Савол:
Қўлингизда ёки тўлиқ тасарруфингизда бўлмаган мол-мулкни, масалан, ҳали қурилиб битмаган кўп қаватли уйлардаги хонадонни насия ёки нақдга сотиш жоизми?
Жавоб:
Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримизга салавот ва саломлар бўлсин!
Шариатимизда инсон ўз қўлида бўлмаган нарсани сотиши таъқиқланган. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бир неча ҳадислар келган. Шундай ҳадислардан бирида: “Ўзингда (яъни сенинг мулкинг бўлмаган ва сенинг тасарруфинг остида) бўлмаган нарсани сотма”[1], дейилади. Қолаверса, инсон ўзида бўлмаган нарсани сотиши турли хил хусуматлар ва келишмовчиликларга сабаб бўлади. Чунки сотувчи харидор билан келишган вақтдаги нарх товарни топшириш вақтидаги нархдан ўзгариб кетиши эҳтимолдан холи эмас. “Бугунги кунимизда бундай савдога эҳтиёж катта, бундай савдодан қайтарилса инсонлар танг ҳолатга тушиб қолишади”, дейилса, бунинг ҳам шаръий ечими бор. Масалан, бу шаклдаги савдоларда сотувчи харидордан пул олмай, товарнинг тахминий нархини айтиши ва товар келганидан кейин уни хоҳлаган нархида сотиши мумкин. Шунда бу савдо эмас, шунчаки ваъдалашув бўлиб, ҳар иккала тараф ҳам ўз фикридан қайтиш ҳуқуқига эга бўлади. Ёки сотувчи харидорга товар таннархини айтиб, маълум миқдорда товарнинг устига фойда қўйиш шарти билан товарни олиб келиб берса ҳам бўлади.
Бироқ, Ислом Фиқҳ Академияси[2] қуйидаги икки шарт топилган тақдирда қурувчи ташкилотлар ёки турли ишлаб чиқарувчи фирмалар ўз маҳсулотларини ишлаб чиқаришдан олдин сотиши жоиз, деб фатво берган:
Шартномада ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг тури, сифати ва ҳолати ниҳоятда аниқ белгиланиши;
Товарни харидорга топшириш муддати белгиланган бўлиши.