Эй иймон келтирганлар (81): Яҳудларни дўст тутиш ҳаромлиги

0

Эй иймон келтирганлар, Аллоҳ ғазаб қилган кимсаларни дўст тутманг. Улар охиратдан худди кофирлар қабрлардаги ўликларнинг қайта тирилишидан умидсиз бўлгани каби умидсиз бўлдилар” (Мумтаҳана, 13).

Шарҳ:

Ҳурматли ўқувчи, Мумтаҳана сураси охирида келган ушбу нидо суранинг бошидаги нидо каби мўминларга кофир ва мушрик кимсаларни дўст тутишни ҳаром қилди. Чунки кофир ва мушриклар Аллоҳнинг, Пайғамбарнинг ва мўминларнинг душманидир.

Аллоҳ таоло сура аввалидаги нидода яҳуд ва насоролардан иборат аҳли китобларни дўст тутишни ҳаром қилган эди, чунки улар ҳам Аллоҳ ва Расули ҳамда мўминларнинг душманидир. Ҳаром қилинган дўст тутиш деганда  – кофирларга ёрдам бериш, уларни яхши кўриш тушунилади. Зеро, уни яратган, ризқ бериб турган ва ҳаёти мобайнида турли балолардан асраган Раббига душманлик қилиши, Уни зикр қилмаслиги, шукр қилмаслиги, буюрган ва ман қилган ишларда Унга итоат этмаслиги, балки бунинг аксини қилиб Аллоҳ яхши кўрган ишларни ёмон кўриши, Аллоҳ ёмон кўрган ишларни яхши кўриши маъқул ва мақбул иш эмас. Яратувчисига душманлик қилган, Пайғамбар ва мўминларга уруш очган бундай махлуқлардан Аллоҳ паноҳ берсин. Шу сабаб кофирларни дўст тутиш катта гуноҳдир. Иймонида содиқ мўмин кишининг қалбида Аллоҳга, Пайғамбарга ва мўминларга душман бўлган кимасага муҳаббат қўйиш топилмайди. Бу ҳақдаги Аллоҳ таолонинг ушбу сўзини билиб қўйинг:

Эй Пайғамбар, Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирадиган қавмни Аллоҳ ва Расулига душманлик қиладиган кимсалар билан – гарчи ўз оталари, фарзандлари, ака-укалари ва қариндошлари бўлса-да – дўстлашаётганларини ва уларга муҳаббат қўяётганларини топмайсиз”.

Ўша кишилар”, яъни гарчи энг яқин жигари бўлса-да кофир кимсага муҳаббат қўймайдиган кишилар: “қалбига Аллоҳ иймонни мустаҳкамлаб қўйган”, яъни ўзгармайдиган ва йўқ бўлмайдиган пишиқ қилиб битиб қўйган “ва уларни қувватлаб қўйган”, далил-ҳужжат, ҳидоят ва нур билан қувватлаган кишилардир.

Охиратда уларни дарахтлари ва қасрлари остидан анҳорлар оқадиган жаннатларга киритади. Улар у жаннатларда абадий қоладилар”, ҳеч ўлмайдилар. Бунча неъматга қўшимча Аллоҳ улардан рози бўлди, энди уларга асло ғазаб қилмайди. Улар ҳам Парвардигорлари ато этган олий даражалар ва ҳурмат-эътибордан рози бўлдилар.

Ана ўшалар Аллоҳнинг ҳизби ва дўстларидир”, улар шайтоннинг ҳизби ва дўсти эмаслар. Чунки улар Раҳмон таолога итоат этдилар ва шайтонга итоатдан бирон улуш қўймадилар.

Аллоҳ бу эълонни қуйидаги сўзи билан тамомлади: “Ана ўшалар дунёю охират саодатига эришувчилардир” (Мужодала, 22). Яъни дўзахдан қутулиб, яхшилар диёри жаннатга кириш билан нажотга эришдилар.

Шайтоннинг ҳизби бўлган кофир, мушрик, фосиқ ва мужрим кимсалар қиёмат куни ўзларини ҳам, аҳли-оилаларини ҳам зиёнда қолдирадилар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай деди: “Эй Пайғамбар, айтинг: “Ҳақиқий зиён кўрувчилар қиёмат куни ўзларига ва аҳли оилаларига зиён келтирганлардир. Бу эса дунёда уларни йўлдан оздиришлари ва иймондан адаштиришлари туфайли бўлган. Билингларки, ўша мушриклар қиёмат куни ўзларини ва аҳли оилаларини бой беришлари очиқ-ойдин зиёндир” (Зумар, 15).

Мумтаҳана сурасининг сўнгидаги илоҳий нидога келсак, Аллоҳ таоло деди: “Эй иймон келтирганлар”, яъни Аллоҳни Раб, Исломни дин ва Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламни Пайғамбар деб иймон келтирган эй мўминлар!

Аллоҳ уларга ғазаб қилган кимсаларни дўст тутманг”, яъни уларга ёрдам қўлини чўзиш ва муҳаббат қўйиш билан дўстлашманг. Бу ўринда Раб таоло хоссатан яҳудлар билан дўстлашишни мўминларга ман қилди. Зеро Аллоҳ ғазаб қилган қавм яҳудийлардир. Аллоҳ таоло уларга ғазаб қилишининг сабаби яҳудийлар ҳақни билиб туриб ундан юз ўгиришди. Аллоҳ ҳаром қилган ишларни билиб туриб унга қўл уришди. Ҳидоятни билиб туриб уни тарк этишди ва залолатга эргашиб, шунда маҳкам туриб олишди. Бу қилмишлари Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлиш сабабларининг айримларидир.

Улар охиратдан умидсиз бўлдилар”, яъни дўзахдан қутулиб, жаннатга кириш саодатидан ноумид бўлдилар. Ноумид бўлишларига сабаб, улар Таврот ва Инжилдан хабардор эдилар. Бу илоҳий китобларда ҳақни билиб ундан юз бурган, Аллоҳ суйган ишларни ёмон кўрган, билъакс Аллоҳ ёмон кўрган ишларни яхши кўриб, шу ишларни қилиб юрган аҳли китоблар ва улар каби қавмлар устидан Аллоҳ таоло чиқарган ҳукм баён қилинган бўлиб, буни улар яхши билишар эди. Улар жиноятлар уммонига ғарқ бўлган ва ширк, куфр ҳамда Аллоҳ ҳаром қилган ишларни ҳалол санашдек ҳалок этувчи гуноҳларга ботган кунда дўзахдан қутулишдан ва жаннатга киришдан умидларини узган эдилар. Аллоҳ таоло уларнинг умидсизлигини ўлган одам тирилиб қабридан қайта чиқишидан умидсиз бўлган кофирларга ўхшатди. Кофир ҳолида ўлиб кетган кимсалар жаннатга киришдан умидларини уздилар, чунки улар куфрда, яъни кофир бўлиб ўлдилар. Шунингдек, қабрга кўмилган кофирлар ўлгандан сўнг яна дунёга қайтишдан, уларнинг яқинлари эса ўликларининг қайта тирилишидан умидсиз бўлганидек, яҳудлар ҳам ноумид бўлдиар. Буларнинг бари умидсизликдир. Демак, Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлган яҳудийлар дўзахдан қутулиб, жаннатга кириш билан охират саодатини топишдан умидсиз бўлдилар, ҳуддидкофирлар қабрлардаги ўликларнинг қайта тирилишидан умидсиз бўлгани каби. Сиз азиз ўқувчи эсда олиб қолишингиз ва Аллоҳнинг ғазаби ва азобига дучор бўлиб қолишдан паноҳ тилашингиз учун бу сўзларни қайта-қайта зикр қилдик.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг