Намоз: Намозда ман қилинган ишлар (2)

0

5 – Тошчаларни сидириш ва тупроқни текислаш

Муайқиб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сажда қиладиган еридаги тупроқни текисламоқчи бўлган кишига: «Агар саждагоҳингдаги тупроқни текисламоқчи бўлсанг, фақат бир марта текисла», дедилар»[1].

Ушбу ҳадис намозда тошчаларни сидириш макруҳ эканига далил бўлади. Борди-ю, намозхон саждагоҳида унга халал берадиган тошчаларни сидиришга ёки тупроқни текислашга эҳтиёж сезса, у ҳолда кўп ҳаракат қилиш уни намоздан чалғитиб қўймаслиги учун бу ишни бир ҳаракатда бажариши лозим. Ҳадис зоҳири бу тақиқ фақат намоз ўқиётган кишига тегишли эканини ифода этади. Аммо намозхон бу ишни намозга киришдан олдин қилса зарари йўқ. Валлоҳу аълам.

6-7 – Намозда оғизни тўсиб олиш ва кийимнинг енгини киймасдан елкага ташлаб олиш

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намозда «садл» қилиш ва оғизни тўсиб олишдан қайтардилар»[2].

Ибн Асир раҳимаҳуллоҳ айтади: «Намозда «садл» қилиш деганда киши қўлини кийимнинг енгига киритмасдан, унга ўраниб олиши ҳамда шу кўйда руку ва сажда қилиб намоз ўқиши назарда тутилади. Яҳудийлар шу тарзда намоз ўқишар эди. Шунинг учун мусулмонлар бундай қилишдан қайтарилдилар. Бу ҳолат кўйлак ва бошқа кийимларга ҳам тегишлидир. Бошқа бир фикрда айтилишича, намозда «садл» қилиш (одатда баданнинг белдан пастки қисмига ўраладиган) изорнинг ўртасини бошнинг устига қўйиб, икки учини икки елкадан эмас, балки ўнг ва чап ёнбошдан тушуриб олишдан иборат»[3].

Намозда оғизни тўсиб олишга келсак, ундан салланинг учи ёки шунга ўхшаш бирон мато билан оғизни тўсиб олиш назарда тутилади.

Хаттобий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Арабларда салланинг бир учи билан оғизни тўсиб олиш одати бор. Шунинг учун улар намозда бундай қилишдан қайтарилдилар. Аммо намозда эсноқ тутса, у ҳолда эснаш тўғрисидаги ҳадисга биноан оғизни тўсиш дурустдир»[4].

Хаттобий раҳимаҳуллоҳ Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисга ишора қилган. Унда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дейдилар: «Агар бирингиз эснаса, қўлини оғзига қўйсин. Чунки шайтон (эснаган кишининг оғзига) киради. (Қўлни оғизга қўйиш эса уни бундан ман қилади)»[5].

8 – Намоздан чалғитадиган нарсага қараш макруҳлиги

Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам нақшли «хамиса»ни кийиб намоз ўқидилар. Намоз ўқиб бўлгач дедилар: «Бунинг нақшлари мени чалғитаёзди. Уни Абу Жаҳмга олиб бориб, ўрнига «анбижония» олиб келинглар»[6].

«Хамиса» – таркиби ипак ва жун толаси аралашмасидан иборат, қора рангли, йўл-йўл чизиқли ёхуд нақшли кийим. «Анбижония» – жундан тўқилган нақшсиз кийим.

9 – Намозда нигоҳни осмонга қаратиш

Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Одамларга нима бўлди, намозларида нигоҳларини осмонга қаратадилар?!» У зот бу борада жуда қаттиқ гапирдилар, ҳатто: «Ё бу ишдан тийилсинлар, ё бўлмаса кўзларидан ажраб қоладилар», дедилар»[7].

Ибн Баттол раҳимаҳуллоҳ айтади: «Уламолар намозда нигоҳни осмонга қаратиш макруҳ эканига ижмо қилишган». Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ бундай қилишни ҳаром деган.

10 – Намозда қўлга суяниш

Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам кишини намозда қўлига суяниб ўтиришдан қайтардилар»[8].

Ушбу ҳадис намозда қўлга суяниб ўтиришдан қайтаради. Бироқ намозда ҳасса ёки шунга ўхшаган бирон нарсага суянишга эҳтиёж туғилса, суяниш жоиздир. Умму Қайс бинти Миҳсан разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам кексайиб, вазнлари ортган пайтда намозгоҳларига устун қўйиб олдилар, унга суяниб намоз ўқир эдилар»[9].

Шавконий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Биринчи ҳадис турлича сўзлари йиғиндиси ила намозда ўтирганда, қиёмга туришда ва умуман намозда икки қўлга суяниш макруҳ эканига далолат қилади. Мазкур тақиқнинг зоҳири бу ишнинг ҳаром эканини кўрсатади. Намозда қўлга суяниш ҳаром бўлса, ундан бошқа нарсага суяниш авлороқ тарзда ҳаром бўлади. Умму Қайснинг ҳадиси эса намозда устун, ҳасса ва шу кабиларга суяниш жоизлигини кўрсатади. Бироқ ундаги жоизлик ҳадисда айтилган узр – кексалик ва вазн оғирлиги каби ҳолатларга чекланган. Бу узрга ҳолсизлик, касаллик ва шунга ўхшаш ҳолатлар ҳам илова қилинади. Бинобарин, биринчи (Ибн Умардан ривоят қилинган) ҳадисдаги тақиқ узрсиз ҳолатларга тегишли бўлади»[10].

Менимча, Ибн Умар ҳадисидаги тақиқни фақат намозда ўтирган ҳолатга чеклаш тўғрироқ бўлади. Зеро, ҳадисга оид ривоятлардан бирида: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам киши намозда қўлига суяниб ўтиришидан қайтардилар»[11], дейилган. Ҳоким ривоятида «чап қўлига» деган қўшимча мавжуд бўлса, яна бир ривоятда «икки қўлига» дейилган. Аммо қиёмга туришда, «жалсати истироҳа»дан сўнг қиёмга туриш тартибида айтиб ўтилганидек,  икки қўлга суяниб туриш жоиздир.

[1] Бухорий (1207), Муслим (546), Абу Довуд (946), Термизий (380), Насоий (3/7), Ибн Можа (1026) ривояти.
[2] Ҳасан лиғайриҳи. Абу Довуд (643), Термизий (378), Ибн Хузайма (772), Ҳоким (1/253) ривояти. Ҳадисни Ҳоким Бухорий ва Муслим шартига мувофиқ саҳиҳ деган, Заҳабий унинг бу фикрини маъқуллаган. Шайх Аҳмад Шокир раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадиснинг саҳиҳлиги ёки энг камида ҳасанлигини тўғрироқ деб билган. Валлоҳу аълам. Шунингдек, ҳадисни Албоний «Саҳиҳ ал-жомеъ»да (6883) ҳасан деган.
[3] Ибн Асир. «Ан-ниҳоя», 2/355-бет.
[4] Хаттобий. «Маолими сунан» («Сунани Абу Довуд ҳошияси»), 1/433.
[5] Муслим (2995), Абу Довуд (5026) ривояти.
[6] Бухорий (373, 5817), Муслим (556), Абу Довуд (914), Насоий (2/72), Ибн Можа (3550) ривояти.
[7] Бухорий (750), Абу Довуд (913), Насоий (3/7), Ибн Можа (1044) ривояти.
[8] Абу Довуд (992), Аҳмад (2/147) ривояти.
[9] Саҳиҳ. Абу Довуд (948), Ҳоким (1/397) ривояти. Ҳадисни Ҳоким саҳиҳ деган, Заҳабий унинг бу фикрини маъқуллаган. Шунингдек, ҳадисни Албоний «Ас-саҳиҳа»да (319) саҳиҳ деган.
[10] «Найл ал-автор», 2/384.
[11] Абу Довуд (992), Ҳоким (1/230), Байҳақий (2/135), Аҳмад (2/147) ривояти. Ҳадисни Ҳоким Бухорий ва Муслим шартига мувофиқ саҳиҳ деган, Заҳабий ҳамда Албоний («Ирво ал-ғалил», 2/102) унинг бу фикрини маъқуллашган.

Изоҳ қолдиринг