Сийрат: Ошкора даъват ва мушрикларнинг унга қарши кураш услублари

0

Ошкора даъват

Катта таёргарликдан сўнг, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам  саҳобаларни тарбия қилиб, ақида, ибодат, ахлоқ асосига тикланган мусулмон жамият вужудга келганидан кейин даъватни ошкор қилиш вақти келди. Аллоҳ таоло деди:

Эй Пайғамбар, қавмингизни энг яқин кишиларингиздан бошлаб огоҳлантиринг. Даъватингизни қабул қилган мўминларга юмшоқ муомала қилинг” (Шуаро, 214, 215).

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз қабилаларини ва қариндош-уруғларини йиғиб, уларни ягона илоҳга иймон келтиришга даъват этдилар. Агар иймон келтирмасалар Унинг қаттиқ азобидан уларни огоҳлантирдилар. Ўзларини дўзахдан қутқаришга чақирдилар. Ҳар бир инсон ўзига ўзи жавобгар эканини баён қилдилар[1].

Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

“Эй Пайғамбар, қавмингизни энг яқин кишиларингиздан бошлаб огоҳлантиринг” деган оят нозил бўлгач, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Сафо тоғига чиқиб: “Эй Бани Феҳр, эй Бани Адий!” деб нидо қилдилар. Бу иккиси Қурайшнинг энг катта уруғларидан эди. Улар йиғилиб келишди. Ҳатто келолмаган киши ўзининг ўрнига бошқа бир кишини юборди. Абу Лаҳаб ҳам келди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар сизларга: “Водийда отлиқлар турибди, улар сизларга ҳамла қилмоқчи”, десам менга ишонасизларми?” дедилар. Улар: “Ҳа, сенинг ёлғон гапирганингни билмаймиз”, дейишди. Шунда у зот: “Мен сизларни (қиёматдаги) қаттиқ азобдан огоҳ этаман”, дедилар. Абу Лаҳаб: “Қуриб кетгур, бизни шу нарса учун чақирганмидинг?” деди. Шундан сўнг ушбу сура нозил бўлди:

Абу Лаҳабнинг қўллари қуриб, ҳалок бўлсин. Дарҳақиқат, ҳалок бўлди ҳам. Унга мол-дунёси ҳам асқатмади” (Масад-1-2)[2].

Бошқа бир ривоятда Қурайшнинг катта уруғларини бирма-бир номма-ном даъват қилдилар. Уларга: “Ўзингизни дўзахдан қутқаринг”, дедилар. Қизлари Фотимага хитоб қилиб: “Эй Фотима, ўзингни ўзинг дўзахдан қутқар, чунки мен сизларга Аллоҳ ҳузурида заррача асқатмайман. Ўртамизда фақат қариндош-уруғлик бор ва мен унинг нами билан (алоқани узишдан келиб чиқадиган қақроқликни) намлаб, юмшатиб тура оламан, холос”, дедилар[3].

Қурайшликлар воқеликка тўғри баҳо берадиган ва воқеа-ҳодисаларга амалий ёндашадиган кишилар эди. Улар Муҳаммад алайҳиссаломни тоғ устида кўрган пайтларида у зот тоғ устидан ҳам олд, ҳам орқа тарафларини кўра олишларини, улар эса фақат олдиларинигина кўришларини билганликлари учун, инсоф билан у зотни тасдиқ этдилар ва у зотга ишонишларини айтдилар.

Шундан сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен сизларни қаттиқ азобдан огоҳ этаман”, дедилар. Бу пайғамбарликни эълон қилиш мақоми эди. У зотга берилган ғайбий билимни ҳикмат ва балоғат билан етказиш эди. Бу каби ҳикмат ва балоғат тарихда ҳеч қайси динда ва пайғамбарликда кўрилмаган эди. Бундан кўра қисқа ва равшанроқ услуб ҳам қўлланмаган эди. Қавм жим бўлиб қолдилар[4]. Лекин Абу Лаҳаб: “Бизни шунга чақирдингми? Қуриб кетгур!” деди.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ошкора даъватларини ўзларига яқин бўлган қавмларидан бошлашлари табиий ҳолдир. Зеро, Макка қабилачилик руҳи чуқур илдиз отган шаҳар эди. Даъватни яқинлардан бошлаганда даъват учун ёрдамчилар ва ҳимоячилар чиқиши эҳтимоли кўпроқ бўлади. Қолаверса, Маккада даъват қилишнинг ўзига хос таъсири ҳам бор. Яъни бу шаҳар қадим-қадимдан диний марказ бўлиб келган. Энди уни Ислом марказига айлантирилса, барча қабилаларга таъсирини ўтказмай қўймасди, албатта. Бинобарин, Ислом Қуръони карим таълимотига кўра оламий рисолатни амалга ошириш учун даъватдаги биринчи қадамни Қурайшдан бошлаши бежиз эмас[5].

Дарҳақиқат, Маккада нозил бўлган оятлар даъватнинг оламшумул эканини баён қилди:

Бутун оламга огоҳлантирувчи қилиб Қуръонни бандасига (Муҳаммад алайҳиссаломга) нозил қилган Зот баракоти улкан ва улуғдир” (Фурқон, 1).

Эй Пайғамбар, Биз сизни бутун инсониятга раҳмат қилибгина юбордик” (Анбиё, 107).

Эй Пайғамбар, Биз сизни бутун инсониятга хушхабар берувчи, огоҳлантирувчи элчи қилиб юбордик. Лекин кўп одамлар (ҳақни) билмайдилар” (Сабаъ, 28).

 

[1] Умар Аҳмад Умар.“Рисалат ал-анбия”,  3/46-бет.
[2] Бухорий (4770) ривояти.
[3] Муслим ривояти. Китоб ал-иймон, 247-204.
[4] Абул-Ҳасан Надавий. “Ас-сийра ан-набавия”, 138-бет.
[5] Имоддин Халил. “Диросот фис-сийра”, 66-бет.

Изоҳ қолдиринг