Маййит дафн этилганидан сўнг унга жаноза ўқиш (2)

0

228 – Маййит дафн этилганидан сўнг унга жаноза ўқиш

(Давоми)

Эътироз: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам қабристонда ҳамда қабрларга қараб намоз ўқишдан қайтармаганмилар?!»

Жавоб: Ҳа, шундай. «Қабрга қараб намоз ўқиган Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари шу гапни айтганлар. Униси сўзлари, буниси амаллари, иккаласи бир-бирига зид эмас. Чунки қайтарилган кўринишда қабрга юзланиб намоз ўқиш билан қабрга жаноза ўқиш бошқа-бошқа ишлардир. Маййитга жаноза намози ўқиш бирор маконга хосланган иш эмас, балки уни масжиддан бошқа жойда адо этиш масжидда адо этишдан афзалроқ саналади. Маййитнинг қабрига қараб жаноза ўқиш унинг тобутига қараб жаноза ўқиш билан бир хил. Чунки иккала ҳолатда ҳам қасд қилинувчи маййитнинг ўзидир. Шундай экан, маййит ер устида бўладими, тобутда бўладими ёки ер остидами, фарқсиздир. Қолган намозлар ундай эмас. Зеро, улар на қабристонда ва на қабрлар қаршисида ўқилиши тўғрисида шариат тарафидан кўрсатма келмаган. Чунки ундай қилиш қабрлар масжид қилиб олинишига восита бўлиб хизмат қилади. Қабрларни масжид қилиб олувчиларни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам лаънатлаганлар[1]. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қилувчисини лаънатлаган, ундан огоҳлантирган, у ишни қиладиганлар одамларнинг энг ёмони эканини баён этиб: “Одамларнинг энг ёмони қиёмат қоим бўлганида тирик бўлганлар ва қабрларни масжид қилиб олганлардир[2], дея хабар берган иш билан ўзлари такрор-такрор қилган иш тенг бўладими?! Тавфиқ Аллоҳдандир»[3].

«Агар айтилса: “У вақтда жаноза намозининг фарзлиги Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўқисаларгина соқит бўлар, у зот кимгадир жаноза ўқимасалар, гўёки жанозасиз кўмилгандек бўлар эди. Бунга у зотнинг: «Мен орангизда эканман, ўзга кимса маййитларингизга жаноза ўқимасин»[4], деган сўзлари далил бўлади”.

Бу эътирозга қуйидагича жавоб берамиз: Сиз айтган гап тўғри эмас. Агар тўғри бўлганида, саҳобалар ҳеч бир маййитни Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга жаноза ўқишларидан аввал кўммаган бўлар эдилар. Маййитни кўмганлари учун Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга эътироз билдирмадилар, “Сизларни бундан қайтармаганмидим?” демадилар, балки: “Модомики сизларнинг орангизда эканман, бирор киши ўлса албатта мени чақиринглар. Зеро, менинг маййитга ўқиган намозим у учун раҳматдир”, дедилар[5]. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам мазкур сўзлари билан маййитга жаноза ўқишлари у учун раҳмат ва фазилат эканини, фарзни соқит қилиш учун эмаслигини баён қилдилар. Шунинг учун ҳам саҳобалар: “Сизни безовта қилгимиз келмади”, дейишганида, у зот: “Мени безовта қилмаслик учун фарзни зое қиласизларми?” демадилар. Саҳобалар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни фарз намоз учун уйғотар эдилар. Бир куни у зот бомдод намозига кечикканларида саҳобалар: “Намоз уйқудан яхшироқдир”, дея нидо қилганлар[6]. Шунингдек, пешин намозига ҳам уйғотар эдилар.

Агар: “Эҳтимол саҳобалар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қайтарганларидан бехабар бўлгандирлар?” дейилса, айтамизки: Агар шундай бўлганида, саҳобалар: “Биз буни билмабмиз”, дея узр айтишлари керак эди, “Сизни безовта қилгимиз келмади”, деб эмас. Чунки ўлим кўп содир бўладиган ҳодисадир. Қолаверса, улар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари ва амалларини кўп-кўп сўраб турар эдилар. Шундай экан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқаси жаноза ўқиши тақиқланган, саҳобалар эса бундан хабарсиз бўлишлари мумкин эмас эди. Шу билан мазкур эҳтимол ҳам йўққа чиқади.

Агар айтилса: “Балки қабрга қараб жаноза ўқиш Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам учун хос иш бўлгандир? Шунинг учун ҳам у зот: «Албатта бу қабрлар зулмат билан тўлгандир. Қачон мен уларга жаноза ўқисам, нурга тўлади»[7], дегандирлар?”

Бу эътирозга бундай жавоб берамиз: Аллоҳ таолонинг: “Албатта сизлар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал ўрнак бордир” (Аҳзоб, 21) оятига биноан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш вожиб бўлади. “Бу иш Расулуллоҳ учун хосдир” деган иддао далилга муҳтож. Агар “мазкур иш Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам учун хос бўлган”, дейиш жоиз бўлса, “у зотнинг маййитларга ўқиган жанозалари ўзларига хос эди, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг барча ишлари ўзларига хос ишлар эди”, дейиш ҳам жоиз бўлиб қолади. Бироқ ҳеч ким ундай демайди. Шунинг учун Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ агар жанозани маййитнинг валийсидан бошқа киши ўқиган бўлса, валий қабрга бориб жаноза ўқиши жоиз, дейди. Демак, у кишининг наздида мазкур иш Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга хос эмаслиги маълум бўлади»[8].

[1] Ҳадис тахрижи 181-масалада ўтди.

[2] Имом Аҳмад ривояти, 6/394, 3844-ҳадис. Шайхулислом Ибн Таймия «Иқтизо» китобида (2/186) ҳадис санадини «жаййид» (ҳасан) деган.

[3] Имом Ибн Қаййим. «Иълом ал-муваққиъин ан Раббил оламин», 2/263. Муҳаққиқ: Муҳаммад Иброҳим. «Дор ал-кутуб ал-илмийя» нашриёти, биринчи нашр, 1411 ҳ.й.

[4] Ҳадисни бу лафз билан учратмадим. Имом Аҳмад «Муснад»да (32/201, 19452-ҳадис) Хорижа ибн Зайддан, у амакиси Язид ибн Собитдан ривоят қилади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан чиқдик. Бақеъга етиб борсак, янги қабр турган экан. У зот қабр ҳақида сўрадилар. “Фалон аёл(нинг қабри)”, дейилди. У зот аёлни танидилар ва: “Мени чақирсангиз бўлмасмиди?!” дедилар. Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, қайлула қилаётган (яъни кундузи ухлаб дам олаётган) эдингиз, рўзадор эдингиз, сизни безовта қилгимиз келмади”, деб жавоб беришди. Шунда у зот бундай дедилар: “Қайтиб ундай қилманглар. Модомики сизларнинг орангизда эканман, бирор киши ўлса албатта мени чақиринглар. Зеро, менинг маййитга ўқиган намозим у учун раҳматдир”. Сўнг қабр олдига келдилар». Ибн Абдулбар «Ат-тамҳид»да (6/271) ҳасан санаган.

[5] Аввалги манбага қаралсин.

[6] Имом Аҳмад «Муснад»да (26/400, 16477-ҳадис) ривоят қилган, азоннинг бошланиши қиссаси баён этилган ҳадисга ишора қилиняпти. Ҳадисда бундай дейилади: «Сўнг азон айтишга буюрдилар. Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг мавлоси (озод қилган қули) Билол шу сўзлар билан азон айтар, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни намозга чақирар эди.

Бир куни тонгда келиб, у зотни бомдод намозига чақирди. Ичкаридан: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ухлаяптилар”, деган жавоб бўлди. Шунда Билол бор овози билан: “Намоз уйқудан яхшироқдир”, деб бақирди».

[7] Ҳадисни бу лафз билан учратмадим.

Бухорий (458) ва Муслим (956) Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Албатта бу қабрлар эгаларини зулмат билан қоплаб олган. Уларга жаноза ўқишим сабабли Аллоҳ азза ва жалла қабрларини нурлантиради».

[8] Абул Хаттоб ал-Калвазоний ал-Ҳанбалий (вафоти: 510 ҳ.). «Ал-интисор фил-масоил ал-кибор», 2/640-641. Муҳаққиқ: Аваз ал-Авфий. «Мактаб ал-Убайкон» нашри, биринчи нашр, 1413 ҳ.й.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг