Намознинг фазилати ва уни адо этишга тарғиб

0

Намознинг фазилати ва уни адо этишга тарғиб

Аллоҳ таоло шундай дейди: “Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган,  намозни тўкис адо этган,  закотни (ҳақдорларга) ато қилган ва ёлғиз Аллоҳдангина қўрқадиган зотларгина обод қилурлар.  Ана ўшалар ҳидоят топгувчи зотлар бўлсалар,  ажабмас” [Тавба: 18].

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим: “Айтингларчи, агар биронтангизнинг эшиги олдидан бир дарё ўтса-ю, унда кунига беш маҳал ювинса, унинг (баданида) бирон кир қоладими?”. (Саҳобалар): “(Баданида) бирон кир қолмайди” – дедилар.  Шунда расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Беш маҳал намознинг мисоли ҳам шундай, Аллоҳ намоз сабаб гуноҳларни ювади[1].

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Беш вақт намозлар ва жумадан жумагача бўлган муддат, модомики катта гуноҳларга қўл урилмас экан,  ўрталаридаги (содир этилган гуноҳлар) учун каффоратдир[2].

Амр ибн Мурра Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурига келиб шундай деди: “Эй Расулуллоҳ, айтингчи, агар мен “албатта, Аллоҳдан ўзга ҳақ маъбуд йўқ ва сизни Аллоҳнинг Расули”, деб гувоҳлик берсам, беш вақт намоз ўқисам, закотни адо қилсам, Рамазон рўзасини тутиб, кечасида тоат-ибодат қилсам кимлардан ҳисобланаман?”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Сиддиқ ва шаҳидлардан (ҳисобланасан)[3].

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдига келиб, у зотдан энг афзал амал тўғрисида сўради. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “(Энг афзал амал) намоз” – дедилар. “Ундан кейинчи?” – деди ҳалиги киши. “Намоз” – дедилар у зот. “Ундан кейинчи?” – деди киши. “Ундан кейин намоз” – дедилар Пайғамбар алайҳиссалом. “Ундан кейинчи?” – такрорлади ҳалиги киши. “Ундан кейин Аллоҳ йўлидаги жиҳод” – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам[4].

Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам қиш фаслида (кўчага) чиқдилар. Дарахтларнинг барглари тўкилар эди. (Менга қарата шундай) дедилар: “Эй Абу Зар!”. “Лаббай, эй Расулуллоҳ” – дедим мен. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Мусулмон банда Аллоҳнинг розилигини истаб намоз ўқир экан, мана бу дарахтнинг барглари тўкилганидек унинг гуноҳлари тўкилади[5].

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим: “Бирон бир мусулмон фарз намозининг вақти кирганида маромига еткизиб таҳорат олса ва намозни хушуъ билан, рукуъ (ва сажда)ларини ўрнига қўйиб адо этса, модомики катта гуноҳ қилмаган бўлса, (ўқиган бу намози) ўтган гуноҳларига каффорат бўлади. Бу ҳолат, (яъни мазкур тарзда ўқиган ҳар бир фарз намозининг ўтган кичик гуноҳларига каффорат бўлиши) умр бўйи давом этади[6].

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Кунлардан бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозни ёд қилдилар ва шундай дедилар: “Ким намозни асраб-авайласа, (яъни уни ўз вақтида, мукаммал даражада адо этса) қиёмат куни унга нур, ҳужжат ва нажот бўлади. Ким намозни асраб-авайламаса унинг учун ҳужжат, нур ва нажот бўлмай, қиёматда Қорун, Ҳомон, Фиръавн ва Убай ибн Халафлар билан бирга бўлади[7].

Намознинг фазилати ҳақидаги ҳадислар жуда кўп бўлиб, юқорида зикр қилганларимиз Аллоҳ муваффақ қилган, мадад берган кимсаларга кифоядир.

[1] Бухорий (528), Муслим (667), (матн уники), Термизий (2868) ва Нисоий (1\ 230) ривоят қилган.

[2] Муслим (233), Термизий (214) ва Ибн Можа (1086) ривоят қилган.

[3] Ибн Хузайма (2212), ва Ибн Ҳиббон (3438) ривоят қилган. Албоний “Саҳиҳут тарғиб” (361) асарида саҳиҳ деган.

[4] Ҳасан. Имом Аҳмад (2\ 172) ва Ибн Ҳиббон (1722) ривоят қилган.

[5] Аҳмад (5\ 179) ҳасан ровийлар шажараси ила ривоят қилган. Шунингдек,  шайх Албоний “Саҳиҳут тарғиб” (384) асарида ҳасан деган.

[6] Муслим (228), Аҳмад (5\ 260) ва Ибн Ҳиббон (1044) ривоят қилган.

[7] Саҳиҳ. Аҳмад (2\169), Доримий (2721), Таҳовий (4\ 229) ва Ибн Ҳиббон (1467) ривоят қилган (матн унга тегишли).

Изоҳ қолдиринг