Намоз: Намозда қилиш жоиз амаллар (3)

0

10 – Намозда ҳамд айтишни тақозо қиладиган бирон ҳолатни кўрганда ёки хабарни эшитганда Аллоҳга ҳамд айтиш

Саҳл ибн Саъд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бани Амр ибн Авф уруғи ўртасида уруш-жанжал юз берган эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга бу ҳақда хабар етди. У зот пешинни ўқиб, уларни яраштириб қўйиш учун Бани Амр ибн Авф маҳалласига бордилар. Кетишларидан олдин Билолга тайинладилар:  «Эй Билол, агар аср намозига етиб келолмасам, Абу Бакрга айт, одамларга имом бўлиб намоз ўқисин». Аср вақти киргач Билол дастлаб азон, сўнг иқомат айтди.  Сўнг Абу Бакрга қараб: «Имомга ўтинг», деди. Абу Бакр имом бўлиб намоз бошлади. Сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам келиб қолдилар. Сафда турган одамлар орасини ёриб ўтиб, Абу Бакрнинг орқасида турдилар. Одамлар қарсак чалиб Абу Бакрни огоҳлантира бошладилар. Абу Бакр намозга кирса (Аллоҳга муножот қилишга берилиб кетганидан) алангламас эди. Одамлар ҳадеб қарсак чалаверишгач Абу Бакр (нима юз берганини билиш учун бироз) қайрилиб қаради. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам «Давом этаверинг», дегандек ишора қилдилар. У зотнинг «Давом этаверинг» деган ишорасини кўрган Абу Бакр бир лаҳза жойида туриб Аллоҳга ҳамд айтди…»[1]. Ушбу ҳадис намоз асносида Аллоҳга ҳамд айтиш жоиз эканини кўрсатади.

Намозда акса урган киши Аллоҳга ҳамд айтиши жоизми?

Шавконий «Найл ал-автор»да бунинг жоиз эканини айтган. Шавконий айтади: «Аксирган киши Аллоҳга ҳамд айтиши тўғрисида келган ҳадислар умумийлиги бундай қилиш жоизлигини кўрсатади. Зеро, бу ҳадислар намоз билан намоздан бошқа ҳолат ўртасини ажратмаган»[2].

Ибн Ҳазм раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ушбу ҳадис ҳар қандай ҳолатда тасбеҳ айтиш, шунингдек, ҳар қандай ҳолатда Аллоҳга ҳамд айтиш жоизлигини кўрсатади»[3].

11 – Намозда оддий ва балғамли тупуриш

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Биронтангиз намозда турса олд томонига тупурмасин. Зеро, у модомики намозгоҳида экан, Раббига муножот қилаётган бўлади. Ўнг томонига ҳам тупурмасин. Чунки ўнг томонида фаришта бор. Чап томонига ёки оёғи остига тупурсин ва тупугини кўмсин»[4].

Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам мана шу масжидимизга келдилар. Қўлларида «Ибн Тоб» навли хурмонинг новдаси бор эди. У зот масжиднинг қибла томонида балғамли тупукни кўриб, у томонга қараб юрдилар. Уни ўша новда билан қириб ташладилар. Сўнг бизнинг олдимизга келиб: «Қай бирингиз Аллоҳ ундан юз ўгиришини хоҳлайди?» дедилар. Биз қўрқиб жим турдик. У зот яна: «Қай бирингиз Аллоҳ ундан юз ўгиришини хоҳлайди?» дедилар. Биз: «Ҳеч биримиз, ё Расулуллоҳ», дедик. У зот айтдилар: «Бирингиз намоз ўқиса, Аллоҳ унинг қаршисида бўлади. Шундай экан, олд томонига ҳам, ўнг томонига ҳам туфламасин. Балки чап томонига, чап оёғи остига туфласин. Борди-ю, оғзига бехосдан тупук ёки балғам келиб қолса, у ҳолда кийими билан мана бундай қилсин (яъни кийимини оғзига олиб бориб, кийимининг бир четига туфласин)». Сўнг у  зот кийимларининг учини қайириб кўрсатдилар (ва тупук асорати йўқолиши учун уни ишқаладилар)…»[5].

12 – Намозхон олдини кесиб ўтмоқчи бўлган кишини қайтариши

Инсон намози бўлинмаслиги учун намозда олдини кесиб ўтмоқчи бўлган кишини қайтариши лозим. Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Агар бирингиз намоз ўқиётган бўлса, бирон киши олдини кесиб ўтишига йўл қўймасин. Уни қўлидан келганча қайтарсин. Агар (қайтишдан) бош тортса, унга қарши курашсин (яъни биринчисидан кўра қаттиқроқ қаршилик кўрсатсин). Зеро, у шайтондир (яъни у инс шайтонларидандир ёхуд қилган иши шайтоннинг ишидир)»[6].

13 – Бошқа масалалар

Намозда иссиқдан озор чеккан киши елпиниши, пешонасидан оққан терни артиши жоиздир.

Ибн Ҳазм раҳимаҳуллоҳ айтади: «Жумладан, намозда инсонга озор берадиган, намозни тўла-тўкис ўқишга халақит берадиган ҳар қандай нарсани кетказиш жоиздир. Шунингдек, инсон намоз асносида елкасидан тушиб кетаётган кийимни кўтариб қўйиши, қичиган жойини қашиши, баданидаги ҳуснбузарни сиқиши, сўлагини тутиб қолиши, ярасига дори қўйиши ва ечилиб кетган иштонбоғини боғлаб олиши каби ишларни қилмаса, намозда хаёли бўлинадиган бўлса, у ҳолда намозда диққатини жамлаши учун мазкур ишларни қилиши вожиб бўлади.

Агар намоз асносида намозхон сиртига ёш бола миниб олса ва унинг хотири учун турган жойида тўхтаб турса, яхши иш қилган бўлади.

Саждада имомнинг узоқ туриб қолганидан шубҳага тушган, «Имомнинг такбир айтганини эшитмай қолдиммикан» деб ўйлаган киши ҳолатни билиш учун бошини кўтариб қараши жоиз. Чунки у имомга эргашишга буюрилган. Бошини кўтариб қарагач, имомнинг ҳануз саждада турганини кўрса, яна саждага қайтади. Бундай қилишининг зарари йўқ. Зеро, у имомнинг ҳолатига риоя қилишдан иборат буюрилган ишни қилган бўлади.

Шаддод разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам хуфтон ёки шом намозида (неваралари) Ҳасан ёки Ҳусайнни кўтариб чиқиб келдилар. Сўнг такбир айтиб, намозни бошладилар. Намоз асносида сажда қилдилар ва саждада (одатдагидан) узоқ туриб қолдилар. Мен бошимни кўтариб қарадим. Қарасам, болакай Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг белларига миниб олган, у зот ҳануз сажда қилиб турган эканлар. Мен яна саждага қайтдим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намозни тугатганларидан сўнг баъзилар у зотдан сўрашди: «Ё Расулуллоҳ, сиз намоз асносида жуда узоқ сажда қилдингиз. Ҳатто биз сизга бирон кори ҳол юз бердимикан ёки ваҳий нозил қилиндимикан, деб ўйлаб қолдик?» Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сиз айтган бирон иш бўлгани йўқ. Бироқ неварам сиртимга миниб олган эди, ўйинини битириб олмагунча елкамдан туширгим келмади»[7].

  • Намозда мудроқ тутган кишини уйғотиш учун туртиш, шунингдек, чап томондаги кишини айлантириб ўнг томонга ўтказиш жоиздир.

  • Намозхон саждада, қиёмда ёки қаъдада гуноҳ саналган ножоиз ишлардан ташқари истаган тилагини сўраб дуо қилиши жоиз. Шунингдек, дуода истаган кишисининг номини тилга олиши ҳам жоиз. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намозда Риъл, Усайя ва Заквон уруғларини қарғаганлар, Валид ибн Валид, Айёш ибн Абу Айёш ва Салама ибн Ҳишомлар ҳаққига дуо қилганлар. У зот намозда бировнинг номини тилга олиб дуо қилишдан қайтармаганлар.

  • Инсон намоз асносида бирон ножўя ишни кўрса, уни инкор этиши вожиб бўлади ва бу билан намози бузилмайди. Чунки яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш ҳақ иш саналиб, уни қилган киши яхши иш қилган бўлади.

Жумладан, намозда турган киши ёнғинни ўчириши, шунингдек, ёш болани, телбани, ўрнидан тура олмайдиган кекса ёки уйқудаги инсонни оловдан, йиртқич ҳайвондан, тажовузкор одамдан ёки селдан қутқариши жоиздир.

Намозхон намоз асносида мол-мулки, кавуши, маҳсиси ёки шунга ўхшаган бирон нарсаси ўғирланганини кўрса, ўғрининг ортидан қувлаб, нарсасини ундан тортиб олиши ҳам жоиздир»[8].

[1] Бухорий (684), Муслим (421), Абу Довуд (940), Насоий (2/77), Ибн Можа (1035) ривояти.
[2] «Найл ал-автор», 2/371.
[3] «Ал-муҳалло», 3/110.
[4] Бухорий (416), Ибн Ҳиббон (2269) ривояти.
[5] Муслим (3008), Абу Довуд (485), Ибн Ҳиббон (2265) ривояти.
[6] Бухорий (509, 4274), Муслим (505), Абу Довуд (697), Насоий (2/66) ривояти.
[7] Саҳиҳ. Насоий (1/171), Аҳмад (3/493), Ҳоким (3/181), Ибн Ҳазм (3/125-126) ривояти.
[8] Ибн Ҳазм. «Ал-муҳалло», 3/119-436. Айрим ўзгартиришлар билан нақл қилинди.

Изоҳ қолдиринг