Абу Бакр разияллоҳу анҳу: Ярмук жанги (3)

0

Румликларнинг чап қаноти мусулмон қўшинининг ўнг қанотига ҳамла қилиши

Румликлар мусулмонлар устига ёпирилиб, шиддатли ҳужум бошладилар. Уларнинг чап қаноти мусулмонларнинг ўнг қанотига ҳамла қилиб, мусулмон қўшини марказини ёриб ўтишга муваффақ бўлди. Муоз ибн Жабал баланд овозда: “Эй Аллоҳнинг мусулмон бандалари, душманнинг ҳамласи ўта шиддатли бўлмоқда. Аллоҳга қасамки, уларни фақат мардонавор қарши олиш ва сабр-матонат билан олишиш билангина чекинтира оламиз”, деб ҳайқирди. Сўнг отидан сакраб тушиб: “Ким от устида урушаман деса, отимни олаверсин, мен пиёдалар билан жанг қиламан”, деб пиёда аскарлар ичига кириб кетди.

Азд, Мазҳиж, Ҳазрамавт ва Хавлон қабилаларига мансуб аскарлар сабот билан туриб, Аллоҳнинг душманлари йўлини тўсдилар. Бироқ душманнинг мўр-малахдек ёпирилган улкан қўшинига дош беролмай ортга чекиндилар, натижада исломий қўшиннинг ўнг қанотидан марказга йўл очилди. Мусулмонларнинг катта бир гуруҳи байроқлар остида душманга қарши мардонавор урушишда давом этди. Улар румликларнинг ҳужумини қайтаришга муваффақ бўлдилар ва душманнинг янада ичкарилашига имкон бермадилар. Бу орада мусулмон аёллар ҳам ортга чекинаётган аскарлар йўлига чиқиб, уларни ёғоч ва тошлар билан уриб, ортга қайтишга мажбурладилар[1].

Икрима ибн Абу Жаҳл: «Расулуллоҳ билан бир неча ўринда урушганман, энди бугун сизлардан қочар эканманми?!» деб ҳайқирди. Сўнг: «Ким мен билан бирга ўлишга байъат беради?» деди. Амакиси Ҳорис ибн Ҳишом ҳамда Зирор ибн Азвар бошлиқ 400 чоғли баҳодир ва суворий аскарлар унинг чақириғини қабул қилиб, ўлимга байъат қилдилар. Улар Холиднинг чодири яқинида душман билан жанг олиб бордилар. Сабот билан урушдилар, кўплари яраланди, баъзилари шаҳид бўлди. Шаҳидлар ичида Зирор ибн Азвар разияллоҳу анҳу ҳам бор эди[2].

Воқидий ёзади: «Улар жароҳат олиб йиқилган жойларида ташналикдан сув сўрадилар. Озроқ сув топиб келишди. Сувни улардан бирининг оғзига тутилганда у шеригининг сувга қараб турганини кўриб, аввал унга беринглар, деди. Униси яна бошқасига беришларини сўради. Шундай қилиб, сув улар ичида бир айланиб чиқди, ҳаммаси бир қултум ичмасдан шаҳид бўлдилар».

Айтишларича, ўша куни биринчи шаҳид бўлган киши жанг олдидан Абу Убайда ёнига келиб: “Мен бугун сафарга тайёрланиб турибман, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга бирон гапинг борми?” деб сўради. Абу Убайда: “Ҳа, у зотга менинг саломимни етказ ва: “Эй Расулуллоҳ, биз Раббимизнинг ваъдаси ҳақлигини кўрдик”, деб айт”, деди. Шундан сўнг у одам қаҳрамонларча урушиб шаҳид бўлди[3].

Румликларнинг ўнг қаноти мусулмонларнинг чап қанотига ҳамла қилиши

Румликларнинг Қанотир бошчилигидаги ўнг қаноти мусулмонларнинг чап қанотига шиддатли ҳамла қилди. Чап қанот Кинона, Қайс, Хасъам, Қузоа, Омила ва Ғассон қабилаларига мансуб аскарлардан ташкил топганди. Улар душман ҳамласига дош беролмай чекинишга мажбур бўлишди. Қўшин маркази чап томондан очилиб қолди ва румликлар ортга чекинаётган мусулмонларни таъқиб қилиб, уларни лашкаргоҳларигача қувиб борди. Мусулмон аёллар қочаётганлар олдига чиқиб, уларни тош ва таёқлар билан урар, уларга: «Исломнинг иззати, оналар ва хотинларнинг иффатини ҳимоя қилиш қаерда қолди?! Қаерга қочяпсизлар, бизни олчоқ кофирларга ташлаб кетяпсизларми?!» дейишарди. Уларнинг таъна-дашномлари таъсир қилиб, ўзларининг аҳволидан хижолат бўлган аскарлар яна ортга қайтиб, душман билан олишиб кетарди. Шиддатли жангларда ҳар икки томондан кўплаб одам ўлдирилди. Шу жангда Саид ибн Зайд шаҳид этилди. Румликларнинг чап қаноти ҳужумни янада кучайтирди. Улар Амр ибн Ос қўшини устига шиддат билан ёпирилдилар, мақсадлари уларни ёриб ўтиб, умумқўшинни ҳар тарафдан ўраб олиш эди. Амрнинг қўшини мардонавор жанг қилди, лекин румликлар уларни чекинтиришга муваффақ бўлдилар. Мусулмон аёллар тепаликдан тушиб келиб, қочаётган аскарларнинг юзларига ура бошладилар. Амрнинг қизи нидо қилди: «Жуфти ҳалолини ташлаб қочаётган эркакни Аллоҳ хор қилсин! Қизини ташлаб қочаётган отани Аллоҳ хор қилсин!» Бошқа аёллар ҳам: «Агар бизни ҳимоя қилолмасангиз сизлар бизнинг эрларимиз эмассиз!» деб чувуллашди. Шу билан улар мусулмонларнинг ҳамиятини қўзитиб, эсларини жойига келтирдилар. Мусулмон аскарлар руҳланиб, яна жангга шўнғиб кетдилар ва румликларга шиддатли қарши ҳужум уюштириб, уларни эгаллаб олган мавқеларидан суриб чиқардилар[4].

[1] Аздий. «Футуҳ аш-Шом», 222-бет.
[2] “Тартиб ва таҳзиб ал-бидоя ван-ниҳоя”, 170-бет.
[3] “Ал-бидоя ван-ниҳоя”, 7/12.
[4] «Ал-амалиёт ат-тааррузия вад-дифоия», 174-бет.

Изоҳ қолдиринг