Сийрат: Мушрикларнинг энг катта эътирозлари (2)

0

Охират кунини инкор этишлари

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг охират кунига иймон келтиришга чақиришларини мушриклар масхара ва инкор билан қаршиладилар. Аллоҳ таоло айтади:

Кофирлар бир-бирларига (истеҳзо билан): “Биз сизларга “ўлиб, жасадларингиз титилиб кетганидан сўнг яна қайта тириласиз ва қабрларингиздан чиқасиз” деб айтаётган одамни кўрсатайликми?” дейишди. “Бу одам Аллоҳ шаънига ёлғон тўқидими ё ўзи нима деяётганини билмайдиган мажнунми?” дейишди. Қайта тирилишга ишонмайдиган ва охират учун амал қилмайдиган кишилар охиратда абадий азобда қолишади. Улар ҳақдан ўта адашиб кетганлар” (Сабаъ, 7-8).

Дарҳақиқат, улар ўлимдан сўнг қайта тирилишни инкор этдилар:

Улар: “Ўзимиз яшаб турган шу дунё ҳаётидан бошқа ҳаёт йўқ, ўлгандан кейин қайта тирилувчи эмасмиз”, деб айтишди”. (Анъом, 29).

Ва бу гапларига қаттиқ қасамлар ичар эдилар:

Улар Аллоҳ ўлган инсонларни чириб, йўқ бўлиб кетганидан кейин яна қайта тирилтирмайди, деб Аллоҳ номига қаттиқ қасам ичдилар. Йўқ, Аллоҳ уларни албатта қайта тирилтиради, бу Аллоҳнинг зиммасидаги ваъдадир. Лекин аксарият одамлар (Аллоҳнинг қайта тирилтиришга қодирлигини билмасдан), уни инкор қиладилар. Уларга ўзлари ихтилоф қилган ҳақиқатни баён қилиб бериш учун ва кофирлар ёлғончи бўлганликларини аниқ билишлари учун (Аллоҳ барча бандаларни қайта тирилтиради)” (Наҳл, 38-39).

Улар дунё ҳаётидан бошқа ҳаёт йўқ, деб ишонар эдилар. Охират ҳақ бўлса, ота-боболарини тирилтириб беришни талаб қилар эдилар. Аллоҳ таоло айтади:

Улар: “Ҳаёт фақат биз яшаб турган шу ҳаётдир, ундан ўзга ҳаёт йўқ”, дедилар. Улар: “Бизни фақат кунларнинг ўтиши ва умрнинг ниҳоясига етишигина ўлдиради, холос”, деб айтдилар. Улар бу ҳақда ҳеч қандай билимга эга эмаслар. Улар фақат гумон ва тахмин билан гапирмоқдалар. Агар уларга Бизнинг очиқ-равшан оятларимиз ўқиб берилса, уларнинг ҳужжатлари: “Агар сен ва издошларинг айтаётган гап рост бўлса, ўтиб кетган ота-боболаримизни тирилтириб беринглар-чи”, дейиш бўлади, холос. Айтинг: “Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло сизларни дунёда ўзи истаганча яшаттиради, сўнг ўзи вафот эттиради. Сўнг барчангизни шак-шубҳасиз бўладиган қиёмат кунида жамлайди». Лекин одамларнинг кўпи билмайдилар. Етти қат осмон ва ер ёлғиз Аллоҳнинг мулкидир. Қиёмат қойим бўладиган куни ­­-­­­ ўшанда инкор этувчилар зиён кўрадилар” (Жосия, 24-27).

Лекин уларни йўқдан бор қилган зот қиёмат кунида яна қайта тирилтиришга қодир эканини билмадилар. Мужоҳид ва бошқа муфассирлар айтадилар: “Убай ибн Халаф[1] Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига келди, қўлида чириган бир суяк бор эди. У уни майдалаб ҳавога сочиб юборди, сўнг: “Эй Муҳаммад, Аллоҳ бу суякни қайта тирилтиради, деб ўйлайсанми?!” деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳа, Аллоҳга қасам, сўнг сени ҳам қайта тирилтириб, дўзахга ташлайди”, дедилар. Кейин ушбу оятлар[2] нозил бўлди:

Инсон ўзининг дастлаб қандай яратилганига қараса бўлмайдими?! Ахир Биз уни бир томчи сувдан яратдик. Баногоҳ, у ашаддий жанжалкаш, ўта талашиб-тортишувчи бўлиб турибди. У Бизга ҳеч ўринсиз бир мисолни далил қилиб келтирди. Ўзининг дастлаб қандай яратилганини унутиб: «Чириб, титилиб кетган суякларни ким тирилтира олади?!» деди. Унга айтинг: Уларни биринчи бор яратган Зот тирилтиради. У барча махлуқотини яхши билувчи Зотдир” (Ёсин, 77-79).

Қуръони карим одамлар онгида қайта тирилишга қаноат ҳосил бўлиши учун ақлга хитоб қилиш, фитратга боқиш ва қалбдан жавоб излаш услубини қўллади. Аллоҳ таоло Ўзининг ҳикмати ила бандаларини ҳисоб-китоб ва жазо-мукофот учун қайта тирилтиришини уларга эслатди. Чунки Аллоҳ бутун халқларни Ўзига ибодат қилишлари учун яратган. Уларга қандай ибодат қилишни ўргатиш учун расуллар юбориб, китоблар нозил қилган. Бандалар ичида Аллоҳга бўйсунишдан бош тортиб, туғёнкорлик қилганлари бор. Солиҳ билан толиҳ (ёмон) вафот этганидан сўнг яхши амал қилганига мукофот ва ажр-савоб, ёмон амал қилганига жазо ва азоб бериш керак эмасми? Аллоҳ таоло айтади:

Биз мусулмонларни кофирлар билан бир хил қиламизми?! Сизларга нима бўлди, қандай қилиб бундай адолатсиз ҳукм қиляпсизлар?! Ёки сизларда осмондан туширилган китоб борми?! Ўша китобдан ўқиб биляпсизларми?! Демак, сизлар учун у китобда истаган барча нарсангиз бор экан-да?!” (Қалам, 35-38).

Ўзларига жавр қилган мушриклар бутун борлиқ бекордан-бекорга яралган, унинг яралиши ортида ҳеч қандай ҳикмат йўқ, деб ўйлайдилар. Мўмин билан кофирнинг, тақводор билан фожирнинг қисматлари ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқ, деб гумон қиладилар[3]. Аллоҳ таоло айтади:

Биз осмон, ер ва улар ўртасидаги барча мавжудотни беҳуда яратганимиз йўқ. Бу кофирларнинг гумонидир. Аллоҳга кофир бўлишгани сабабли қиёмат куни улар учун дўзах азоби бўлгай. Биз иймон келтирган ва яхши амаллар қилиб ўтганларни ерда бузғунчилик қилиб ўтганлар билан бир хил қиламизми?! Ёки тақводор мўминларни фожирлар билан тенглаштирамизми?!” (Сод, 27-28).

Қуръони карим ерни ўсимлик билан уйғотиб, қайта тирилтирган зот ўлик жасадларга, чириган суякларга қайта жон ато этишга қодир эканини зарбулмасал қилади. Аллоҳ таоло айтади:

“(Эй инсон), ёмғирнинг набототлар, экинлар ва дов-дарахтларга бўлган асарига ибрат назари билан боқ! Аллоҳ у билан ўлган ерни қандай тирилтирмоқда? Ерни тирилтиришга қодир бўлган зот ҳар ишга қодирдир” (Рум, 50).

[1] Ибн Аббосдан келган бошқа бир ривоятда Воил бин Воил келади.
[2] Тафсир Ибн Касир 3/581-бет.
[3] “Ал-васатия фил-қуръон ал-карим”, 402-бет.

Изоҳ қолдиринг