Кўп эрлилик ҳақида

0

Савол:

Эркаклар биттадан тўрттагача хотинни никоҳларига олишлари ҳақида Қуръон ва суннатда бир қанча далиллар бор. Аёл киши фақат бир эркакнинг никоҳида бўлишига ҳам далил борми?

Жавоб:

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримизга салавот ва саломлар бўлсин!

Аёл киши бир вақтда бир неча эркакка никоҳланиши ҳаром экани ҳақида Қуръон ва суннатда кўплаб далиллар бор. Жумладан:

  1. Ва эрлик аёллар(га никоҳланишингиз ҳам ҳаром қилинди)” (Нисо: 24).

  2. Аллоҳ таоло иддадаги аёлларга совчи қўйиш ҳақида: “То идда муддати битмагунича никоҳ боғлашга қасд қилманглар” (Бақара: 235) – деган. Агар иддадаги аёлга никоҳланиш мумкин бўлмаса, ҳануз эрининг никоҳида бўлган аёлга совчи қўйиш ёки унга никоҳланиш янада ҳаромдир.

  3. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бирон киши ўз биродарининг совчиси устига совчи қўймасин” (Бухорий ва Муслим ривояти) – деб, бошқа одам қўлини сўраб турган аёлга совчи қўйишдан қайтарган бўлсалар, бировнинг никоҳидаги аёлни никоҳига олишнинг ҳукми нима бўлади деб ўйлайсиз?!

Албатта “бунинг ҳикмати нима экан?”, деган савол туғилади. Бунинг ортидаги ҳикматлар сон-саноқсиздир. Масалан, аёлга эркакка нисбатан кам шаҳват берилгани, аёл бир вақтнинг ўзида бир неча эркакнинг уй юмушларини қила олмаслиги. Кўпхотинликдан кўзда тутилган мақсадлардан бири фарзандни кўпайтириш. Бу эса кўп эрлилик билан эмас, кўпхотинлик билан амалга ошади. Бироқ мусулмон киши шариатимизда айтилган ҳукмларни бажарар экан, бу ҳукмларнинг ортидаги Аллоҳ таолонинг ҳикматларини тушуниши шарт эмас. Бу ҳукм Аллоҳ таоло тарафидан айтилган экани унга кифоя қилмоғи лозим. Бу ҳақда Аллоҳ таоло: “Ким чиройли амал қилувчи бўлган ҳолида ўзини Аллоҳга топширса, у мастаҳкам халқани ушлабди…” (Талоқ: 4), – деган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам имом Муслим ривоят қилган ҳадисда: “Аллоҳни Раб деб, исломни дин деб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни Пайғамбар деб рози бўлган киши иймон ҳаловатини тотади” – деганлар, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг