Тафсири муяссар, Оли Имрон сураси, 69-74 оятлар

0

وَدَّتْ طَائِفَةٌ مِنْ أَهْلِ الْكِتَابِ لَوْ يُضِلُّونَكُمْ وَمَا يُضِلُّونَ إِلاَّ أَنْفُسَهُمْ وَمَا يَشْعُرُونَ (69)

  1. Эй мусулмонлар, яҳудий ва насронийлардан бир тоифаси сизларни адаштириб, Исломдан чиқаришни орзу қилишади. Бироқ улар фақат ўзларини ва ўзларига эргашган кимсаларни адаштиришади. Лекин буни ўзлари билишмайди ва сезишмайди.

 يَا أَهْلَ الْكِتَابِ لِمَ تَكْفُرُونَ بِآيَاتِ اللَّهِ وَأَنْتُمْ تَشْهَدُونَ (70)

  1. Эй Таврот ва Инжил аҳли, нима учун Аллоҳ пайғамбарларингизга нозил қилган китоблардаги оятларни инкор этасиз?! Уларда Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам кутилаётган пайғамбар экани ва унинг дини ҳақлиги айтилган эди. Сизлар бунга гувоҳ бўла туриб, инкор қилмоқдасиз!

يَا أَهْلَ الْكِتَابِ لِمَ تَلْبِسُونَ الْحَقَّ بِالْبَاطِلِ وَتَكْتُمُونَ الْحَقَّ وَأَنْتُمْ تَعْلَمُونَ (71)

  1. Эй Таврот ва Инжил аҳли, нима учун ўз китобларингизда бўлган ҳақни ўзингиз уйдирган ва ўз қўлларингиз билан битган ботилга аралаштирасиз ва ҳар икки китобда мавжуд бўлган Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг белгилари ва у олиб келган диннинг ҳақлиги тўғрисидаги сўзларни била туриб яширасиз?!

وَقَالَتْ طَائِفَةٌ مِنْ أَهْلِ الْكِتَابِ آمِنُوا بِالَّذِي أُنْزِلَ عَلَى الَّذِينَ آمَنُوا وَجْهَ النَّهَارِ وَاكْفُرُوا آخِرَهُ لَعَلَّهُمْ يَرْجِعُونَ (72)

  1. Аҳли китоб яҳудийлардан бир тоифаси: «Мўминларга нозил қилинган оятларни эрталаб тасдиқ этиб, кечга бориб инкор қилинглар, шояд улар динларида шак-шубҳа қилиб, ундан қайтиб кетишса», дейишди.

وَلا تُؤْمِنُوا إِلاَّ لِمَنْ تَبِعَ دِينَكُمْ قُلْ إِنَّ الْهُدَى هُدَى اللَّهِ أَنْ يُؤْتَى أَحَدٌ مِثْلَ مَا أُوتِيتُمْ أَوْ يُحَاجُّوكُمْ عِنْدَ رَبِّكُمْ قُلْ إِنَّ الْفَضْلَ بِيَدِ اللَّهِ يُؤْتِيهِ مَنْ يَشَاءُ وَاللَّهُ وَاسِعٌ عَلِيمٌ (73)

  1. Улар яна: «Сизлар фақат ўз динингизга эргашган ва яҳудий бўлган кишиларни чинакам тасдиқ этинглар», дейишди. Эй Пайғамбар, уларга айтинг: «Ҳақиқий ҳидоят ва тавфиқ Аллоҳнинг ҳидоятидир ва ҳақ динга муваффақ этишидир». Улар бир-бирларига дейишди: «Ўзингиздаги маълумотларни мусулмонларга ошкор қилиб қўйманглар. Акс ҳолда улар сизлардан ўрганиб олиб, билимда сизларга тенглашиб олишади ва оқибатда сизлардан устун бўлишади. Ёки Раббингиз ҳузурида сизларга ғолиб келиш учун бу маълумотларни сизларга қарши ҳужжат қилиб ишлатишади». Эй Пайғамбар, уларга айтинг: «Фазлу марҳамат ва бошқа барча ишлар Аллоҳнинг қўлида ва Унинг тасарруфи остидадир. Уларни Ўзига ва пайғамбарига иймон келтирган бандаларидан истаган кишисига ато этади. Аллоҳ кенг фазлу карам эгаси ва барча нарсани билувчи зотдир. Унинг илми ва фазлу марҳамати барча махлуқотларни қамраб олган. У фазлу марҳаматига ким лойиқ эканини яхши билади».

يَخْتَصُّ بِرَحْمَتِهِ مَنْ يَشَاءُ وَاللَّهُ ذُو الْفَضْلِ الْعَظِيمِ (74)

  1. Шубҳасиз, Аллоҳ истаган бандасини пайғамбарлик ва энг мукаммал шариатга ҳидоят қилиш билан сийлайди. Аллоҳ буюк эҳсон ва мўл-кўл инъом соҳибидир.

Изоҳ қолдиринг