Намоз: Намозни бузувчи амаллар

0

 Намозни бузувчи амаллар

1 – Қасддан гапириш

Зайд ибн Арқам разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Биз намозда гапирар эдик. Истаган киши намозда ёнида турган биродари билан гаплашаверар эди. Бу ҳолат то «(Намозда бир-бирингиз билан гаплашмасдан, хаёлингизни жамлаб, хокисорлик ила) Аллоҳга итоат этган ҳолда туринглар» (Бақара, 238) деган оят нозил бўлгунча давом этди. Шундан сўнг намозда жим туришга буюрилдик, гаплашишдан қайтарилдик»[1].

Ушбу ҳадис намозда гапириш ҳаром эканига далилдир. Уламолар намозда гаплашиш ҳаромлигини билган ҳолда қасддан гапирган кишининг намози бузилиши тўғрисида ихтилоф қилишмаган.

Ибн Мунзир раҳимаҳуллоҳ айтади: «Уламолар ижмо қилишича, намозда қасддан гапирган ва бу билан намозини ўнглашни ният қилмаган кишининг намози бузилади»[2]. Аммо намозда билмасдан ёки унутиб гапирган киши хусусида уламолар ихтилоф қилишган.

Баъзи уламолар фикрича, намозда гапириш ҳуромлигини билмасдан ёки унутиб гапирган киши билан қасддан гапирган кишининг ҳукми бир хил. Бироқ тўғрироқ фикрга кўра, билмай ёки унутиб гапириш билан қасддан гапириш ўртасида фарқ бор. Унутиб ёки билмасдан гапирган кишининг намози бузилмайди, қасддан гапирган кишининг намози эса ботил бўлади. Бунга қуйидаги ҳадислар далил бўлади:

1) Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таоло умматимдан хато, унутиш ва мажбурдан қилган ишлари(нинг гуноҳи)ни соқит қилди»[3].

2) Муовия ибн ал-Ҳакам ас-Суламий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга намоз ўқир эканман, намозхонлардан бири аксирди. Мен унга: «Ярҳамукаллоҳ (Сенга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин)», дедим. (Атрофимдаги) намозхонлар менга ўқрайиб қарай бошладилар. Мен: «Шўрим қўрсин, нега менга бундай қараяпсизлар?!» дедим. Шунда улар сонларига шапатила бошладилар. Улар мени жим қилишни хоҳлашаётганини кўриб (ғазабландим). Лекин жим бўлдим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намозни ўқиб бўлдилар. Ота-онам у зотга фидо бўлсин, мен у зотдан олдин ҳам, кейин ҳам у зотдан кўра яхшироқ ўргатадиган муаллим кўрмадим. Аллоҳга қасамки, мени туртмадилар ҳам, урмадилар ҳам, сўкмадилар ҳам. Аксинча: «Намозда одамларнинг гапларидан бирон нарсани гапириш дуруст эмас. Намоз тасбеҳ, такбир ва Қуръон ўқишдан иборатдир», дедилар»[4].

Мазкур ҳадис инсон намозда эҳтиёж юзасидан ёки эҳтиёжсиз гапириши, намозни тузатиш учун ёки бошқа мақсадда гапиришидан қатъи назар, намозда гапириш мутлақ ҳаром эканига далил бўлади.

Айрим уламолар Зулядайн ҳадисини[5] далил қилишиб, намозда намоз манфаати учун гапиришни жоиз ҳисоблашади. Бироқ мазкур ҳадис уларнинг фикрларини исботлаш учун далил бўлмайди.

Бироқ Зулядайн ҳадисидан шуни хулоса қилиш мумкинки, инсон намоз тугади, деган ўйда гапирса, намоз бузилмайди.

Намозда йиғлаш, уф тортиш ва шу каби ҳолатларда бир ёки иккита ҳарфнинг чиқиши намозни бузиши ҳақида бирон далил собит бўлмаган. Чунки бу гапириш ҳисобланмайди, балки намозда туфлашга ўхшайди. Маълумки, уламолар туфлаш намозни бузмаслигига иттифоқ қилишган.

Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам кусуф (қуёш тутилиши) намозида уфладилар»[6].

Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ Ибн Баттолдан нақл қилиб айтади: «Уфлаш мобайнида «у» ва «ф» ҳарфларини нутқ қилиш туфлаш асносида «т» ва «ф» ҳарфларини нутқ қилишдан кўпроқ эмас. Уламолар намозда туфлаш жоиз эканига иттифоқ қилишган. Демак бу, намозда уфлаш ҳам жоиз эканини кўрсатади. Чунки иккиси ўртасида фарқ йўқ»[7].

2, 3 – Қасддан бирон нарса ейиш ёки ичиш

Ибн Мунзир раҳимаҳуллоҳ айтади: «Уламолар ижмо қилишича, ким фарз намозда қасддан бирон нарса еса ёки ичса, намозни қайтадан ўқиши вожиб бўлади»[8].

Шунингдек, жумҳур уламолар наздида мазкур ҳукм нафл намозларга ҳам тегишлидир. Чунки фарзни бузган нарса нафлни ҳам бузади.

Тўғрироқ фикрга кўра, намозда озми-кўпми бирон нарса ейиш, ҳатто тишлар орасига кириб қолган таом қолдиғини қасддан ютиб юбориш намозни бузади. Агар инсон намозда бирон нарсани беихтиёр ёки унутиб ютиб юборса, намози ботил бўлмайди[9].

4, 5, 6 – Намознинг бирон рукни, вожиби ёки шартини қолдириш

Бунга «намозини дуруст ўқимаган киши тўғрисидаги ҳадис» далолат қилади. Зеро, мазкур ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам аъробийга: «Бор, намозни қайтадан ўқи. Зеро, сен намоз ўқимадинг ҳисоб», деганлар.

Ушбу ҳадис шуни кўрсатадики, агар инсон намозда бирон рукнни қасддан тарк этса, намози шу заҳоти ботил бўлади. «Аммо унутиб тарк этса ва намоз асносида эсига келса, уни адо этади. Намоздан фориғ бўлгунча эсига келмаса ва орадан кўп вақт ўтган бўлса, у ҳолда намозни бошқатдан ўқийди. Агар намозни тугатиши биланоқ эсласа, ўша рукндан бошлаб қайтадан ўқийди. Жамоат (Имом Аҳмаднинг айрим катта шогирдлари)нинг ривоятига кўра, Имом Аҳмад шу фикрни айтган. Шунингдек, бу фикр Имом Шофеий ҳам фикридир. Имом Молик айтади: «Орадан ўтган вақтнинг узун ёки қисқалигини аниқлаш учун урф-одатга қайтилади»[10].

Намознинг вожиблари қасддан тарк этилса ҳам намоз бузилади. Аммо вожибни адашиб тарк этса, саждаи саҳв қилади, қолиб кетган вожибни бажариши шарт эмас[11].

Намознинг шартларидан бири тарк этилса, намоз дуруст бўлмайди.

7 – Қасддан ортиқча ҳаракат қилиш

Ортиқча ҳаракат деганда намоз жинсидан бўлмаган ҳаракатлар назарда тутилади.

Нававий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Намозда намоз жинсидан бўлмаган хатти-ҳаракатлар кўпайса намозни ботил қилишига, оз бўлса ботил қилмаслигига уламолар иттифоқ қилишган. Бундай хатти-ҳаракатларнинг намозни бузиш ёки бузмаслиги ўртасидаги меъёр шудир… Жумҳур уламоларнинг фикрича, бу урфга қараб белгиланади. Саломга алик олиш учун ишора қилиш, пойабзални ечиш, саллани кўтариш ёки тушириш, енгил кийимни кийиш ёки ечиш, ёш болани кўтариб олиш ёки ерга қўйиш, олдини кесиб ўтмоқчи бўлган кимса ёки ҳайвонни қайтариш, кийимдаги тупукни ишқалаш ва ҳоказо одатда одамлар оз санайдиган хатти-ҳаракатларнинг зарари йўқдир»[12].

Сўнг Нававий раҳимаҳуллоҳ кўп саналган хатти-ҳаракатлар учун кетма-кет қадам ташлашни мисол келтиради. Аммо бир неча қадам ташласа-да, ҳар бир қадамдан сўнг тўхтаб олган бўлса, кўп хатти-ҳаракат ҳисобланмаслигини айтади.

Кетма-кет қадам ташлаш билан намоз ботил бўлишига бирон далил йўқ. Аксинча, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг минбар устида намоз ўқиганлари ва намоз ўқиб турган жойларида орқача юриб минбардан тушганлари бунинг аксига далилдир. Шунингдек, Имом Бухорий муаллақ тарзда ривоят қилишича, Умар разияллоҳу анҳу масжидда икки устун ўртасида намоз ўқиётган бир кишини кўради. Умар уни ушлаб устун орқасига турғизиб қўяди ва: «Мана бу ерда намоз ўқи», дейди. Бошқа бир ҳадисда келишича, «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намозда олдиларидан ўтмоқчи бўлган мушукни қайтариш учун ҳатто қоринларини деворга ёпиштирадиган даражада олдинга юрадилар»[13].

Юқоридаги ривоятларнинг ҳеч бири намозда кетма-кет бир неча қадам ташлашдан холи эмас. Бинобарин, мазкур ривоятлар намозда бундай қилиш жоиз эканига далил бўлади. Шунга кўра, намозда инсонни чалғитадиган ва шариат намозда рухсат бермаган ҳар қандай хатти-ҳаракатлар намозни бузади, аммо шариат намозда рухсат берган ёки намозни тузатишга ёрдам берадиган хатти-ҳаракатлар намозни бузмайди, дейиш тўғрироқ бўлади.

8 – Намозда кулиш

Ибн Мунзир раҳимаҳуллоҳ айтади: «Уламолар кулиш намозни бузишига ижмо қилишган»[14]. Аксар уламоларнинг фикрича, намозда табассум қилиш намозни бузмайди.

Бу дегани намозда табассум қилиш жоиз дегани эмас. Чунки табассум намозда комил хушу билан, бутун диққат-эътиборни намозга қаратиб туришга зиддир. Бироқ намозда табассум қилса, намоз бузилмайди.

[1] Бухорий (1200, 4534), Муслим (539), Абу Довуд (949), Термизий (405) ривояти.
[2] «Ал-ижмоъ», 8-бет.
[3] Ибн Можа (2045) ва Ҳоким (198) Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилишган. Ҳадисни Ҳоким Бухорий ва Муслим шартига мувофиқ саҳиҳ деган, Заҳабий унинг бу фикрини маъқуллаган. Ибн Умар, Уқба ибн Омир, Абу Дардо ва Савбон разияллоҳу анҳумдан ривоят қилинган ҳадислар ушбу ҳадис мазмунини қувватлайди.
[4] Муслим (537), Абу Довуд (930), Насоий (3/14), Аҳмад (5/447) ривояти.
[5] Зулядайн ҳадиси саждаи саҳв бобида келтирилади.
[6] Ҳасан. Аҳмад (2/188), Абу Довуд (1194), Насоий (3/57) ривояти.
[7] «Фатҳ ал-Борий», 3/85.
[8] «Ал-ижмоъ», 8-бет.
[9] Қаранг: Нававий. «Ал-мажмуъ», 4/89-90-бетлар.
[10] «Ал-муғний», 2/4.
[11] Бунга оид тафсилотлар саждаи саҳв бобида келтирилади.
[12] Нававий. «Ал-мажмуъ», 4/92-93-бетлар.
[13] Саҳиҳ. Ибн Хузайма (827), Ибн Ҳиббон (2371), Ҳоким (1/254) ривояти. Ҳадисни Ҳоким Бухорий шартига мувофиқ саҳиҳ деган ва Заҳабий унинг бу фикрини маъқуллаган.
[14] Нававийнинг «Ал-мажмуъ» (4/89) китобидан нақл қилинди.

Изоҳ қолдиринг