Абу Бакр разияллоҳу анҳу: Ярмук жанги (2)

0

Рум қўшини ҳолати

Рум қўшинлари асъаса-дабдаба билан, кибр ва ғурурга тўлган ҳолда келдилар. Чор-атроф қора булутлар қоплаб олгани каби душман аскарлари билан тўлиб тошган, улар баланд овозда наъра тортишар, ҳамма ёқ уларнинг шовқин-сурони билан тўлган эди. Руҳонийлари Инжил ўқиб, аскарларни урушга ташвиқ қилишарди. Румликлар Ярмук яқинидаги Воқуса водийсига келиб ўрнашишди ва водий улар учун хандаққа айланди.

Румликлар бу урушда икки чизиққа терилган бўлинмалар услубини қўллади. Ҳар беш бўлинма бир доирада бўлиб, кейинги беш бўлинма билан ораси очиқ эди. Ортидан иккинчи чизиқ ҳам шу кўринишда жойлаштирилган эди. Рум қўшинларининг жойлашиши қуйидаги тартибда бўлди:

– Олдинда камончилар. Уларнинг вазифаси урушни бошлаб бериш, сўнг чекиниб орқага ва қанотларга ўтиш эди.

– Икки қанотда отлиқ аскарлар. Уларнинг вазифаси камончилар орқага ўтгунига қадар уларни ҳимоя қилиб туриш эди.

– Пиёда аскарлар бўлинмалари. Уларнинг вазифаси ҳужум қилиш эди.

– Авангард қўшинлар қўмондони Жўржа (Григорий) эди.

– Икки қанотдаги қўшинлар қўмондонлари Моҳон ва Дракус эди.

Урушдан олдинги музокаралар

Ҳар икки қўшин бир-бирига яқинлашгач, Абу Убайда, Язид ибн Абу Суфён, Зирор ибн Азвар ва Ҳорис ибн Ҳишом олдинга чиқиб, румликларга: «Қўмондонингиз билан кўришишни истаймиз», дедилар. Румликлар уларни  бош қўмондон Теодор олдига бошладилар. Теодор ипак чодирда ўтирган экан. Саҳобалар ипак чодирда ўтириш биз учун ҳалол эмас, деб чодирга киришдан бош тортдилар. Теодор улар учун ипак гилам тўшашга амр этди. Улар ипак гиламни ҳам рад этдилар. Шундан сўнг Теодор улар истаган ўринда улар билан бирга ўтирди. Саҳобалар уни Исломга даъват қилдилар ва сулҳга чақирдилар. У қабул қилмагач, ортларига қайтдилар[1].

Валид ибн Муслим айтади: «Моҳон (Боҳон) Холидни ўртага чорлади ва у билан сулҳ ҳақида сўзлашмоқчилигини айтди. Холид чиқиб келгач, Моҳон унга деди: «Биз биламизки, сизлар ўз диёрингиздан фақат очлик ва қийинчилик туфайли чиқиб келгансиз. Келинг, ҳар бир аскарингизга ўн динордан пул, кийим-кечак, озиқ-овқат берайлик ва сизлар юртингизга қайтиб кетинг. Келгуси йили сизларга яна шунча нарса юборамиз». Холид деди: «Биз диёримиздан сен айтган сабабларга кўра чиқмаганмиз. Балки биз қон ичадиган халқмиз. Айтишларича, румликларнинг қонидан ширинроқ қон бўлмас эмиш. Биз шу боис сизларнинг қонингизни ичгани келдик».

Моҳоннинг одамлари: «Қасамки, биз араблар тўғрисида шундай деб эшитардик», дейишди[2].

Урушнинг бошланиши

Ҳозирлик ишлари тугаб, сўзлашувлар натижасиз якунлангач, Холид марказий қўшинларнинг икки қаноти қўмондонлари Икрима ибн Абу Жаҳл ва Қаъқоъ ибн Амрга яқинлашиб, урушни бошлаб беришларини буюрди. Иккиси жанговар шеърлар ўқиб, яккама-якка олишувга талабгор чақирдилар. Баҳодир алп жангчилар майдонга тушиб, жавлон урдилар. Сўнг уруш бошланиб кетди.

Холид бир гуруҳ баҳодир жангчилар билан сафлар олдига чиқиб борди. Қаҳрамон аскарлар савлат тўкиб уришишар, Холид жангни назорат қилиб борар, аскарларга керакли кўрсатмалар берар ва урушни мукаммал тарзда идора этар эди.

Рум қўмондонларидан бири жанг майдонида Исломни қабул қилиши

Румликларнинг қўмондонларидан Жўржа (Георгий) олдинга чиқиб келди ва Холид ибн Валидни чорлади. Холид унга яқин келди, ҳатто отларининг бўйинлари бир-бирига тегди. Жўржа деди:

– Эй Холид, сендан бир нарса сўрайман, фақат ростини айт, озод инсон ёлғон гапирмайди.

– Сўра, – деди Холид.

– Аллоҳ сизларнинг пайғамбарингизга осмондан бир қилич туширган ва пайғамбар уни сенга берган эмиш, шу қилич туфайли сен ҳаммага ғолиб бўлармишсан, шу ростми?

– Йўқ, – деди Холид.

– Унда нега сени Аллоҳнинг қиличи дейишади?

– Аллоҳ бизга пайғамбар юборди. У бизни Аллоҳнинг динига даъват қилди. Бошида биз унга қулоқ солмадик, ҳаммамиз ундан узоқлашдик. Сўнг баъзиларимиз унга иймон келтирди ва эргашди, баъзиларимиз уни ёлғончи санашда давом этди. Мен ҳам уни инкор қилганлардан ва ундан ўзимни тортганлардан эдим. Сўнг Аллоҳ бизнинг ҳам қалбимизни ва юзимизни у томонга бурди. Биз унга иймон келтирдик ва байъат бердик. Пайғамбар менга: “Сен Аллоҳнинг мушрикларга ўқталган қиличларидан бир қиличсан” дедилар ва менга ғолиблик тилаб дуо қилдилар. Шундан мен “Аллоҳнинг қиличи” номини олдим ва мен мушрикларга қарши мусулмонларнинг энг қаттиққўл кишилариданман.

– Эй Холид, сизлар нимага чақирасизлар?

– Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг қули ва пайғамбари деб гувоҳлик беришга, у Аллоҳдан келтирган дин ва шариатни эътироф этишга.

– Даъватингизни қабул қилмаганларни нима қиласизлар?

– Жизя тўлайдилар ва биз уларни ҳимоямиз остига оламиз.

– Бермасалар-чи?

– Уларга уруш эълон қиламиз.

– Даъватингизни қабул қилиб, динингизга янги кирган киши қайси даражада бўлади?

– Ҳамма мўминларнинг даражаси бир хил, Аллоҳ фарз қилган нарсалар олдида аслзода билан оддий инсоннинг, аввалги билан охиргининг фарқи йўқ.

– Бугун сизнинг динингизга кирган киши сизлар билан айни савоб ва мукофотларга эга бўладими?

– Ҳа, биздан кўра ҳам кўпроқ савобга эришади.

– Қанақасига сизлардан кўпроқ савобга эришади, сизлар динга ундан олдин киргансизлар-ку!

– Чунки биз Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга яшадик. У зотга самодан ваҳий келарди. Биз у зотнинг мўъжизаларига шахсан гувоҳ бўлдик. Биз кўрган нарсаларни кўрган ва биз эшитган нарсаларни эшитган киши Исломни жуда осон қабул қиларди. Аммо сизлар биз кўрган ва эшитган нарсаларни кўрмагансиз, эшитмагансиз. Шу боис сизлардан ким ғойибона иймон келтирса, иймони чин ва нияти самимий бўлса, у биздан кўра афзал ва унинг мукофоти бизникидан кўпроқ бўлади.

– Шу гапларинг ростлигига ва алдамаётганингга қасам ичасанми?

– Ҳа, Аллоҳга қасамки, гапларим рост. Мен айтган ажру мукофотларни беришга Аллоҳ кафилдир.

Шу гапдан сўнг Жўржа қалқонини туширди ва Холид билан ёнма-ён турди. Сўнг: “Менга Исломни ўргат”, деди. Холид уни ўз чодирига бошлади ва бир меш сув берди. У сувни бошидан қуйиб ғусл қилди, сўнг Исломни қабул қилди. Сўнг иккови бирга икки ракаат намоз ўқидилар.

Румликлар Жўржа Холиднинг ёнига бориб, Исломни қабул қилганини кўришгач, қаттиқ ғазабланиб, мусулмонлар устига шиддатли ҳужум бошладилар ва мусулмонларни турган жойларидан ортга чекинишга мажбур қилдилар. Фақат Икрима ибн Абу Жаҳл ва Ҳорис ибн Ҳишом бошчилигидаги муҳофиз бўлинмалар ўз жойларида қолдилар[3].

 

[1] “Ал-бидоя ван-ниҳоя”, 7/10.
[2] Юқоридаги манба.
[3] “Ал-бидоя ван-ниҳоя”, 7/13.

Изоҳ қолдиринг