Абу Бакр разияллоҳу анҳу: Ярмук жанги (4)

0

Румликларни бўлиб ташлаб, пиёдаларни йўқ қилиш амалиёти

Мусулмон қўшинининг ўнг қанотига ҳамла қилиб, марказга ёриб кирган румликларга қарши Холид ибн Валид отлиқ аскарлари билан ҳужум уюштириб, уларни ортга улоқтириб ташлади. Бўлиб ўтган шиддатли жангда олти минг рум аскари ўлдирилди. Холид лашкарга хитоб қилди: «Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, уларда сизлар кўриб тургандан ортиқ куч-қувват ҳам, сабр-матонат ҳам қолмади. Умид қиламанки, тез орада Аллоҳ сизларга уларнинг бўйинларини эгдиради». Сўнг ҳужумни кучайтириб, юз минглик душманга қарши юзта суворийси билан жангга отилди. Мусулмонлар душман устига бир тану бир жон бўлиб ҳамла қилдилар ва румликларнинг сафларини тирқиратиб юбордилар. Саросимага тушган душман ортга чекинди. Мусулмонлар уларни таъқиб қилдилар. Бу орада ўнг қанотдаги мусулмонлар душманнинг йўлини кесиб, уларнинг ортга чекиниш йўлини тўсиб қўйдилар ва уларни Ярмук водийси билан Зарқо дарёси оралиғига сиқиб қўйдилар. Мусулмонлар ҳужум устига ҳужум қилиб, румликларнинг отлиқ бўлинмалари билан пиёдаларини бир-биридан ажратиб ташладилар. Отлиқлар қочишга тутиниб, қамалдан чиқишга йўл излаб қолишди. Шунда Холид ибн Валид Амр ибн Осга румлик суворийлар йўлини очиб қўйишни буюрди. Мусулмонлар қамални очишди. Буни кўрган отлиқлар ўша ерга от солдириб, қамалдан чиқиб кетишди. Натижада пиёда аскарлар отлиқларининг ҳимоясидан мосуво бўлиб, саросимада жарлик томон ҳаракатланишди. Улар қочиб кетмаслик учун бир-бирига занжирлар билан боғланган ва гўё жонли деворга айланган эдилар. Мусулмонлар тун қоронғисида улар устига бостириб келиб, бирма-бир қиличдан ўтказа бошладилар. Боғланган занжирлар эркин ҳаракат қилишларига имкон бермас, ваҳима ичида ўзини жарга отган киши ўзи билан боғланганларни ҳам тортиб кетарди. Шундай қилиб, бу жангда мусулмонлар душманнинг юз йигирма минг атрофида аскарини қириб ташладилар. Улардан қочиб қутулганларининг бир қисми Фаҳлга, бир қисми Дамашққа етиб олди.

Ўша куни Язид ибн Абу Суфён матонат билан, ўта қаттиқ урушди. Сабаби, отаси Абу Суфён унинг ёнидан ўтаётиб: «Ўғлим, Аллоҳдан қаттиқ тақво қил, сабр-матонат сўра. Бугун бу водийда турган мусулмон борки, ҳаммаси урушга шайланиб турибди. Сенга ўхшаган қўмондонлар уларга ўрнак бўлиши лозим. Сизлар сабр-матонат ва насиҳатга ҳақлироқсиз. Болам, Аллоҳдан тақво қил, асҳобларингдан бирор киши сендан кўра савобталаброқ, сендан кўра матонатлироқ, сендан кўра Ислом душманларига журъатлироқ бўлмасин», деб насиҳат қилди. Язид: «Иншооллоҳ, шундай қиламан, отажон», деб жавоб берди. У шу куни ўта қаттиқ урушди. У қўшиннинг марказий қисмида эди. Аллоҳ ундан рози бўлсин[1].

Саид ибн Мусаййиб отасидан ҳикоя қилади: Ярмук куни бир зум овозлар тинган маҳал гулдурос бир овоз эшитдик. Овоз соҳиби: «Эй Аллоҳнинг мадади, яқинлаш! Эй мусулмонлар, сабот кўрсатинг, сабот!» дер эди. Ким экан деб қарасак, Абу Суфён ўғли Язиднинг байроғи остида туриб ҳайқираётган экан.

Шу куни одамлар шом ва хуфтон намозини кечиктириб, узил-кесил зафар қозонгач ўқидилар[2].

Холид тунни Ҳирақлнинг иниси Теодорнинг чодирида ўтказди. Теодор румликларнинг бош қўмондони бўлиб, чодирини ташлаб қочган эди. Отлиқлар Холиднинг чодири атрофида айланиб, чодирга яқинлашган румлик борки қиличдан ўтказдилар. Тонгга бориб Теодор ҳам ўлдирилди. Унинг ўттизта ипак кўшки ва шунча равоқи бўлиб, барчаси ипак гилам ва қимматбаҳо анжомлар билан тўла эди. Тонг отгач мусулмонлар буларнинг барчасини ўлжа сифатида қўлга киритдилар[3].

Ярмукда мусулмонлардан уч минг киши шаҳид бўлди. Шаҳидлар ичида Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари ва катта обрў-эътиборли кишилар ҳам бор эди. Икрима ибн Абу Жаҳл ва ўғли Амр, Салама ибн Ҳишом, Амр ибн Саид, Абон ибн Саид ва бошқалар шу урушда шаҳид бўлдилар.

Румликлардан юз йигирма минг киши ўлдирилди. Улардан саксон минги занжирлар билан боғланган кишилар бўлиб, барчаси жарликка қулади.

Мусулмонлар ушбу улкан ғалаба билан масрур эканлар, уларнинг шодликларига Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳунинг вафоти хабари соя солди. Улар бу хабардан қаттиқ маҳзун бўлдилар. Янги халифа Умар Форуқ разияллоҳу анҳунинг Сиддиқнинг вафоти ҳақида йўллаган мактуби мусулмонлар румликлар билан урушиш учун саф тортиб турган пайтларида етиб келган, бироқ Холид мусулмонларнинг руҳиятларига ёмон таъсир қилмасин деб хабарни улардан яшириб турган эди. Ғалаба ва зафар тўкис бўлгач, тонг пайти Холид хабарни эълон қилди.  Умар разияллоҳу анҳу ушбу мактубида Холидни бош қўмондонликдан олиб, ўрнига Абу Убайдани тайинлаганини ёзган  эди. Холид Форуқнинг фармонини бош устига қабул қилди ва мусулмонларга Абу Бакр Сиддиқ вафоти муносабати билан таъзия билдирди[4]. Шундан сўнг Шом қўшинлари бош қўмондонлигини Абу Убайда қабул қилиб олди.

Ярмукдаги қақшатқич мағлубияти Рум ҳукмдори Ҳирақлни қаттиқ қайғуга ботирди. Қўшинининг қолган-қутгани Антокияга етиб келганида Ҳирақл уларга маломат тошлари ёғдирди:

– Ҳолингизга вой бўлсин! Сизлар билан урушган ўша рақибларингиз ҳам сизларга ўхшаган одамлармиди?!

Улар:

– Ҳа, – дейишди.

– Сизлар кўпчиликмидингиз, уларми?

– Биз улардан бир неча баробар кўп эдик.

– Унда нега мағлубиятга учрадингиз?

Ёши улуғларидан бири жавоб берди:

– Сабаби, улар тунлари намоз ўқиб, кундузлари рўза тутишади. Аҳдларига вафо қилишади. Яхшиликка буюришади, ёмонликдан қайтаришади. Бир-бирларига инсоф билан муомала қилишади. Биз эса ароқ ичамиз, бузуқчилик қиламиз, ҳаром ишларга қўл урамиз, аҳдга хиёнат қиламиз, бир-биримизга ғазаб қиламиз, зулм қиламиз, бир-биримизни Аллоҳнинг қаҳр-ғазабини келтирадиган ишларга чақирамиз, Аллоҳнинг розилигига етказадиган ишлардан қайтарамиз, ерда бузғунчилик қиламиз.

– Тўғри айтдинг, – деди Ҳирақл[5].

 

[1] Аздий. «Футуҳ ал-булдон», 228-бет.
[2] Тартиб ва таҳзиб ал-бидоя ван-ниҳоя, 173-бет.
[3] Юқоридаги манба.
[4] Ал-бидоя ван-ниҳоя, 7/14.
[5]Ал-бидоя ван-ниҳоя, 7/16.

Изоҳ қолдиринг