БЎЛИМ: Маййит дафн этилганидан сўнг унга жаноза ўқиш (1)

0

БЎЛИМ

Қабрга юзланиб жаноза ўқиш

228 – Маййит дафн этилганидан сўнг унга жаноза ўқиш

«Маййитга жаноза намози ўқиш имконияти бўлатуриб уни жанозасиз кўмиш жоиз эмас. Саҳобалар, тобеинлар ва улардан сўнг яшаган фақиҳ уламолардан иборат мусулмонларнинг жумҳур уламолари шундай фикр билдирганлар»[1]. «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар ҳамда тобеинлардан келган хабарлар маййитга жаноза намози маййит кафанланганидан кейин ва кўмилишидан олдин ўқилишига далолат қилади. Бурундан мусулмонлар шунга амал қилиб келишган, бинобарин, шунга риоя қилишимиз лозим»[2]. Агар маййит жаноза ўқилишидан аввал кўмилган бўлса, қабрида турган ҳолатида унга жаноза ўқиш вожиб бўлади[3], гарчи маййит чақалоқ бўлса ҳам[4]. Маййитга жаноза ўқимаган киши маййит кўмилганидан сўнг унга жаноза ўқиши жоиздир[5].

Шайх Саъдий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Билишимча, бу масалада, яъни маййит қабрда ётган ҳолатида унга жаноза ўқиш жоиз эканида ихтилоф йўқ»[6]. Бироқ бу иш одат қилиб олинмаслиги ёки маййит кўмилганидан сўнг унга жаноза ўқиш афзал деган тушунчага бориб қолинмаслиги керак.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Масжидни бир қора хотин ёки йигит супуриб, тозалаб юрар эди. Бир куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни суриштирган эдилар, одамлар: “У ўлди”, деб айтишди. У зот: “Менга хабар берсангизлар бўлмасмиди?!” дедилар. Саҳобалар уни арзимас санаб, (Расулуллоҳга айтмай қўя қолишган) эди. “Менга унинг қабрини кўрсатинглар”, дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам. Қабрни кўрсатишганидан сўнг унга жаноза ўқидилар. Кейин: “Албатта бу қабрлар эгаларини зулмат билан қоплаб олган. Уларга жаноза ўқишим сабабли Аллоҳ азза ва жалла қабрларини нурлантиради”, дедилар»[7].

Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам маййит кўмилган қабр олдида туриб жаноза ўқидилар, намозда тўрт бора такбир айтдилар».

Бошқа ривоятда: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳануз тупроғи қуриб улгурмаган қабр олдига келиб тўхтадилар ва унга жаноза ўқидилар, одамлар у зотнинг ортларидан саф тортишди. Намозда тўрт бора такбир айтдилар»[8].

Имом Аҳмад айтади: «Қабрга жаноза ўқиш жоизлиги тўғрисида ким иккиланади?! Бу тўғрида Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан олтита ҳасан ровийлар силсиласи орқали ҳадислар ривоят қилинган»[9].

Ибн Абдулбар деди: «Мен у ҳадисларнинг барчасини «Тамҳид»да «жаййид» (ҳасан) санадлари билан зикр қилдим. Қолаверса, бу борада санади Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга борадиган учта ҳасан силсила билан ривоят қилинган ҳадисларни келтирдим. Шундай қилиб, жами тўққизта силсилага етди»[10].

[1] «Ал-иқноъ фий масоил ал-ижмоъ», 1/188, 1041-рақам.

[2] Миср диёри собиқ муфтийси Шайх Муҳаммад Мужоҳид фатвоси, 3299-рақам. «Ал-фатово ал-исломийя мин дор ал-ифто ал-мисрийя»дан (20/7401) кўчирилди.

[3] Қаранг: «Ал-муҳаззаб», 1/451; «Ал-ҳидоя шарҳ ал-бидоя», 1/383; «Ал-муғний», 3/444; «Ал-қавонин ал-фиқҳийя», 73-бет.

[4] «Доимий фатво қўмитаси»дан сўралди: «Олти ойлик чақалоғим вафот этди. Уни қабристонга олиб бориб дафн этдим, жанозасини ўқиш хаёлимга келмабди. Устига-устак, қабристоннинг бола кўмилган тарафини ҳам билмайман. Боланинг ўқилмаган жанозаси ўрнига ўтадиган қандайдир садақа ёки амал борми?

Жавоб: «Маййит ёш бола бўлсин, катта ёшли бўлсин, унинг жанозаси ўрнини босадиган бирор садақа ёки қандайдир савоб амал йўқ. Сиз болангизни кўмган қабристонга боринг, қабристон сиз билан қибланинг ўртасида қолсин. Сўнг шу ҳолатда болага жаноза намози ўқинг. Бунда таҳоратли бўлинг ва намознинг қолган шартларига риоя этинг. Модомики боланинг қабрини аниқ билмас экансиз, сизга шундай қилишингиз етарлидир». («Ал-буҳус ал-исломийя» журнали, 10/64-65, 549-фатво, 22/1/1393 ҳ.й.)

[5] Қаранг: «Ал-ум», 2/142; «Ал-муҳалло», 3/364, 581-рақам; «Ал-кофий», 2/50. Муаллиф: Ибн Қудома.

[6] Шайх Аллома Абдураҳмон ибн Носир ас-Саъдий раҳимаҳуллоҳ. «Мажмуъ ал-муаллафот», 10/478.

[7] Ҳадис тахрижи 57-масалада ўтди.

Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ ҳадис шарҳида айтади: «Бу ҳадисдан маййитнинг жанозасига кела олмаган киши қабрга қараб жаноза ўқиши шариатга мувофиқ ва шундай қилиш мустаҳаб амал экани маълум бўлади» («Ал-фавоид ал-илмийя», 5/431).

Яна бундай дейди: «Бу ҳадисдан қуйидагича фойда олиш мумкин: маййит вафот этса, бу ҳақда хабар топган одамлар унинг қабрига бориб жаноза ўқишлари суннатдир. Ким қабристонга бориб жаноза ўқишни хоҳласа, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам борганлари каби бораверади» («Ал-фавоид ал-илмийя», 5/478).

[8] Муслим ривояти, 954-ҳадис.

[9] «Таҳзиб ас-сунан», 3/1525.

Албоний деди: «Бу борадаги ҳадислар саҳиҳ ва мутавотирдир. Улар Абдуллоҳ ибн Аббос, Абу Ҳурайра, Анас ибн Молик, Зайд ибн Собитнинг укаси Язид ибн Собит, Омир ибн Рабеа, Жобир ибн Абдуллоҳ, Бурайда ибн Ҳусойб, Абу Саид Худрий ва Абу Умома ибн Саҳл тарафидан ривоят қилинган». «Ирво ал-ғалил фий тахриж аҳодис манор ас-сабил», 3/183. «Ал-мактаб ал-исломий» нашри, иккинчи нашр, 1405 ҳ.й.

[10] «Ал-истизкор», 8/248.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг