Намоз: Намозда ман қилинган ишлар (1)

0

Намозда ман қилинган ишлар

1 –  Намозда қўлларни биқинга қўйиб туриш

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларни биқинга қўйиб намоз ўқишдан қайтардилар»[1]. Намоз ўқиш тартибида айтиб ўтилганидек, намознинг қиёмида қўллар кўкрак устига қўйилади.

Намозда қўлларни биқинга қўймаслик ҳикмати

  • Инсон намозда мазкур кўринишда туриши билан ўзини яҳудийларга ўхшатган бўлади. Бухорий Ойша разияллоҳу анҳодан мавқуф тарзда ривоят қилишича[2], Ойша разияллоҳу анҳо намозхон қўлларини биқинига қўйиб туришини ёмон кўрар ва: «Яҳудийлар шундай қилади», дер эди.

  • Чунки бу тарзда туриш дўзах аҳлининг хордиқ чиқариш тарзидир. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Намозда қўлларни биқинга қўйиб туриш дўзах аҳлининг хордиқ чиқариш тарзидир»[3].

Намозда қўлларни биқинга қўйиб туриш ҳукмига келсак, Ибн Аббос, Ибн Умар ва Ойша разияллоҳу анҳум, шунингдек, Молик, Шофеий ҳамда Куфа аҳли уламоларининг фикрича, бу тарзда туриш макруҳдир.

Зоҳирийларнинг фикрича, намозда қўлларни биқинга қўйиб туриш ҳаромдир. Шавконий шу фикрни тўғрироқ деган.

2 – Намозда сочни йиғиб олиш, соч ёки кийимни қистириб олиш

Абу Рофеъ разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам кишини сочи йиғилган ҳолда намоз ўқишидан қайтардилар»[4].

Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам намозда еттита суякни ерга теккизиб сажда қилишга буюрдилар. Шунингдек, намозхон сочи ва кийимини қайтариб олишидан қайтардилар»[5].

Бунинг ҳикмати шундан иборатки, агар намозхон сажда қилса, унга қўшилиб сочи ҳам сажда қилади. Агар намозда сочини йиғиб олса, уни ўзига қўшилиб сажда қилишдан маҳрум қилади.

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у масжидга кирганида бир киши сочини орқасига боғлаб олиб намоз ўқиётганини кўрди. Киши намозини тугатганидан сўнг Ибн Масъуд унга бундай дейди: «Намоз ўқиганингда сочингни йиғиб олма. Зеро, сочинг ҳам сенга қўшилиб сажда қилади ва унинг ҳар бир толаси эвазига сенга битта савоб ёзилади». Шунда у: «Сочим тупроққа беланишидан қўрқаман», деди. «Сочинг тупроққа беланиши сен учун яхшироқдир», деди Ибн Масъуд разияллоҳу анҳу[6].

Худди шунга ўхшаш воқеа Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ҳам собит бўлган.

Намозда сочни йиғиб олишдан қайтаришнинг яна бир ҳикмати қўллари елкасига қайириб боғланган кишига ўхшаб қолмасликдир. Чунки бундай киши сажда қилганида қўллари унга қўшилиб сажда қилмайди.

Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. У Абдуллоҳ ибн Ҳорисни сочини бошининг орқасига йиғиб олиб намоз ўқиётганини кўрди. Шунда (унинг орқасидан бориб) йиғилган сочини еча бошлади. Ибн Ҳорис ҳам унга буйсуниб қимирламай турди. (Намозни ўқиб бўлгач) Ибн Аббоснинг олдига бориб: «Нега сочимга тегиндингиз?» деди. Ибн Аббос деди: «Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Бундай қилган (яъни сочини йиғиб олиб намоз ўқиган) киши қўллари елкасига тортиб боғланган ҳолда намоз ўқиган кишига ўхшайди», деганларини эшитганман»[7].

Нававий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Уламолар иттифоқ қилишича, инсон кийимини қайтарган, енгини шимарган, сочини орқасига йиғиб олган ёки уни салласи остига қистириб олган ёхуд шунга ўхшаш ҳолатларда намоз ўқишдан қайтарилган. Уламолар иттифоқига кўра, бу ишларнинг барчаси макруҳдир»[8].

Шуни эслатиш лозимки, Ироқий айтганидек, мазкур ишларнинг барчаси эркакларга тегишлидир, аёлларга эмас. Сочни бошнинг орқасига йиғиб олиб намоз ўқиш ҳукмига келсак, Термизий нақл қилишича, илм аҳли уни маҳруҳ санаганлар.

3 – Намозда қибла тарафга ёки ўнг томонга балғам тупуриш

Бу ҳақда «Намозда қилиш жоиз амаллар» мавзусида батафсил сўз юритилди.

4 – Қўл бармоқларини қовуштириш

Каъб ибн Ужра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни бундай деганларини эшитдим: «Бировингиз таҳорат олиб, сўнг (масжидда) намоз ўқиш ниятида (уйидан) чиқса, қўлларини қовуштирмасин. Зеро, у (модомики намозни ўқишни қасд қилиб кетаётган бўлса) намозда саналади»[9].

Ушбу ҳадис масжидда намоз ўқиш мақсадида уйдан чиққан вақтдан бошлаб бармоқларни қовуштириш макруҳ эканини ифода этмоқда. Шундай экан, намоз асносида бармоқларни қовуштириш янада қаттиқроқ макруҳ бўлади.

Эслатма:

Айрим ҳадисларда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидда қўлларини қовуштирганлари зикр этилган. Жумладан, «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мўмин киши мўмин биродарига нисбатан худди бир-бирини тутиб ва тираб турган бино(ни ташкил этган ғиштлар)га ўхшайди», дедилар ва (ва бу маънавий ҳолатни тасвирлаш учун) бармоқларини қовуштирдилар»[10].

Мазкур ҳадислар билан масжидда қўлларни қовуштиришдан қайтарган ҳадислар ўртасида қарама-қаршилик йўқ. Чунки уларни мувофиқлаштириш мумкин. Масжидда бармоқларни қовуштиришдан бирон ишни ўргатиш, мисол келтириш, ўхшатиш ёки шу каби мақсадлар кўзланган бўлса, жоиздир. Аммо намозхон қўлларини беҳудага ёки ўйнаб қовуштирса, жоиз эмас.

Шунингдек, мазкур қарама-қаршиликни мана бундай бартараф этиш ҳам мумкин: масжидда қўл қовуштиришдан қайтарган ҳадислар қавлий ҳадислар бўлгани учун унга қарама-қарши бўлган феълий ҳадислардан устун туради. Чунки биринчидан, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларини ҳикоя қилган ҳадислар билан хатти-ҳаракатларини ҳикоя қилган ҳадислар ўртасида қарама-қаршилик бўлса, сўзларини ҳикоя қилган ҳадисларга амал қилинади. Қолаверса, бирон хатти-ҳаракатни тақиқловчи далил билан унга рухсат берувчи далил ўртасида зиддият мавжуд бўлса, тақиқловчи далилга амал қилинади. Валлоҳу аълам.

[1] Бухорий (1220), Муслим (545), Абу Довуд (947), Термизий (383), Насоий (2/127) ривояти.
[2] Бухорий ривояти, 3458.
[3] Ибн Хузайма (909), Ибн Ҳиббон (2286) ривояти. Бироқ ҳадис санадида заифлик бор.
[4] Ҳасан саҳиҳ. Абу Довуд (646), Термизий (384), Ибн Можа (1042) ривояти. Ҳадисни Термизий саҳиҳ деган. Ҳадис матни Ибн Можага оид.
[5] Бухорий (809, 810, 815), Муслим (490), Абу Довуд (889), Термизий (273), Насоий (2/216) ривояти.
[6] Саҳиҳ. Абдураззоқ (2/185), Табароний («Ал-кабир», 9/267), Ибн Абу Шайба (2/194) ривояти.
[7] Муслим (492), Абу Довуд (647), Насоий (2/215-216) ривояти.
[8] Нававий. «Ал-мажмуъ», 4/98-бет.
[9] Ҳасан лиғайриҳи. Абу Довуд (562), Термизий (386), Аҳмад (4/241) ривояти.
[10] Бухорий (481), Муслим (2585) ривояти. Муслим ривоятида «бармоқларини қовуштирдилар» деган қўшимча келмаган.

Изоҳ қолдиринг