Эй иймон келтирганлар (82): Айтган сўзига амал қилмайдиган кишиларга дашном ва Аллоҳ майдонда собит турувчи мужоҳидларни яхши кўриши ҳақида

0

Эй иймон келтирганлар, нега қилмайдиган ишингизни гапирасиз?! Ўзингиз қилмайдиган ишни тилларингиз билан айтишингиз Аллоҳ наздида ўта манфур ишдир. Аллоҳ Унинг йўлида мустаҳкам бинодек сафга тизилиб, жанг қиладиган кишиларни яхши кўради” (Саф, 2-4).

Шарҳ:

Аллоҳ таолонинг: “Эй иймон келтирганлар, нега қилмайдиган ишингизни гапирасиз?!” деган бу нидоси мусулмонларнинг ўзаро гаплашиб ўтирган бир жамоаси ҳақида нозил бўлган. Улар: “Агар Аллоҳга энг суюкли амал нима эканини билганимизда албатта ўша амални қилган бўлардик”, дедилар. Аммо ўша амални билганларидан сўнг заифлик қилиб, айтган сўзларига амал қилмадилар. Шу мазмундаги яна бир оятда Аллоҳ таоло деди: “Эй пайғамбар, сиз жиҳодга изн берилишидан илгари уларга: “Мушрик душманларингиз билан жанг қилишдан қўлингизни тийинг ва Аллоҳ сизларга фарз қилган намоз ва рўзани адо этинг” деб айтилган анави кишиларнинг ишларини билмадингизми?! Уруш фарз қилингач, улардан бир гуруҳининг аҳволи ўзгарди ва улар одамлардан худди Аллоҳдан қўрққандек ёки ундан ҳам қаттиқроқ қўрқа бошладилар” (Нисо, 77). Яъни жанг бошлангач, қўрқоқлик қилиб, ўтириб олдилар. Бу нидо гарчи бир гуруҳ одамлар ҳақида нозил бўлган бўлса-да, лафзнинг умумийлиги эътибор қилинади, нозил бўлиш сабабининг хослиги эмас. Шундай бўлгач, мусулмонлар орасида ҳамиша ва қаерда бўлмасин, ҳақларида ушбу оят нозил бўлган кишилар ҳолига тушиб қолувчилар бўлиши мумкин. Қуръон ҳидоят ва ислоҳ қилувчи бўлган китобдир. Мўминлар унга ҳар замон ва ҳар маконда муҳтождирлар.

Аллоҳ таоло: “нега қилмайдиган ишингизни гапирасиз?!”, яъни нега ваъда бериб, вафо қилмайсиз, деди. Бу оят ваъда бериб устидан чиқмайдиган, ваъдасига вафо қилмайдиган ҳар бир кишига дашном ва танбеҳдир. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам умматларига мунофиқ кишининг аломатини билдириб: “Гапирса ёлғон гапиради, ваъда қилса бажармайди, омонат қўйилса хиёнат қилади”, деб, ваъдага хилоф қилишни нифоқ аломатидан санаганлар. Шунинг учун оятдаги: “нега қилмайдиган ишингизни гапирасиз?!”, дегандаги сўроқ койиш ва дашном бериш маъносидадир.

“Фалон-писмадон амалларни қилдим” деб, қилмаган ишини қилдим дейдиган киши ҳам берган ваъдасининг устидан чиқмаган ваъдабоз билан бир хил ҳукмдадир. Негаки, Аллоҳнинг: “нега қилмайдиган ишингизни гапирасиз?!” сўзи нега қилмаган ишингизни қилдик деб айтасиз, деган маънони ҳам ўз ичига олади. Бунинг мисоли бир кишининг: “Жанг қилдим, найзалар санчдим, садақалар бердим” деб айтишига ўхшайди, ҳолбуки у жанг қилмаган, найза санчмаган, садақа ҳам бермаган бўлади.

Ўзингиз қилмайдиган ишни тилларингиз билан айтишингиз Аллоҳ наздида ўта манфур ишдир”, яъни фалон-фалон ишларни қиламиз деб туриб қилмаслигингиз азобга ва Аллоҳнинг ғазабига дучор қилувчи ишлардандир. Аллоҳ сақласин.

Аллоҳ Унинг йўлида мустаҳкам бинодек сафга тизилиб, жанг қиладиган кишиларни яхши кўради”. Бу оятда ўтган оятдаги: “нега қилмайдиган ишингизни гапирасиз?!” деб дашном берилган кишилар жиҳод қилишга ваъда бериб, сўнг жиҳодга чиқмай, ваъдаларига хилоф қилган эканларига очиқ ишора бор. Бундан ташқари, Уҳуд жангида жанг майдонидан қочган кишиларга ҳам ишора бор.

Аллоҳ таоло жиҳод каби муҳим ишларда катта ваъдаларни бериб, вақти келганда ваъдасига вафо қилмаган кишиларга ғазаб қилиши муқобилида Унинг йўлида бир-бирига жипс ёпишган, бирон ёриқ ё бўшлиқ бўлмаган мустаҳкам бинодек сафга тизилиб жанг қиладиган мужоҳидларни яхши кўради.

Аллоҳ таоло айрим солиҳ бандаларининг қилган ишидан рози бўлиб кулиши ҳақида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг айтган ушбу сўзларига диққат қилинг: “Уч кишига Аллоҳ таоло кулиб боқади: тунда намоз ўқиш учун турган кишига, намоз учун саф тортиб турган қавмга ва жанг майдонида душманга қарши сафда тизилиб турган мужоҳидларга”.

Ҳатто, баъзи салафлар Аллоҳ таолонинг шу сўзларига кўра отда жанг қилмас, пиёдалар сафида туриб жанг қилишни афзал кўришар эди. Тобеинлардан бўлган Абу Баҳрия раҳимаҳуллоҳ бундай дер эди: “Агар мени жанг майдонида тизилган сафдан озгина бўлса-да бурилганимни кўрсангиз, тарсаки билан уринглар”. Шунга кўра, жанг тақозо этган бирон заруратсиз жанг майдонидан қочиш ва сафдан чиқиш ҳаромдир. Аллоҳ таоло айтган: “Эй иймон келтирганлар, жанг майдонида кофирлар билан тўқнашган пайтингизда орқа ўгириб қочманглар. Сизлардан ким душманга тўқнаш келган вақтда уларга орқа ўгириб қочса, – кофирларга ҳийла ишлатиш учун ёки шу жангда ҳозир бўлган мусулмон гуруҳларидан бирига қўшилиш учун ортга чекинган киши бундан мустасно, – у Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлибди ва унинг жойи жаҳаннамдир. Жаҳаннам нақадар ёмон оқибат!” (Анфол, 15-16).

Бу илоҳий нидодан қуйидагиларни хулоса қилиш мумкин:

  • Ёлғон гапириш ва ваъдага хилоф қилиш ҳаром экани. Фалон ишни қиламан деб қилмаслик ёлғон ва ваъданинг устидан чиқмасликдир. Бундай сўз айтувчи Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлади. Аллоҳнинг ғазабига қолган киши нажот топмайди.

  • Аллоҳ йўлидаги жиҳоднинг, ҳамжиҳат ва бир тану бир жон бўлишнинг фазилати. Ихтилоф ва сафни бузиш ҳаром экани.

  • Намозда сафда турганда орада бўш жой қолдирмай зич туриш лозимлиги ва бу ҳолат Аллоҳ таоло яхши кўрадиган ишлардан экани. Шунинг учун жиҳод майдонида ҳам, намозда жамоат бўлиб турганимизда ҳам зич ва тизилиб туришга ҳаракат қилайлик.

Аллоҳ бандаларига меҳрибон зотдир.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг