Биринчи ҳадис: (5) ҳадисдан олинадиган фойдалар

0

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1–ушбу ҳадис ислом динининг таянч нуқталарини ташкил этувчи саноқли ҳадислардан биридир. Уламоларнинг айтишича, исломнинг асоси иккита ҳадисдир: бири ушбу ҳадис бўлса, икинчиси Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадис: “Кимики бизнинг динимизда бўлмаган амални қилса, унинг бу амали (мақбул эмас) қайтарилажак[1]. Биз шарҳлаётган ҳадис қалб амалларининг асоси, ички амалларнинг мезони бўлса, мазкур Ойша розияллоҳу анҳонинг ҳадиси ташқи аъзолар билан бажариладиган амаллар асосидир.

Бунга мисол, бир инсон ниҳоятда ихлосли бўлиб, Аллоҳнинг савобини ва иззат-икром диёри бўлмиш – жаннатини истайди-ю, бироқ кўп бидъат ишларни қилиб юради. Агар унинг ниятига қарасак, нияти ғоятда яхши, бироқ унинг амалига қарасак, унинг шариатга мувофиқ бўлмагани учун ёмон ва номақбул амал эканини кўрамиз.

 Бошқа бир мисол, бир йигит мукаммал тарзда намоз ўқий бошлади, бироқ аслида отасидан қўрққанидан, унга намоз ўқиётганини кўрсатиш учун риё қилиб намоз ўқияпти. Бу инсонда ихлос йўқ, шунинг учун бу амалига ажр-савоб олмайди. Бироқ, намозни тарк қилса отаси уни уришидан қўрқиб намоз ўқиётган бўлса, у ҳолда Аллоҳга намоз ўқиш билан ибодат қилаётган бўлади.

2– ушбу ҳадис фойдаларидан яна бири ибодатларни бир-биридан ва ибодатларни одатий ишлар, кундалик олди-берди муомалалардан ажратиш лозимлигидир. Негаки, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта амаллар(нинг солиҳ ёки яроқсизлиги, мақбул ёки номақбуллиги) фақат ниятларга боғлиқдир”, – дедилар. Келинг, бунга намоздан мисол келтирайлик: бир инсон пешин намозини ўқимоқчи бўлса, у албатта бошқа намозлардан ажратиш учун пешинни ният қилиши зурур. Борди-ю, унинг зиммасида иккита пешин намози бўлса, у ҳолда кечаги пешинни бугунгидан ажратиши лозим. Чунки, ҳар бир намоз учун алоҳида ният бўлиши зарур.

Агар бир киши қуёш заволга оққач уйидан таҳоратли ҳолда чиқиб масжидга кириб борса, ҳолбуки ўқимоқчи бўлган намозининг на пешин, на аср ва на хуфтон намози эканини кўнглидан кечирмай, балки жорий вақтнинг фарз намозини ният қилса, шунинг ўзи кифоя қиладими ёки йўқми?

Жавоб шуки, бу биз ҳозиргина айтиб ўтган қоидага биноан кифоя қилмайди. Сабаби, бу инсон пешинни тайин қилмади. Мазкур  фикр Ҳанбалий мазҳабининг фикри.

Бошқа бир фикрда айтилишича, бу нарсанинг ўзи кифоя қилади, тайин бўлиб турган нарсага аниқлик киритишга ҳожат йўқ. Бу инсон мутлақ намозни ният қилиши кифоя, қайси намоз экани вақтга қараб аниқ бўлади. Бу фикр Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳдан бир ривоятда айтилган. Демак, жорий вақт фарзини ният қилса кифоя. Мана шу фикргина одамларга амал қилиш имкони бўлган тўғри фикрдир. Негаки, инсон гоҳида шошилиб келиб, бу намознинг пешин намози экани хаёлидан ўтмай такбир айтиб имом билан намозга киради. Бироқ, кирган  намози жорий вақт фарзи экани, уйидан шу намоз учун чиққани ўй-хаёлида бўлади. Ҳанбалий мазҳабга кўра унга: “Намозингни қайтадан ўқиб ол”, десак, тўғри фикрга кўра: “Қайтаришга ҳожат йўқ”,  деймиз. Мана шу фикр қалбни хотиржам қилади. Сабаби, бундай ҳолатлар кўп учрайди. Ҳатто имом ҳам баъзан янглишиб, адо этмоқчи бўлган намозини жорий вақт намози деган ўй билан кифояланиб такбир айтиб намоз бошлайди. Бундай кимса Ҳанбалий мазҳабга кўра намозни қайтадан ўқиши керак. Тўғри фикрга кўра эса намозни қайтадан ўқимайди.

3– ҳадисдан олинадиган фойдалардан яна бири Аллоҳ таолога ниятни холис қилишга тарғибдир. Чунки Пайғамбар алайҳиссалом одамларни икки қисмга бўлдилар: биринчи қисм одамлар амаллари билан Аллоҳнинг розилиги ва охират диёрини истаган кишилар бўлсалар, иккинчи қисм одамлар эса буткул бунинг акси. Бу дегани Аллоҳ таолога ниятни холис қилишга тарғиб демакдир.

Ихлосга эътибор қаратиш ва унга тарғиб қилиш вожиб. Чунки ихлос, бу одамларнинг яратилиш сабаби бўлмиш ўта муҳим бирламчи масаладир. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим” [Зориёт: 56].

4– ҳадисдан олинадиган фойдалардан бири Пайғамбар алайҳиссаломнинг маҳоратли таълим бериш услубига эгалигидир. Бу нарсани у зотнинг гапни турли услубда ва ҳар бир масалани турларга ажратиб гапиришларида кўриш мумкин. Негаки, Пайғамбар алайҳиссаломнинг: “Албатта амаллар фақат ниятларга боғлиқдир” ,  деган сўзлари амал тўғрисида бўлса, ундан кейинги: “Ҳар бир кимса учун ният қилгани  насиб қилур”,  деган сўзлари амалнинг ким ва нима учун атаб қилингани хусусидадир. Бу масаланинг бир томони.

Моҳирона таълим бериш услубининг иккинчи томони шундаки, Пайғамбар алайҳиссалом ҳижратни икки қисмга: шаръий ва шаръий бўлмаган (дунёвий) ҳижратга бўлдилар. Албатта бу чиройли таълим услубидир. Шунинг учун муаллим ўқувчига масалаларни шунчаки кетма-кет равишда нақл қилмаслиги керак. Чунки бу ҳолатда ўқувчининг маълумотларни эслаб қолиши қийинлашади. Аксинча, муаллим нақл қилмоқчи бўлган маълумотлар ичидан асос маълумотларни ажратиб, қоидалар тузиб ва қисмларга ажратиши мақсадга мувофиқдир. Негаки, бундай услуб илмнинг ўқувчи қалбида ўрнашишига ёрдам беради. Аммо масалалар пала-партиш равишда ўқувчига нақл қилинса, у ҳолда ўқувчи тез орада бу маълумотларни унутиб юборади.

5–ҳадисдан олинадиган фойдалардан бири матнда “Аллоҳ, сўнгра Расули сари”, – дейилмасдан, балки “Аллоҳ ва Расули сари”, – дея Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг  Аллоҳ таоло билан бирга зикр қилинишидир. Ҳолбуки, бошқа бир ўринда бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб: “Сиз ва Аллоҳнинг хоҳишингиз”, – деганида, у зот: “(Йўқ), балки ёлғиз Аллоҳнинг хоҳиши[2],– деган эдилар. Хўш, бу иккиси ўртасида қандай фарқ бор?

Жавоб шуки, гап шариатга тегишли ишлар ҳақида борар экан: “Аллоҳ ва Расули”, – деса бўлади. Негаки, Пайғамбар алайҳиссаломдан содир бўлган шариат, худди Аллоҳ таолодан содир бўлган шариат кабидир. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Кимки Пайғамбарга итоат этса,  демак,  Аллоҳга итоат этибди” [Нисо: 80].

Бироқ борлиққа, оламни бошқарувига оид ишларда ҳеч бир кимса Аллоҳга тенглаштирилиши жоиз эмас. Чунки барча нарсалар ёлғиз Аллоҳнинг иродаси ва хоҳиши остидадир.

Агар  бир одам: “Эртага ёмғир ёғадими?”, – деб сўраса ва бунга жавобан: “Аллоҳ ва Расули билади”, – дейилса, албатта бу хатодир. Чунки Пайғамбар алайҳиссалом бу каби ишларни билмайдилар.

Масала: агар бир киши “Бу ҳаромми ёки ҳалолми?”, деса ва бунга жавобан:  “Аллоҳ ва Расули билади”, – дейилса, бу жоиздир. Негаки, шаръий ишларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳукмлари Аллоҳнинг ҳукми билан тенг. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Кимки пайғамбарга итоат этса,  демак,  Аллоҳга итоат этибди” [Нисо: 80].

[1] Муслим ривояти (Ҳукмлар китоби, “Ботил ҳукмларни бекор қилиш ва янги пайдо бўлган (бидъат) амалларни инкор этиш” боби, 1718–ҳадис, 17).

[2] Имом Аҳмад (1\214) ва Ибн Можа (“Каффоратлар китоби”, “Сиз ва Аллоҳнинг хоҳишингиз”, – деб айтишдан қайтарилгани тўғрисидаги боб”, 2117-ҳадис) ривояти.

Изоҳ қолдиринг