Аёл киши шим ёки футболка кийиши жоизми?

0

Савол:

Аёл киши ҳижоб ичидан эркакларга мансуб бўлган шим, кўйлак ёки футболка кийиши жоизми?

Жавоб:

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримизга салавот ва саломлар бўлсин!

Аёл киши эркакларга хос бўлган кийимларни кийиши шариатимизда ҳаром қилинган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзини эркакларга ўхшатган аёл ҳамда ўзини аёлларга ўхшатган эркакни лаънатлаганлар (Бухорий ривояти). Бу ҳадисга биноан аёл киши уйида ёлғиз ҳолатида ёки намоз ўқиш учун ҳам эркакларга хос кийимларни кийиши ҳаром ҳисобланади. Чунки бу борада келган ҳадисларда ҳеч қандай истиснога ўрин йўқ.

Бироқ аёл ва эркак ўртасида умумий бўлган кийимларни кийиш жоиз. Бу ҳақда Ҳофиз Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ шундай деган: “Табарий роҳимаҳуллоҳ: “Бу (юқоридаги) ҳадиснинг маъноси шуки, эркаклар кийим ва зийнатларда ўзларини аёлларга ўхшатишлари ёки аёллар ўзларини эркакларга ўхшатишлари жоиз эмас” – деган. Худди шундай, юриш-туришда ҳам эркак-аёл бир-бирига ўзини ўхшатиши мумкин эмас. Лекин кийимнинг шакли шаҳар ва урф-одатга қараб ўзгаради. Баъзи қавмларда эркак ва аёлларнинг кийими ўртасида фарқ йўқ. Уларнинг аёллари фақат ҳижоб билан (эркаклардан) ажралиб туради”.

Демак, биз кийимни эркак ёки аёлга хос қилиб берувчи сифатларни яхши тушуниб олишимиз керак. Кийимни эркак ёки аёлга хос қилиб берувчи нарсалар унинг ранги билан бичимидир. Бугунги кунимизда биз “шим”, “футболка” ва “кўйлак” деб атаётган кийимларимиз агар ранги ва бичими билан эркакларникидан ажралиб турса, унда бу кийимлар эркакларга хос дейилмайди ва аёллар бу кийимларни кийиши шаръан жоиз ҳисобланади. Бироқ бу кийимларда куфр ва фаҳш сўзлар, суратлар бўлса ёхуд кофир ва фоҳишаларга хос кийимлар бўлса, унда бундай кийимларни кийиш жоиз бўлмайди.

Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш лозимки, баъзи кийимларни кийиш жоиз бўлсада, уни бегона эркаклар у ёқда турсин, ўз маҳрамлари даврасида ҳам кийиш жоиз бўлмайди. Масалан, аёллар кечаси кийиб ётадиган либосларни кийишлари жоиз бўлсада, уни нафақат маҳрамлари, ҳатто аёллар ўртасида ҳам кийиб юриши мумкин эмас.

Хулоса шуки, аёллар ҳижобнинг ичидан бичими ва ранги жиҳатидан аёлларга хос ҳамда юқорида айтиб ўтилган монелардан холи бўлган шим ёки футболка кийишлари жоиз бўлсада, маҳрамлари ўртасида фақат шим ва футболкада юришлари мумкин эмас. Чунки бу фитнага олиб бориши мумкин, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг