Абу Бакр разияллоҳу анҳу: Сиддиқнинг ҳарбий тактикаларига баъзи мисоллар

0

Абу Бакр Сиддиқ давридаги фатҳ ҳаракатларини кузатган киши барча ҳаракатлар белгиланган ҳарбий тактикалар асосида юритилганига ва буюк халифа ғалаба сабабларини том маънода ишга солганига гувоҳ бўлади. Қуйида булардан баъзиларини айтиб ўтамиз:

1)  Тўла фатҳ этилмагунига қадар душман ўлкаларига ичкарилаб кетмаслик

Сиддиқ разияллоҳу анҳу душман ўлкалари то мусулмонлар қўлига тўла ўтмагунига қадар улар ичига ичкарилаб боришни ёқламас эди. Бу Ироқ ва Шом фатҳларида очиқ кўзга ташланди. Ироқ фатҳида Абу Бакр Сиддиқ Холид ва Иёзга Ироқнинг жануб ва шимол томонидан кириб бориш вазифасини топширди. Уларга йўллаган мактубида шу сўзлар бор эди: «Иккингиздан қай бирингиз Ҳийрага биринчи кириб борса, Ҳийрага у амир бўлади. Арабистон билан Форс оралиғидаги Масолиҳни ёриб ўтиб, Ҳийрада бирлашганингиздан сўнг мусулмонларга орқа тарафдан ҳужум қилиниши олдини олгач, бирингиз Ҳийрада қолинг, иккинчингиз душманга қарши урушга киринг. Асло уларнинг қўлларидаги нарсаларни кўзлаб эмас, балки фақат Аллоҳдан тақво қилиб урушинг ва Аллоҳдан мадад сўранг. Охират ишини дунё ишидан устун қўйинг, шунда Аллоҳ ҳар иккисини сизларга жамлаб беради. Дунёни устун кўрманг, акс ҳолда ҳар иккиси сизлардан олиб қўйилади. Аллоҳ огоҳлантирган ишлардан сақланинг, гуноҳларни тарк этинг, тавбага шошилинг. Тавбани ортга суришдан ва гуноҳларда маҳкам туришдан ҳазир бўлинг»[1].

Бу мактубда битилган сўзлар Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг фикрлаш савияси ўта юқори эканини, ўта пухта тактикаларга эга бўлганини ва энг аввало Аллоҳнинг ўзи уни ҳаққа муваффақ қилиб қўйганини кўрсатади. Унинг барча кўрган чоралари фақат мусулмонлар фойдасига бўлди. Қолаверса, бу мактуб ўша даврнинг энг баҳодир жангчиси ва моҳир қўмондони Холид ибн Валидга юборилганди.

2)  Сафарбарлик ва кучларни йиғиш

Абу Бакр Сиддиқ халифа бўлгач, урушга ҳозирлик режасида оммавий сафарбарлик ва кучларни йиғишни асосий ўринга қўйди. Мусулмонларни муртадларга қарши урушларга сафарбар этди, кейин фатҳ ҳаракатларига ҳам ўшаларни жалб этди. Бу ҳақда Яман аҳлига машҳур мактубини йўллади.

 3)  Қўшинларга мадад кучлари юборишни йўлга қўйиши

Шимолий жабҳада уруш кучайган пайтда жабҳа қўмондонлари Холид ва Мусанно аскарий ёрдамга муҳтож бўлиб, Сиддиқ разияллоҳу анҳуга мадад кучлари юборишини сўраб мактуб йўлладилар. Сиддиқ уларга жавоб мактубида: «Муртадларга қарши урушларда иштирок этганларни ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан сўнг Исломда барқарор қолганларни урушга сафарбар этинглар. Муртад бўлиб, кейин динга қайтганларни то менинг амрим бўлмагунича урушга олманглар», деб ёзди[2].

Абу Бакр разияллоҳу анҳу то вафотига қадар ҳам Ироқ ва Шом жабҳаларига мадад кучлари юборишда давом этди.

4)  Урушдан бўлган мақсадни белгилаб олиш

Исломий фатҳларда урушларга кирилар экан, урушдан бўлган мақсад барчанинг кўз олдида аниқ-тиниқ эди. Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу ҳар бир мужоҳид урушдан бўлган мақсадни билиши ва кўз олдида тутиши лозим, деб ҳисобларди. Яъни мусулмонларнинг мақсади Исломни ёйиш, уни халқларга етказиш бўлиб, халқларни ушбу улкан яхшиликдан маҳрум қилаётган ва Ислом даъвати уларга етиши йўлига тўғоноқ бўлаётган тоғутларни йўлдан олиб ташлаш мақсадида урушга кирар эдилар. Барча урушлар олдидан мусулмон қўмондонлар душманга уч ишдан бирини – Исломни қабул қилиш, ё жизя тўлаб Ислом давлати ҳукми остида яшаш, ё урушни танлашни таклиф этардилар[3].

5)  Уруш ҳаракатларини тартиб билан олиб бориш

Сиддиқ разияллоҳу анҳу муртадларга қарши уруш ҳаракатларини шахсан ўзи бошқариб борди. Уларга қарши урушиш учун қўшинларни тартиблади. Шу билан бирга, бошқа жабҳаларни ҳам эътиборсиз қолдирмади. Усома ибн Зайд қўшинини Шомга юборди, Мусанно ибн Ҳорисани Ироққа йўллади. Энг аввал мусулмонларнинг бор куч-ҳаракатини муртадликни бартараф этишга йўналтирди. Арабистон яримороли тавҳидга қайтиб, бошқарувни қудратли ва хавфсиз ўриндан юритиш имконияти очилгач, ҳарбий амалиётларни Шом ва Ироқ жабҳаларига кўчирди. Шом жабҳаси мадад кучларига муҳтож бўлганида Сиддиқ бутун кучни Шомга ташлади, Мусаннони Ироққа бош қилиб қолдириб, Холид ибн Валидни Шомга юборди.

6)  Жанг ҳаракатларига йўл очиш

Сиддиқ разияллоҳу анҳу Рум (Византия) ва Форс (Эрон) давлатлари армияларига қарши урушиш учун кучларни сафарбар этиш олдидан Холид ибн Саидни Табукка юборди. Унинг вазифаси душман кучларини чамалаш, мусулмон қўшинлари келишига йўл очиш ва уларга қалқон бўлишдан иборат эди. У бу топшириқни етарлича уддалай олмагач, айни вазифа Икрима ибн Абу Жаҳл зиммасига юкланди.

7)  Жанг услубларини такомиллаштириш

Рум қўшинлари яқинлашиб келаётгани ва уларга Дамашқ аҳли ҳам қўшилгани ҳақида хабарлар келгач, Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу Абу Убайдага мактуб йўллади: “Қишлоқ ва овулларга от солдир, душманларга озиқ-овқат ва моддий ёрдам келиши йўлини торайтир. То мендан буйруқ келмагунча шаҳарларни қамалга олма”. Уни етарлича мадад кучлари билан таъминлагач, мактуб йўллаб: “Агар сенга қарши кўтарилсалар улар билан урушавер, уларга қарши Аллоҳдан ёрдам сўра. Уларга қанча мадад кучлари келса, биз ҳам сенга шунча мадад кучлари юборамиз”, деди[4].

8)  Қўмондонлар билан мунтазам алоқада бўлиши

Сиддиқ билан жанггоҳлардаги қўмондонлар ўртасида тиғиз ва мунтазам хабар алмашиши бор эди. Қўмондонлардан мактублар хавф-хатарсиз етиб келар, халифанинг жавоб мактублари ҳам махфий ва хавфсиз шаклда, зудлик билан қўмондонларга етказилар эди. Душман кутилмаганда мусулмонларни ғафлатда қолдирадиган ҳолат юз беришига асло йўл қўйилмади.

9)  Халифанинг заковати ва донолиги

Фатҳлар бошланар экан, исломий ҳарбий ҳаракатлар ўта ақлли, заковатли, зийрак, узоқни кўрувчи фаросатли бир раҳбар томонидан бошқарилаётгани кўриниб турарди. Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан узоқ йиллар бирга бўлган, барча ишларда шахсан у зотнинг тарбияларини олган, ҳарбий тактикалар борасида ва бошқа илмларда чуқур билим ва тажрибага эга бўлган эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотларидан сўнг у халифалик вазифасини қойилмақом адо этди, раиятни қимматбаҳо йўл-йўриқ ва насиҳатлари билан йўлга солди, қўшинлар ҳозирлади, мужоҳидларни ўз вақтида мадад кучлари билан таъминлади.

 

[1] «Тарих ат-Табарий», 4/188.
[2] «Тарих ат-Табарий», 4/163.
[3] Тарих ад-даъва илал-ислом, 332-бет.
[4] Тарих ад-даъва илал-ислом, 334-бет.

Изоҳ қолдиринг