Эй иймон келтирганлар (83): Қимматбаҳо жаннат таклифи ва унинг баҳоси бўлмиш иймон ва жиҳод баёни

0

Эй иймон келтирганлар, сизларни аламли азобдан қутқариб қоладиган ўта улкан тижоратга йўллаб қўяйми? Аллоҳ ва Расулига бўлган иймонингизда давом этасиз, Аллоҳнинг йўлида молларингиз ва жонларингиз билан жиҳод қиласиз. Мана шу – агар фойда-зарарни билсангиз, – сизлар учун дунё тижоратидан кўра яхшироқдир. Шу ишни қилсангиз, Аллоҳ гуноҳларингизни кечиради ва сизларни дарахтлари ва қасрлари остидан анҳорлар оқиб турадиган жаннатларга ҳамда мангу қолинадиган жаннатлардаги покиза масканларга киритади. Мана шу энг катта бахтдир. Эй мўминлар, сизлар учун ўзингиз яхши кўрадиган яна бир неъмат бор. У сизларга келадиган Аллоҳнинг нусрати ва қўлингизда яқинда амалга ошадиган фатҳдир. Эй Пайғамбар, мўминларга дунёда ғалаба ва фатҳ, охиратда эса жаннат хушхабарини беринг” (Саф, 10-12).

Шарҳ:

Ҳурматли ўқувчи, бу илоҳий нидо катта фойда келтирувчи улкан тижоратга таклиф этмоқда, унга тарғиб ва ташвиқ қилмоқда. Бу услуб инсонлар бир-бирини қизиқтириб: “Мана бу нарсага нима дейсан?”, “Мана бунга иштиёқинг борми?”, деб айтишганига ўхшайди.

Бу нидодаги сўроқнинг маъноси: “Эй мўминлар, сизларни фалон-фалон сифатдаги катта тижоратга йўллаб қўяйми?” деганидир. Чунки улар: “Аллоҳ таолога энг суюкли амал нима эканини биганимизда шуни қилган бўлардик”, дейишган эди. Шунда Аллоҳ таборака ва таоло оят нозил қилди: “Эй иймон келтирганлар”, яъни Аллоҳга, қиёмат куни Унга йўлиқишга, Қуръон ва ундаги барча аҳкому хабарларга, Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламга ва у зот олиб келган динга иймон келтирган эй мўминлар: “сизларни аламли азобдан қутқариб қоладиган ўта улкан тижоратга йўллаб қўяйми?”. Аламли азоб дунёда душман тарафидан босиб олиниш, фақирлик ва хавф-хатар бўлса, охиратдагиси дўзах азобидир. Жаҳаннамга тушиш нақадар ёмон оқибатдир! Ҳаётнинг лаззат ва роҳатларини кесадиган ҳар қандай нарсага азоб дейилади. Энди бу азобга аламли сўзининг қўшилиши унинг ўта қаттиқ азоб бўлишини кўрсатади. Аллоҳ сақласин.

Улкан тижоратга тарғиб ва ташвиқдан сўнг Аллоҳ таоло бундай катта фойдани қўлга киритиш учун тўланадиган қийматни мўминларга баён қилиб деди: “Аллоҳ ва Расулига бўлган иймонингизда давом этасиз”, яъни Аллоҳнинг улуҳиятига, қиёмат куни Унга йўлиқишга, Унинг ваъда ва таҳдидларига, Пайғамбарига, у зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган ва унга даъват этган динга иймон келтирасиз ҳамда: “Аллоҳнинг йўлида жиҳод қиласиз”. Аллоҳнинг душманларига ва сизнинг душманингиз бўлган, сизга қарши уруш очган мушрик ва кофирларга қарши жиҳод қиласиз. Чунки улар сизнинг ҳам, Раббингизнинг ҳам душманларидир. Улар Аллоҳдан бошқага ибодат қилиш, Унинг йўлидан бошқа йўлда юриш билан Унга уруш эълон қилишган.

Молларингиз ва жонларингиз билан”… Аллоҳ таоло мол-мулк жиҳодини жон жиҳодидан муқаддам қўйди. Чунки жанг қилмоқчи бўлганлар учун жиҳодга тайёргарлик бу ўринда бирламчи вазифа бўлади. Мол-мулк уруш тадоригини кўриш учун зарурийдир. Тайёргарликдан мурод қурол-аслаҳа, озиқ-овқат ва мужоҳидлар миниши учун турли от-уловлардир.

Душманга қарши молиявий жиҳоддан сўнг жон билан қилинадиган жиҳодни келтирди. Жон билан жиҳод қилиш дегани бор куч ва имкониятни сарфлашдир.

“Аллоҳнинг йўлида” деган сўзини мол ва жондан ҳам муқаддам қўйиб: “Аллоҳнинг йўлида молларингиз ва жонларингиз билан жиҳод қиласиз”, деди. Зеро, жиҳод қилишдан мақсад Аллоҳнинг калимасини олий қилиш бўлмас экан, бу Аллоҳнинг розилигидан бошқа нарса учун бўлган бўлиб, бундай жиҳод бекор ва қоралангандир. Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзига ибодат қилинса, бандалар орасида шариат билан ҳукм юритилса, мўминлар бошидан зулм кўтарилса, ана шу Аллоҳнинг калимаси олий бўлишидир.

Мана шу – агар фойда-зарарни билсангиз, – сизлар учун дунё тижоратидан кўра яхшироқдир”. Яъни бундай фойдали тижоратга қадам ташлаб киришингиз ундан бўйин товлаб, уни ташлаб қўйишдан кўра сиз учун яхшидир. Шунда ўзингизни ҳам, мол-мулкингизни ҳам омон сақланиб қолишига интилган бўласиз. Бироқ, бу ҳаёти дуёда бирон нарса боқий эмас.

Аллоҳ таоло тўланадиган қиймат иймон ва жиҳод эканини баён қилгач, энди бунга беражак мукофотни баён қилди: “Шу ишни қилсангиз, Аллоҳ гуноҳларингизни кечиради ва сизларни дарахтлари ва қасрлари остидан анҳорлар оқиб турадиган жаннатларга ҳамда мангу қолинадиган жаннатлардаги покиза масканларга киритади”. Улкан фойда баёнини мукофот ўрнига қўйди, чунки тўловни баён қилиб: “Аллоҳ ва Расулига бўлган иймонингизда давом этасиз, Аллоҳнинг йўлида молларингиз ва жонларингиз билан жиҳод қиласиз” деган эди. Шунда қуйидагича маъно бўлади: Агар сиз иймонингизда бардавом бўлсангиз ва жиҳод қилсангиз, Аллоҳ гуноҳларингизни кечиради ва остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритади. Бошқача қилиб айтганда, агар талаб қилинган тўловни тўласангиз, бунинг учун белгилаб қўйилган мукофотни қўлга киритасиз.

 “Мангу қолинадиган жаннатлардаги покиза масканлар” қиммат баҳога сотувга қўйилган матонинг бир қисмидир. Билиб қўйинг, бунинг тўлови иймон ва жиҳоддир. Иймонки, чин иймон ва бошқа мақсадда эмас, фақат Аллоҳ йўлидаги жиҳоддир.

Мана шу энг катта бахтдир”, яъни ушбу қимматбаҳо матони мазкур тўлов эвазига қўлга киритиш катта бахтдир. Ҳеч бир фойда унга тенг кела олмайдиган бу фойда дўзахдан қутулиш, Раҳмон таолонинг розилигини топиш ва яхшилар диёри бўлмиш жаннатга киришдир.

Бу оятда охиратдаги фойдадан ташқари дунёвий фойда ҳам борлиги айтиб ўтилган: “Эй мўминлар, сизлар учун ўзингиз яхши кўрадиган яна бир неъмат бор. У сизларга келадиган Аллоҳнинг нусрати ва қўлингизда яқинда амалга ошадиган фатҳдир”. Бу юқорида зикри ўтган улкан фойдага қўшимча фойдадир. Бу фойда душман устидан ғолиб бўлиш, Макканинг ва бошқа кўпгина пойтахтларнинг фатҳ этилишидир, албатта.

Аллоҳ таоло бунча инъом ва икромини: “мўминларга дунёда ғалаба ва фатҳ, охиратда эса жаннат хушхабарини беринг”, деб якунлади. Яъни эй Пайғамбарим, Аллоҳ ва Расулига ҳамда Биз даъват этаётган динга иймон келтирган мўминларга Биз ваъда қилган бу неъматлар тўлиқ берилишини айтиб, уларни хурсанд қилинг. Дарҳақиқат, бу неъматлар тўлиқ қилиб берилди, Аллоҳ таоло мўминларга душманлари устидан нусратини ато этди, Макка ва бундан бошқа кўпгина пойтахтлар, хусусан Форс ва Рум пойтахтлари фатҳ бўлди. Алҳамдулиллаҳ.

Азиз ўқувчи, юқорида сизга баён қилинган ва қуйида хулоса ўрнида зикр қилинадиган сўзларни ёдда тутинг:

  • Мол ва жон билан жиҳод қилишнинг фазилати ва бу ҳаёти дунёда қўлга киритиш мумкин бўлган энг катта фойда экани.

  • Аллоҳ таоло мўминларга берган хушхабарининг амалга ошгани Исломнинг ҳақ дин эканига очиқ-ойдин далилдир. Агар мусулмонлар динларига амал қилсалар ва Аллоҳ таолога ибодат қилсалар, ақида, ибодат, одоб-ахлоқ, қонун-қоидаларга тўла риоя қилсалар, дунёда хотиржам ва фаровон ҳаёт кечирадилар, охиратда эса нажот топиб, муваффақиятга эришадилар.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг