жаннат, ортингизда эса шайтон ва дўзах турибди”. Сўнг ўз жойига қараб кетди[1].

Абу Ҳурайра ҳам одамларга ваъз-насиҳат қилди: «Шаҳло кўзли ҳурларга, Раббингизнинг ноз-неъматли жаннатларига шошилинг. Сизлар шундай бир ерда ва мақомда турибсизки, Раббингизга бу қадар суюмли ер ва мақом йўқдир. Билиб қўйингки, албатта сабр қилувчилар учун фазилат ва устунлик бордир».

Абу Суфён ҳар бир бўлинма олдида тўхтаб, айтарди: «Аллоҳдан қўрқинглар! Сизлар арабларнинг ҳомийси ва Исломнинг ёрдамчиларисиз. Улар эса Румнинг ҳомийлари ва ширк ёрдамчиларидир. Аллоҳим, бу кун Сенинг кунларингдан бир кундир. Аллоҳим, ўз қулларингга ёрдамингни туширгин».

Насроний араблардан бири: «Румликлар ўта кўп, мусулмонлар эса ўта оз!» деган эди, Холид ибн Валид унга: «Қуриб кетгур, сен мени Рум билан қўрқитмоқчимисан?! Билиб қўй, лашкар фақат ғалаба билан кўп бўлади, мағлубият ва ёрдамсизлик билан кам бўлади, аскарлар сони билан эмас», деди[2].

Муоз ибн Жабал қачон румликларнинг роҳиб ва руҳонийлари овозини эшитса: «Аллоҳим, уларнинг оёқларини тойдир, юракларига қўрқув сол, бизнинг қалбимизга сокинлик тушир, бизга тақво калимасини ҳамроҳ эт, душманга йўлиқишни севимли қил, бизни қазога рози бўлувчи қил» деб дуо қиларди[3].

[1] “Ал-бидоя ван-ниҳоя”, 7/9.
[2] “Ал-бидоя ван-ниҳоя”, 7/10.
[3] «Абу Бакр ражул ад-давла», 88-бет.

Изоҳ қолдиринг