Таъзия қабул қилиш учун ўтириш (2)

0

227 – Таъзия қабул қилиш учун ўтириш

(Давоми)

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Маййит аҳли таом ҳозирлаб одамларни чақириши шариатдан эмас, балки бидъатдир»[1].

Иордания диёри собиқ муфтийси Шайх Абдуллоҳ Қалқилий айтади: «Бу юртда одат тусига кириб қолган ишлар – уч кун аза очиб Қуръон тиловат қилиш, унда тамаки ва қаҳва тарқатиш дини Исломга алоқадор бўлмаган ҳамда салафларнинг бирортасидан ривоят қилинмаган ёмон бидъатлардандир»[2].

Шайх Ибн Боз айтади: «Хонадон аҳли одамларга таом тайёрлаб бериши жоиз эмас. Мазкур таом меросхўрлар пулидан ҳозирланадими, маййитнинг ҳаққи бўлган мероснинг учдан бир қисмидан тайёрланадими ёки кимдир ўз ҳисобидан эҳсон қилиб берадими, фарқсиздир. Чунки бу иш суннатга зид бўлган жоҳилият ишларидандир. Қолаверса, бу иш хонадон аҳлининг мусибатига қўшимча чарчоқ, юмушлари устига оворагарчилик бўлади.

Аҳмад[3] ва Ибн Можа[4] «жаййид» (ҳасан) санад билан[5] Жарир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Дафндан сўнг маййит хонадонига йиғилиш ва таом ҳозирлашни ўликка дод солиб йиғлаш жумласидан санар эдик”»[6].

Синдий айтади: «Бу нақл саҳобалар разияллоҳу анҳум ижмоси ёки Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам иқрорлари даражасидаги ривоятдир. Иккинчи ҳолатга кўра «марфуъ» (санади Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга етиб борган ҳадис) ҳукмида бўлади. Иккала ҳолатда ҳам мазкур ривоят ҳужжат саналади»[7].

Саномий Ҳанафий айтади: «Таъзия кунлари гилам ёзиш энг жирканч ишлардандир»[8].

Яна бундай дейди: «Араб бўлмаган юртларда қилинадиган (жанозада) гилам тўшаш ва йўл ўртасида туриш каби ишлар энг хунук бидъатлардандир»[9].

Аҳмад ал-Банно айтади: «Ҳозирда амалда бўлган ишлар – таъзия учун тўпланиш, жонлиқ сўйиш, таом пишириш, чодирлар тикиш ва турли ранглар билан безатилган матолар илиш, гиламлар тўшаш ва бошқа шу каби ножўя ишларга қўл уриш, риё ва манманлик йўлида мазкур бидъатлар учун катта пуллар сарфлаш, масалан, одамлар «Фалончи отасининг мотамида шундай-шундай ишлар қилибди, катта-катта пуллар сарфлабди», дейишлари учун дабдабали маъракалар ўтказиш каби ишларнинг барчаси ҳаром, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамда саҳобалар ва тобеинлардан иборат салафи солиҳлар йўлларига зид, мазҳаб имомларидан бирортаси айтмаган ишлардир. Аллоҳдан паноҳ сўраймиз»[10].

Шайхимиз Муҳаммад ал-Усаймин айтади: «Маййит аҳли тўпланиши ёки таъзия қабул қилиш учун ўтириши на Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларидан ва на салафи солиҳлар одатидандир. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик чоғларида аёлларидан иккитаси вафот этган. Улардан бири якка-ёлғиз аёллари ва аксар фарзандларининг онаси бўлмиш Хадижа разияллоҳу анҳо эди. Шунингдек, Фотима разияллоҳу анҳодан ташқари барча фарзандлари ҳам у зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик чоғларида вафот этган. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўғиллари Иброҳим вафот этганида бундай деганлар: “Кўз ёшланади, қалб хафа бўлади, бироқ Раббимизни рози қиладиган сўзнигина айтамиз. Эй Иброҳим, албатта биз сендан ажралганимиз учун хафамиз[11].

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этган яқинлари сабабли таъзия қабул қилиш учун ўтирганлари ривоят қилинмаган. У зотга Зайд, Жаъфар ва Абдуллоҳ ибн Равоҳа (разияллоҳу анҳум) вафот этганлари хабари келганида масжидда ўтирганлари, юзларида хафалик аломатлари кўринганига келсак[12], мазкур ўтиришлари таъзия қабул қилиш мақсадида бўлганига ҳеч қандай далил йўқ. Бинобарин, таъзия қабул қилиш учун ўтириш на Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларидан ва на салафи солиҳлар одатларидан бўлган. Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ ҳам буни ёқтирмаган. Бир марта: “Ундай қилиш тўғри эмас”, деган бўлса, бошқа ривоятда: “Мен уни ёқтирмайман”, деган. «Ал-фуруъ»да айтилишича, Имом Аҳмаднинг “тўғри эмас” деган сўзи у кишининг наздида шу ишнинг ҳаром эканини англатади. Демак, у кишидан икки фикр нақл этилган: таъзия учун ўтириш ман этилиши ва бу иш жоиз экани. У кишининг шогирдлари бўлмиш мазҳабнинг мутааххир (кейинги асрларда яшаган) уламолари тўғри дея тасдиқлаган фикр таъзия учун ўтириш макруҳ эканидир.

«Ал-фуруъ» муаллифи айтади: “Таъзия учун ўтириш макруҳдир. Имом Аҳмад шундай деган, аксар уламолар Молик ва Шофеийга мувофиқ ўлароқ шу фикрни танлаганлар”. Мазҳабнинг мутааххир уламолари таянчи бўлмиш «Ал-мунтаҳо» ва «Ал-иқноъ» китобларида: “Ўтириш макруҳдир”, дейилган. Шарҳида эса бундай дейилади: “Яъни мусибатзада таъзия қабул қилиш учун бир жойда ўтириши ёки таъзия билдирувчи киши таъзиядан сўнг мусибатзаданинг олдида ўтириши кўзда тутилган”. Иқтибос тугади.

Шофеийларнинг энг қадри юксак китоблари ҳисобланган «Ал-муҳаззаб» китобида айтилади: “Таъзия учун ўтириш макруҳдир. Чунки у янги пайдо қилингандир, янги пайдо қилинган иш бидъатдир”. Китоб шарҳида «ўтириш» сўзи қуйидагича баён этилади: “Маййит аҳли бир уйга жамланиши, таъзия билдиришни хоҳлаганлар уларни кўзлаб келишлари назарда тутилган… Балки маййит аҳли ўзларининг юмушлари билан тарқалиб кетишлари мақсадга мувофиқдир. Ким уларни учратиб қолса, таъзия билдираверади”. Иқтибос тугади»[13].

Шайх Абдураҳмон Саъдий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Айрим авом кимсалар ўйлаганидек, таъзия фақат: “Аллоҳ ажрингизни улуғ, сабрингизни чиройли қилсин ва маййитингизни мағфират этсин”, деб айтишдан иборат эмас. Балки таъзия деганда Абул Вафо ибн Ақил раҳимаҳуллоҳ айтганидек тушуниш даркор. У киши бундай деган эди: “Таъзия дегани мусибат уни синдирган ва ўзгартирган қалб ҳузурига келишинг, сўнг у ҳаққа қайтгунича унга оят ва ҳадислар, жаннатга қизиқтирадиган ва дўзахдан қўрқитадиган сўзлар айтишда давом этишингдир. Ҳақиқий таъзия ана шудир. Бу ҳолат оғзаки амалга ошириладими ёки узоқдаги кишига мактуб ёзиш орқали бўладими, фарқи йўқ.

Бугун аксар одамлар таъзия деб биладиган ишга келсак, у чин таъзия эмас. Балки у таъзия билдиришдан ҳам кўра хафаликни қўзғашга яқинроқ бир ишдир”»[14].

Аллоҳ Ўзи ёрдам берсин. Зеро, бир ҳолатдан бошқа ҳолатга ўтиш ҳам, куч-қудрат ҳам Унинг измидадир.

[1] «Мажмуъ ал-фатово», 24/316.

[2] Шайх Абдуллоҳ ал-Қалқилий. Иорданиянинг «Ҳадй ал-Ислом» журнали, 3-том, 5-сон, 2083-бет, 1958 м.

[3] «Муснад», 11/505, 6905-ҳадис.

[4] «Сунан», 1612-ҳадис.

[5] Нававий «Ал-мажмуъ»да (5/320), Али ал-Қорий «Мирқот ал-мафотиҳ»да (9/3832) ва Шавконий «Найл ал-автор»да (4/118) ҳадисни саҳиҳ деганлар. Синдий (вафоти: 1138 ҳ.) айтади: «Ҳадиснинг «Аз-завоид»да келтирилган санади саҳиҳ. Биринчи ровийлар силсиласи Бухорийнинг шартига, иккинчиси Муслимнинг шартига мос келади» («Ҳошият ас-Синдий ала Сунан Ибн Можа», 1/490). Албоний «Аҳком ал-жаноиз»да саҳиҳ деган (167-бет, 114-рақам).

[6] «Фатово исломийя», 2/42.

[7] «Ҳошият ас-Синдий ала сунан Ибн Можа», 1/490.

[8] «Нисоб ал-иҳтисоб», 201-бет.

[9] Аввалги манба, 345-бет.

[10] «Ал-фатҳ ар-раббоний ли-тартиб муснад ал-Имом Аҳмад ибн Ҳанбал аш-Шайбоний», 8/96.

[11] Бухорий (1303) ва Муслим (2315) ривояти.

[12] Ҳадис тахрижи масала аввалида ўтди.

[13] Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ. «Мажмуъ ал-фатово», 17/403-404.

[14] Шайх Аллома Абдураҳмон ас-Саъдий. «Шарҳ умдат ал-аҳком», 1/533.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг