Туманли тарих (4): Тарихни кимдан ўрганамиз?

0

Умматнинг ўтмиши билан чуқурроқ танишмоқчи бўлсангиз, қуйидаги тарих китобларига мурожаат қилинг:

  • “Тарихи Табарий” номи билан танилган “Тарих ул-умами вал-мулуки” китоби.

  • Ибн Касирнинг “Ал-бидоя ван-ниҳоя” китоби.

  • Имом Заҳабийнинг “Тарих ал-Ислом” китоби.

“Тарихи Табарий” асари Ислом тарихи бўйича энг муҳим китоб саналиб, кўпинча мутахассислар ундан иқтибос келтиришади. Суннат аҳли ҳам, бидъат аҳли ҳам “Тарихи Табарий”дан нақл келтириб, уни далил қиладилар. Мазкур китобнинг бошқа асарлардан устун туришининг бир неча сабаблари бор:

  • Имом Табарий даврининг китобда баён этилган воқеа-ҳодисаларга яқинлиги (Табарий ҳижрий 224 йилда туғилиб, 310 йилда вафот этган);

  • Хабарларни ровийлар санади билан келтириши;

  • Имом Табарийнинг илмий мартабаси ва нуфузи[1];

  • Аксар тарих китобларининг “Тарихи Табарий”дан нақл қилиши.

Демак, биз тарихни ўрганмоқчи бўлсак, тўғридан-тўғри Табарийнинг китобига мурожаат қилишимиз керак экан. Бироқ “Тарихи Табарий”дан аҳли суннат маълумот олганидек, бидъат аҳли ҳам ундан ўзларига мос ривоятларни топиб, далил қиладилар. Бу қанақаси бўлди?

“Тарихи Табарий”нинг бошқа китоблардан ажралиб турадиган жиҳати шундаки, унда воқеалар санади билан зикр қилинган. Аҳли суннат фақат саҳиҳ санадли ривоятларни қабул қилишса, бидъат аҳли эса саҳиҳ, заиф ва тўқима бўлишидан қатъи назар ўз бидъатларига мувофиқ келадиган ҳар қандай ривоятни олаверадилар.

Бинобарин, Имом Табарийнинг “Тарих” китобини ёзишда қўллаган услуби билан танишмоғимиз лозим бўлади.

  • Имом Табарийнинг “Тарих” китобини ёзишдаги услуби:

Улуғ Имом “Тарихи Табарий” муқаддимасида ушбу масалага ойдинлик киритиб, мушкулимизни осон қилган. “Тарихи Табарий” асарини ўқимоқчи бўлган ҳар бир инсон дастлаб мазкур муқаддима билан танишиб чиқиши мақсадга мувофиқдир.

Табарий муқаддимада бундай дейди: “Китобимизга назар солган ҳар бир киши шуни яхши билсинки, мен ҳикоя қиладиган ҳар қандай ривоят каминага қандай етиб келган бўлса, худди шундай тарзда ровийлари санади билан зикр этилган. Ҳақиқатга тўғри келмайдиган, саҳиҳ деб топилмаган ўтганларнинг бирон хабарини ўқувчи инкор қилса, эшитувчи номаъқул кўрса, унутманг, бу ишга бизнинг дахлимиз йўқ. Балки хатолик ҳикояни бизга нақл қилган айрим кишилар тарафидан содир бўлган бўлади. Бизга қандай етказган бўлсалар, ўқувчига худди шундай етказдик”.

Имом Табарий ўз асарига ёзган ушбу муқаддима орқали масъулиятни елкасидан соқит қилиб, бутун жавобгарликни муҳтарам ўқувчининг зиммасига юклаган, деб ўйлаймиз.

Имом Табарий бу билан сиз китобхонга бундай дейди: “Агар китобимда номаъқул кўринган бирон ривоятни учратсангиз, қабул қилманг. Ровийлар санадига қаранг, бутун масъулият сизнинг зиммангизда. Менга қандай етиб келган бўлса, шу ҳолида сизга тақдим этдим. Ровийни ишончли деб топсангиз, ривоятини қабул қилинг. Аксинча бўлса, қабул қилманг».

Фақат саҳиҳ ҳадисларни саралаб олган Бухорий ва Муслимдан ташқари аксар муҳаддисларнинг ҳадис китобларига қарасангиз, улар ҳам айнан Имом Табарийнинг йўлини тутишганига гувоҳ бўласиз.

“Жомеъ ат-Термизий”, “Сунани Абу Довуд”, “Сунани Дорақутний”, “Сунани Доримий”, “Муснади Аҳмад” ва бошқа кўплаб китобларни варақласангиз, уларда фақат саҳиҳ хабарлар келтирилмагани ва айни дамда ровийлар санади тўлиқ берилганини топасиз.

Ровийлар санадини ўрганиш эса сизнинг вазифангиз. Санад саҳиҳ бўлса, ривоятни қабул қилинг. Акс ҳолда, қабул қилманг.

Имом Табарий ҳам фақат саҳиҳ ривоятларни етказиш мажбуриятини олмаган. Аммо ровийларни номма-ном зикр қилган.

Аввалги олимлар услуби ҳақида ёзар экан, Ибн Ҳажар Асқалоний айнан мана шу услубга ишора қилади: “Икки юзинчи йилдан кейин ўтган аксар ҳадис олимлари ҳадисларни санади билан келтирар эканлар, ўзларини (ёлғон ҳадисни ривоят қилиш) жавобгарлигидан холи деб билганлар”[2].

Демак, Имом Табарий ҳам ҳеч қандай масъулиятни ўз зиммасига олмаган.

“Тарихи Табарий”да Лут ибн Яҳё исмли, Абу Михнаф куняси билан танилган кишидан кўп ривоят келтирилган.

Имом Табарий Лут ибн Яҳёдан 587 та ривоят келтирган. Бу ривоятлар Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан бошлаб Язид халифалигигача бўлган даврга тегишлидир. Айнан шу давр китобимизнинг асосий баҳс майдони саналади. Уларнинг энг муҳимлари қуйидагилардир:

  • Бани Соида сақифаси (айвони);

  • Шўро-маслаҳат қиссаси;

  • Хаворижларнинг Усмон ибн Аффонга қарши чиқишларига сабаб бўлган ишлар;

  • Усмон разияллоҳу анҳунинг ўлдирилиши;

  • Али разияллоҳу анҳунинг халифалиги;

  • Жамал жанги;

  • Сиффийн жанги;

  • Икки тарафдан ҳакамлар тайинланиши;

  • Наҳравон жанги;

  • Муовия разияллоҳу анҳунинг халифалиги;

  • Ҳусайн разияллоҳу анҳунинг ўлдирилиши.

Юқоридаги воқеалар баёнида албатта Абу Михнафга оид ривоятларни топасиз. Айнан ана шу ривоятлар бидъат аҳли учун мўътабар ривоятлар саналади. Улар шу ривоятларни далил сифатида маҳкам ушлаб олганлар.

Хўш, Абу Михнаф ҳақида машҳур имомлар нима дейишган?

  • Ибн Маъин: «Яроқсиз ровий», деган.

  • Абу Ҳотим: «Ҳадиси олинмайди», деган. Бир сафар Абу Ҳотимдан Абу Михнаф ҳақида сўрашганида: “Шуни ҳам биров сўради-я”, деб қўлини силтаган.

  • Имом Дорақутний: «Заиф», деган.

  • Ибн Ҳиббон: “Абу Михнаф ишончли одамлар номидан ёлғон хабарларни ривоят қилади”, деб ёзган.

  • Имом Заҳабий: «Ҳеч нарсага ярамайдиган, ишончсиз хабарчи», деган[3].

Агар сиз “Тарихи Табарий”да Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоблари ёмонланган бирон ривоятни учратсангиз ва ровийлар орасида Абу Михнаф ҳам бўлса, бу ривоятни секин бир четга суриб қўяверинг. Чунки уни Абу Михнаф ривоят қилган.

Абу Михнаф бир вақтнинг ўзида ҳам бидъатчиликни, ҳам ёлғончилик ва кўп ҳадис ривоят қилишни ўзида жамлаган кимсадир.

Тасаввур қиляпсизми, каззоб, бидъатчи ва кўп ривоят қилувчи!

Албатта, Абу Михнаф бу соҳада ёлғиз эмас, балки у бундайларнинг энг машҳуридир. Қуйида Абу Михнафга ўхшаган баъзи ишончсиз ровийларни санаб ўтамиз:

  • Ёлғончиликда гумон қилинган, ҳадиси олинмайдиган Воқидий[4]. Улкан тарихчи, ҳофиз саналган ана шундай одам ҳам ишончсиздир.

  • Сайф ибн Умар Тамимий[5]. Ушбу таниқли тарихчи ҳам ривояти олинмайдиган, ёлғончиликда гумон қилинган ровийлар сафига киради.

  • Машҳур каззоб Калбий[6].

Шундай экан, инсон юқорида номи тилга олинганлар ва уларга ўхшаган ровийларни таниб, уларнинг ривоятларини ажрата билмоғи керак.

[1] Табарий ҳақида: У буюк имом, моҳир муфассир ва муаррих, фақиҳ, усулий олим, мужтаҳид имом Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир ибн Язид ат-Табарийдир. Табаристоннинг Омул шаҳрида ҳижрий 224 йилда туғилган, 310 йилда вафот этган. “Жомеъ ал-баён фий таъвил ой ал-Қуръон” ва “Тарих ал-умам вал-мулук” китоблари муаллифидир. Имом Заҳабий у ҳақда бундай деган: “Сиқа (ишончли), ҳофиз бўлган, тафсир илмида амир, фиқҳ, ижмо ва ихтилоф илмида имом саналган. Тарих ва машҳур воқеалар илмида аллома, қироатлар ва бошқа илмлар бўйича олим бўлган” (“Сияр аълом ан-нубало”, 14/270).

[2] “Лисон ал-мезон”, 4/128.

[3] “Ал-жарҳ ват-таъдил”, 7/182; “Мезон ал-эътидол”, 3/419; “Лисон ал-мезон”, 4/492.

[4] “Сияр аълом ан-нубало”, 9/172.

[5] Унинг қуйидаги манбаларда келтирилган таржимаи ҳолига қаранг: “Мезон ал-эътидол”, 2/255; “Таҳзиб ат-таҳзиб”, 4/295.

[6] “Мезон ал-эътидол”да келтирилган (3/556) таржимаи ҳолига қаранг.

Изоҳ қолдиринг