Абу Бакр разияллоҳу анҳу: Сиддиқ даврида давлат ташқи сиёсатининг асосий йўналишлари

0

Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу халифалиги даврида Ислом давлати ташқи сиёсат борасида ўз олдига қўйган муҳим мақсадлардан баъзилари қуйидагилар эди:

Биринчи: бошқа халқлар қалбида Ислом давлатига нисбатан ҳайбат пайдо қилиш

Сиддиқ бошқарувида бу мақсад бир неча йўллар билан амалга оширилди:

а) Аллоҳ таоло муртадларга қарши урушларда Ислом умматига берган ғалабалар муртадлик фитнасининг узил-кесил бартараф бўлишига ва давлат устунларининг мустаҳкамланишига ёрдам берди. Бу ҳақдаги хабарлар қўшни давлатларга, хусусан Ислом давлати фаолиятини мунтазам кузатиб борувчи, унинг режалари ва йўналишларидан доим кўз-қулоқ бўлиб турувчи ва унинг тимсолида ўзи учун янги хатар манбасини кўраётган икки қудратли давлат – Рум ва Форс империяларига етиб борарди. Ўша даврда бу икки давлат воқеа-ҳодисаларни ўрганиб, таҳлил қилишга қодир эди. Улар муртадлик ҳаракатлари ва кўпчилик инсонларнинг динда мустаҳкам тургани ҳақидаги хабарларни таҳлил қилиб, тушуниб етдиларки, бўй кўрсатган бу янги давлат ҳар қандай қаршиликларга ва ўзига қарши тил бириктирувларга дош бера олади, машаққат ва синовларни енгиб ўтишга қодир. Бунинг ҳам Ислом давлатининг ҳайбати ҳар тарафга ёйилишига етарлича таъсири бўлди.

б) Абу Бакр Сиддиқнинг Усома бошчилигидаги қўшинни румликларга қарши урушга йўллаши Ислом давлати ҳайбати ошишига жуда катта таъсир кўрсатди. Румликлар ичида уларга қарши уруш олиб борган ва музаффар ҳолда ортига қайтиб кетган бу қўшин ҳақидаги хабарлар тарқалди, уларнинг қалбларига қўрқув кирди, ҳатто Ҳирақл ўн мингларча аскарни чегара минтақаларига келтириб қўйишга мажбур бўлди. Табиийки, бу хабарлар Кисро давлати бўлмиш Форсга ҳам етиб борди, қулоқдан қулоққа кўчди ва бу ушбу давлат фуқаролари қалбида мусулмонлардан ҳайиқиш пайдо бўлишига етарлича таъсир кўрсатди.

Иккинчи: жиҳод ҳаракатлари Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрганларидак давом эттирилиши

Сиддиқ разияллоҳу анҳу Исломга бемалол, ҳеч қандай тўсиқларсиз даъват қилиш эркинлигини таъминлаш учун ва исломий даъватга қаршилик кўрсатиб, унинг халқларга етишига тўғоноқ бўладиган зўравонларни йўлдан олиб ташлаш учун жиҳод ҳаракатлари олиб борди. Мазкур тоғутлар Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Исломга даъватларини рад этишган ва ҳақиқат нурини ўз халқларидан тўсишга қаттиқ ҳаракат қилишган эди. Мусулмонлар бу даъватни ёйиш учун, Аллоҳ йўлида фидокорлик намуналарини кўрсатган Холид, Абу Убайда, Шураҳбил, Язид ва бошқа буюк саркардалар ортида, Ислом байроғи остида жиҳодларга чиқишди. Бу музаффар қўмондонлар моҳир раҳбар, уруш ва синовларда тобланган беназир йўлбошчи халифа Абу Бакр Сиддиқ томонидан танланган эдилар. Қўмондонлар унинг йўл-йўриқлари ва кўрсатмалари асосида ҳаракат қилиб, қисқа вақт ичида ва жуда кам йўқотишлар билан Шом ва Ироқ ўлкаларини фатҳ этишга муваффақ бўлдилар[1].

Учинчи: фатҳ этилган юртлар аҳолисига адолат ва раҳм-шафқат билан муомала қилиниши

Сиддиқнинг ташқи сиёсати фатҳ этилган ўлкаларда адолат байроғини баланд кўтаришга ва аҳоли ўртасида тинчликни сақлашга қаратилган эди. У бу билан инсонлар ҳақ йўлдаги давлат билан ботилга эргашган давлат ўртасидаги фарқни кўришларини қасд қиларди, токи одамлар бир зўравон ҳукмдор кетиб, ўрнига ундан-да ёмонроқ бошқаси келди, деб ўйламасинлар. Абу Бакр қўмондонларини одамларга раҳм-шафқатли, адолатли ва марҳаматли бўлишга буюрарди. Зеро, мағлуб раҳм-шафқатга муҳтож бўлади, унда душманлик кайфиятини уйғотадиган муомалалардан сақланиш лозим бўлади. Мусулмон фотиҳлар инсон омилига ва юрт ободончилигига эътибор қаратдилар. Фатҳ этилган халқлар юксак ахлоқли янгича бошқарувга гувоҳ бўлди, шариат тарозиси мағлуб халқлар учун ҳам адолат билан ишлашда давом этди. Ислом нури таралишга ва қалбларни Исломга жалб этишга киришди. Халқлар бу динни қабул қилишга ва унинг байроғи остида йиғилишга қизиқиш билдира бошлади. Форс (Эрон) ва Рум (Византия) армиялари одатда бирон ўлкани истило этса, халқларга жавр-зулм ўтказар, уларни қўрқув ва таҳликада тутар, ҳурматларини поймол этар, одамлар улардан фақат зиён ва заҳмат кўрар эди. Золимларнинг қонхўрликлари авлоддан авлодга нақл этилар ва асрлар мобайнида унутилмас қўрқинчли рўё каби сақланиб қоларди. Ислом лашкарлари бу диёрларга кириб келганида одамлар адолатли муомалани кўрдилар, адолат ва раҳм-шафқат эпкинлари бошлари узра эсаётганига гувоҳ бўлдилар, мусулмон фотиҳлар уларга золимлар томонидан тортиб олинган инсоний ҳақ-ҳуқуқларини қайтариб бердилар. Сиддиқ бу сиёсатга жуда қаттиқ аҳамият қаратди, содир бўлаётган ҳар қандай хато ва юз бераётган ҳар қандай йўлдан оғишни қатъият билан тўғрилади.

Байҳақий ривоят қилади: «Ажамлар агар душманларига ғолиб бўлса, мағлуб халқ устидан ҳар қандай зўравонликни ўзларига ҳалол санар, ғолиблик ва музаффарлик белгиси ўлароқ мағлуб шоҳ ва амирларнинг бошларини кесиб, ўз подшоҳлари ҳузурига юборар эди. Мусулмон қўмондонлар ҳам румликлар билан урушларда айни муомалани қилишни истадилар. Амр ибн Ос ва Шураҳбил ибн Ҳасана Шом қўшини қўмондонларидан Банон исмли шахснинг бошини кесиб, Абу Бакр Сиддиқ ҳузурига юбордилар. Абу Бакр уларнинг бу ишини ёқтирмади. Душман калласини унга олиб келган Уқба ибн Омир: «Эй Расулуллоҳнинг халифаси, улар бизга нисбатан шундай иш қилишади» деди. Шунда Сиддиқ разияллоҳу анҳу: «Биз Форс ва Румга эргашамизми?! Минбаъд менинг ҳузуримга бировнинг боши олиб келинмасин, зафар хабари битилган мактуб кифоя», деди[2].

Тўртинчи: фатҳ қилинган эллар динга мажбур қилинмагани

Абу Бакр Сиддиқнинг ташқи сиёсати асосий йўналишларидан яна бири фатҳ этилган элларни динга мажбурлаб киритмагани бўлди. Ҳеч бир элат ё миллат Ислом динига зўрлик ва куч билан киритилмади. Абу Бакр Сиддиқ бу борада қуйидаги оят амрига кўра иш тутарди: «Сен одамларни мўмин бўлишга мажбур қиласанми?!» (Юнус, 99). Мусулмонлар фатҳ ҳаракатларидан кўзлаган мақсад фақатгина халқлар Ислом нуридан баҳраманд бўлиши учун уларга даъват эшикларини катта очиш ва бу йўлда тўғоноқ бўлаётган зўравон ҳукмдорларни йўлдан олиб ташлаш бўлди. Зулм ва зўравонлик йўқ қилинганидан сўнг одамларга танлаш ихтиёри бериларди. Модомики улар мусулмонлар билан тузилган битимга риоя этиб яшар эканлар, ҳеч кимга динни зўрлик билан қабул қилдирилмас эди. Битим бандлари эса қуйидагилардан иборат эди:

а) мағлубиятни тан олиб, жизя тўлашлари;

б) аскарлик каби масъулиятли вазифаларга олинмасликлари;

в) Ислом шариатига, исломий ибодатларга ва Ислом қонунларига ғаразли қарашларини ифода этмасликлари;

г) агар улардан бирон киши ўз динини ўзгартирмоқчи бўлса, Исломдан бошқа динни ундан қабул қилинмаслиги.

Ислом давлати фатҳ этилган ўлкалар аҳолисига Исломни амалий ва назарий жиҳатдан танитарди. Уларнинг бу динга қаноат ҳосил қилишларини, уни ўз ихтиёрлари билан қабул қилишларини истарди. Зеро, ҳеч бир инонч-эътиқодни зўрлик билан қалбга ўрнатиб бўлмайди[3].

[1] «Тарих ад-даъва илал-Ислом», 259-бет.
[2] Суютий. «Тарих ал-хулафо», 123-бет.
[3] «Тарих ад-даъва илал-Ислом», 623-бет.

Изоҳ қолдиринг