Намоз: Намоз ўқиш тартибига оид умумий эслатмалар

0

Намоз ўқиш тартибига оид умумий эслатмалар

  1. Агар орқа сафда аёллар бўлса, намоз тугагач аёллар тарқалиб олишлари учун имом бир муддат жойидан қўзғалмай туриши мустаҳаб бўлади. Умму Салама разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам салом бериб намозни тугатишлари билан аёллар (масжиддан чиқиш учун) ўринларидан қўзғалар эди. У зот эса туришларидан олдин ўтирган жойларида бироз қолар эдилар. Биз буни, валлоҳу аълам, эркаклар аёлларга етиб олишидан бурун аёллар тарқалиб олишлари учун бўлса керак деб ўйлар эдик»[1].

Аммо орқа сафда аёллар бўлмаса, имом намоздан кейин жойида узоқ ўтириб қолиши мустаҳаб бўлмайди. Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намозда салом берсалар, фақат «Аллоҳумма антас салом ва минкас салом, табарокта я зал жалоли вал икром»ни айтиш миқдорича ўтирар эдилар»[2].

  1. Имом намозни тугатгач ўнг томони ёки чап томони билан бурилиб ўтириши жоиз. Ибн Масъуд разияллоҳу анҳу айтади: «Ҳеч бирингиз намозида шайтонга бирон насиба қилиб қўймасин; намоз тугагач ўтирган жойидан фақат ўнг томондан қўзғалиш вожиб, деб эътиқод қилмасин. Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни кўпинча чап томонларидан бурилганларини кўрганман»[3].

Анас разияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни кўпинча ўнг томонларидан бурилганларини кўрганман»[4].

Нававий раҳимаҳуллоҳ айтади: «(Бир бирига зид бўлган) ушбу икки ривоятни қуйидагича бир бирига мувофиқлаштириш мумкин: Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам гоҳида ўнг томонларидан, гоҳида чап томонларидан бурилганлар. Саҳобалардан ҳар бири ўз маълумоти доирасида қай бир ҳолатни кўпроқ деб эътиқод қилган бўлса, шуни маълум қилган. Демак, бу ҳар икки ишнинг жоизлигини, қай бирини қилса ҳам макруҳ бўлмаслигини кўрсатади»[5].

  1. Нафл намозларни аслида уйда ўқиш афзал. Шунга қарамай, уларни масжидда ўқиш ҳам жоиз. Фарз намозни тугатибоқ нафл (ёхуд суннат) намозни бошламасдан, балки улар ўртасини бирон зикр ёки жойни ўзгартириш билан ажратиш суннатдир.

  2. Тўғрироқ фикрга кўра, намознинг барча ҳукмларида аёл билан эркак ўртасида фарқ йўқ. Баъзи уламолар аёл киши сажда ва шу кабиларда эркакдан фарқли ўлароқ, қимтиниб, қўл-оёқларини баданига ёпиштириб, йиғиштириб туришини мустаҳаб санаганлар. Бироқ бунга далолат қиладиган бирон далил келмаган.

  3. Муқтадий имомдан олдин жойидан қўзғалмаслиги лозим. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мен сизларнинг имомингизман. Рукуда ҳам, саждада ҳам, қиёмда ҳам ва намоз тугагандан кейин қўзғалишда ҳам мендан олдинга ўтиб кетманглар»[6].

Ибн Қудома раҳимаҳуллоҳ айтади: «Агар имом (намоздан кейин) қиблага қараб узоқ ўтириш билан суннатга хилоф қилса ёки одамларга қайрилиб ўтирса, муқтадий имомни ташлаб ўрнидан туриб кетишининг зарари йўқ»[7].

  1. Намозда муқтадийлардан бирининг намоздан чиқишини тақозо қиладиган бирон иш юз берса, имом намозни қисқароқ ўқиши мустаҳаб бўлади. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Мен намозни узунроқ ўқийман деган ниятда бошлайман. Лекин намоз асносида ёш гўдакнинг йиғисини эшитаман. Шунда (намозда турган) онасига машаққат бўлмасин, деб намозни қисқароқ ўқийман»[8].

Хаттобий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ушбу ҳадис далолат қиладики, имом рукуда турган ҳолида кимдир унга иқтидо қилмоқчи эканини пайқаса, жамоат билан руку қилиш фазилатига етиши учун уни руку қилган ҳолида кутиши жоиз бўлади. Чунки имом муқтадийнинг баъзи дунёвий ишлардаги эҳтиёжи учун намозини қисқартириши жоиз экан, унинг ибодатга қўшилиши учун намозини чўзиши янада авлороқ жоиз бўлади. Баъзи уламолар имомнинг бундай қилишини макруҳ санашган. Ҳатто баъзилар бунга қаттиқ қаршилик билдириб: «Бундай қилиш ширк бўлиб қолишидан қўрқаман», деган. Бу Муҳаммад ибн Ҳасан (Шайбоний)нинг фикридир»[9].

  1. Муқтадий намоздаги ҳар бир хатти-ҳаракатга имом ундан фориғ бўлгач киришиши мустаҳаб бўлади. Аксар илм аҳлининг фикрича, муқтадий уларни имом билан бир вақтда бажариши макруҳдир.

Баро ибн Озиб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам «Самеъаллоҳу лиман ҳамидаҳ», десалар, у зот саждага етиб бормагунларича бизлардан ҳеч ким белини букмас эди»[10].

Муқтадий имомдан ўзиб кетиши жоиз эмас. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Рукуда ҳам, саждада ҳам, қиёмда ҳам ва намоз тугагандан кейин қўзғалишда ҳам мендан олдинга ўтиб кетманглар»[11].

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Инсон (намозда) имомдан олдин бош кўтарса, Аллоҳ унинг шаклини эшак шаклига солиб қўйишидан қўрқмайдими?!»[12]

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ айтган сўзнинг зоҳирига кўра, муқтадий қасддан имомдан олдинга ўтса, намози ботил бўлади. Бу фикр Ибн Масъуд ва Ибн Умар разияллоҳу анҳумдан собит бўлган. Олдин айтиб ўтганимиздек, жумҳур уламолар фикрига кўра, бундай қилган киши суннатга хилоф иш қилган бўлса-да, нимози дуруст бўлаверади.

  1. Агар муқтадий мудроқ ёки тиқилинч сабабли ёхуд имомнинг шошиб намоз ўқигани учун ундан тўлиқ бир рукн орқада қолиб кетса, масалан, имом рукуга кетиб, бош кўтаргунча муқтадий руку қилишга улгурмаса, дастлаб қолиб кетган рукнни бажаради, сўнг имомга етиб олади.

Аммо муқтадий бирон узр сабабли бир ракаатга етмайдиган бир неча рукнлар имомдан ортда қолиб кетса, Имом Аҳмаднинг ўзидан нақл қилинган фикрга кўра, имомга эргашади ва ортда қолган ракаатини ҳисобга олмайди. Имом Шофеийнинг фикрича, мазкур ҳолатда муқтадий қолиб кетган рукнларни адо этади. Имом Шофеий бу фикрига Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларга имом бўлиб ўқиган хавф намозларини далил қилган. Шунингдек, Ибн Қудома «Ал-муғний»да шу фикрни тўғрироқ деб билган.

Аммо муқтадий имомдан тўлиқ бир ракаат ортда қолиб кетса, у ҳолда имомга эргашаверади ва намоз тугагач туриб, қолиб кетган бир ракаатнинг қазосини ўқийди. Албатта бу ҳукм муқтадий бирон узрга кўра имомдан ортда қолган ҳолатга тегишлидир. Аммо узрсиз имомдан ортда қолган бўлса, намози ботил бўлади.

Ибн Қудома раҳимаҳуллоҳ айтади: «Агар муқтадий бирон узрсиз шундай қилса, намози ботил бўлади. Чунки у қасддан имомга эргашмаган бўлади, валлоҳу аълам»[13].

  1. Намозда имомга эргашиш вожиб бўлади. Айрим авом кишилар охирги саждада узоқ туриш учун имомга нисбатан кечикиб бош кўтарадилар. Бу уларнинг жоҳиллиги ва фиқҳни яхши билмаслигидан далолатдир.

  2. Қуйида намознинг рукнлари, вожиблари ва суннатларини ёдда тутишга қулай бўлиши учун мухтасар кўринишда такрор баён қиламиз:

Намоз рукнлари:

1) Ният; 2) Қиём; 3) Такбири таҳрима; 4) Фотиҳани ўқиш; 5) Руку; 6) Рукудан кейин қад ростлаб туриш; 7) Еттита аъзо билан сажда қилиш; 8) Икки сажда ўртасида ўтириш; 9) Барча рукнларда хотиржам туриш; 10) Охирги қаъдада ўтириш ва ташаҳҳудни ўқиш; 11) Охирги қаъдада салавотни ўқиш; 12) Рукнлар ўртасидаги тартибга риоя қилиш; 13) Салом.

Намознинг вожиблари:

1) Бир рукндан бошқасига ўтиш учун айтиладиган такбирлар; 2) Рукудан бош кўтаришда «Самеъаллоҳу лиман ҳамидаҳ, Роббана ва лакал ҳамд»ни айтиш; 3) Руку ва саждадаги тасбеҳлар; 4) Биринчи қаъдада ўтириш ва унда ташаҳҳудни ўқиш.

Эслатма: унутиш билан вожибни бажариш соқит бўлади ва унинг ўрнини тўлдириш учун саждаи саҳв қилинади.

Намознинг шартлари:

1) Вақт кириши; 2) Авратни тўсиш; 3) Қиблага юзланиш; 4) Кийим, жой ва бадан пок бўлиши; 5) Таҳоратли бўлиш.

Намознинг суннатлари:

Юқорида келтирилган рукнлар, вожиблар ва шартлардан бошқа амаллар намознинг суннатлари саналади.

Эслатма: юқорида келтирилган тақсимотнинг баъзиларида уламолар ихтилоф қилишган. Мен зикр қилган тақсимот ҳанбалий мазҳабидаги мўътабар тақсимотдир. Фақат бу мазҳабга кўра, ният рукн эмас, шарт саналади, валлоҳу аълам.

[1] Бухорий (837, 849, 850), Абу Довуд (1040) ривояти.
[2] Муслим (592), Абу Довуд (1512), Термизий (298), Ибн Можа (924) ривояти.
[3] Бухорий (852), Муслим (707), Абу Довуд (1042), Насоий (3/81), Ибн Можа (930) ривояти.
[4] Муслим (708), Насоий (3/81) ривояти.
[5] «Шарҳу саҳиҳи Муслим», 5/220.
[6] Муслим (426), Насоий (3/83), Аҳмад (3/102) ривояти.
[7] «Ал-муғний», 1/561.
[8] Бухорий (707, 868), Абу Довуд (789), Насоий (2/59) Абу Қатода разияллоҳу анҳудан, шунингдек, Бухорий (709), Муслим (740) Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилишган.
[9] «Сунани Абу Довуд»нинг ҳошияси «Маолим ас-сунан», 1/499.
[10] Бухорий (690), Муслим (474), Абу Довуд (621, 622), Термизий (281) ривояти.
[11] Муслим (426), Насоий (3/83) ривояти.
[12] Бухорий (691), Муслим (427), Абу Довуд (623), Термизий (582), Насоий (2/96), Ибн Можа (961) ривояти.
[13] Қаранг: «Ал-муғний», 1/527-528-бетлар.

Изоҳ қолдиринг