Эй иймон келтирганлар (84): Аллоҳнинг динига ёрдам бериш вожиблиги ва динга ёрдам бергани учун нусрат ва зафарга эришган зотлардан ўрнак олиш ҳақида

0

Эй иймон келтирганлар, Аллоҳнинг динига Исо алайҳиссаломнинг ҳаворийлари ёрдам берганидек ёрдам берувчи бўлинглар. Исо уларга: «Ким Аллоҳга яқинлаштирадиган ишларда менга ёрдамчи бўлади?” деган эди, ҳаворийлар: «Биз Аллоҳнинг динига ёрдам берувчимиз”, дедилар. Бани Исроилдан бир тоифа ҳидоят топди, бир тоифа залолатга кетди. Биз Аллоҳ ва Расулига иймон келтирганларни қувватладик, уларга душманлари бўлган насоро фирқалари устидан ғалаба бердик ва улар ўшалар устидан ғолиб бўлдилар” (Саф, 14).

Шарҳ:

Ҳурматли ўқувчи, Аллоҳга, қиёмат куни Унга йўлиқишга, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга, у зот олиб келган ва даъват қилган динга иймон келтирган мўмин бандаларига Аллоҳ таоло нима учун нидо қилишини яна бир бор ёдга олинг. Аллоҳ мўминларни бирон ишга буюриш ё бирон ишдан ман этиш, жаннат билан хушхабар бериш ё дўзах билан қўрқитиш, уларга фойдали бўлган нарсаларни ўргатиш учун нидо қилади. Дўстликнинг тақозоси ҳам айни шу. Зеро Аллоҳ мўминларнинг дўстидир, шунинг учун фақат уларга яхшилик бўлган, нафсларини поклайдиган ишларга буюради, дилларини кир қиладиган ишлардан қайтаради. Иймонларини зиёда қиладиган хушхабарлар беради, қалбларини очиб қўяди, уларни хавф-хатардан узоқ қилиб, ғам-ташвишларини аритади. Аллоҳ таоло дўстлари бўлмиш мўмин бандаларидан ҳаётнинг уч бочқичида хавф-хатар ва хафаликни кеткизди: дунё ҳаётида, фоний дунё билан боқий дунё орасидаги Барзах ҳаётида ва охират ҳаётида. Аллоҳ таоло деди: “Шуни билингки, Аллоҳнинг дўстлари учун ҳеч қўрқув йўқ ва улар ғамгин ҳам бўлмайдилар. Улар Аллоҳга иймон келтирган ва тақво қилган кишилардир. Аллоҳнинг ўша дўстлари учун дунё ҳаётида уларни хурсанд қиладиган нарсалар башорати, охиратда эса уларга жаннат башорати бор” (Юнус, 62-64). Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дунё ҳаётидаги башоратни мўмин киши ўзи кўрган ё у ҳақда кўрилган яхши туш эканини баён қилганлар.

Энди Аллоҳнинг мадади билан ушбу илоҳий нидо шарҳига ўтамиз. Аллоҳ таоло деди: “Эй иймон келтирганлар”, яъни Аллоҳни Раб, Исломни дин ва Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламни пайғамбар деб иймон келтирган, шу билан том маънода тирик бўлиб, Аллоҳ тарафидан нидо қилинишга, буюрилиш ва қайтарилишга лойиқ бўлган мўминлар: “Аллоҳнинг динига ёрдам берувчи бўлинглар”, яъни Раббингиз Ҳақ таолонинг динига, пайғамбарига ва мўмин бандаларига ёрдам беришни ўзингизга лозим тутинг, Аллоҳнинг бандаси ва пайғамбари Ийсо алайҳиссалом ҳаворийлардан ёрдам сўраб: “Ким менга ёрдамчи бўлади”, яъни мен Аллоҳга юзланиб, Унинг динига ва дўстларига ёрдам бераётганимда менга ким ёрдам беради, деб сўраганида улар айтган: “Биз Аллоҳнинг динига ёрдам берувчимиз”, деган сўзни сизлар ҳам айтинглар. Сизлар ҳам эй мусулмонлар, Аллоҳнинг динига, Пайғамбарига ва мўмин бандаларига ёрдам беришда улар каби бўлинглар. Саҳобалар, Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин, шундай, яъни ҳаворийлардек жавоб бердилар. Лекин: “Кейин Аллоҳнинг инъомига сазовор бўлган ўша зотлар ортидан ёмон издошлар келди” (Марям, 59) улар бу чақириққа ижобат қилмадилар. Минг афсус, биз ҳам шундайлардан бўлиб қолдик, бу қандай кўргулик, қандай қайғу?! “Дунёда зое қилган нарсаларимизга ҳасрат-надоматлар бўлгай” (Анъом, 31).

Аллоҳ таоло нидонинг сўнгида айтади: “Бани Исроилдан бир тоифа ҳидоят топди, бир тоифа залолатга кетди. Биз Аллоҳ ва Расулига иймон келтирганларни қувватладик, уларга душманлари бўлган насоро фирқалари устидан ғалаба бердик ва улар ўшалар устидан ғолиб бўлдилар”.

Бир тоифа Ийсо алайҳиссаломга, у зот олиб келган ҳақ ва ҳидоятга иймон келтирди. Ийсо алайҳиссалом Аллоҳнинг бандаси ва элчиси эканига, унинг Худо ҳам, Аллоҳнинг ўғли ҳам, ота, ўғил ва руҳул қудсдан иборат учликнинг бири ҳам эмаслигига, сеҳргар ҳам, дажжол ҳам, ўзидан тўқиб чиқарувчи каззоб ҳам, валадизино ҳам эмаслигига иймон келтирдилар.

Бир тоифа эса кофир бўлиб залолатга кетди. Яҳудийлар: “Ийсо валадизино ва сеҳргар” дедилар. Ийсо алайҳиссаломга ва у зот келтирган динга кофир бўлдилар. Боз устига Ийсо алайҳиссаломга эргашган мўминларга ҳийла-макр ишлатиб, уларнинг ақидасини буздилар, динларини ўзгартирдилар. Улар қолиб, ҳақ динга эргашиш, Аллоҳнинг дўстлигини қозониш мусулмонларга насиб этганига ҳасад қилиб шундай қилдилар.

Биз Аллоҳ ва Расулига иймон келтирганларни қувватладик, уларга душманлари бўлган насоро фирқалари устидан ғалаба бердик”. Аллоҳ мусулмонларга кофирлар устидан ғалаба берди ва мусулмонлар: “ўшалар устидан ғолиб бўлдилар” яъни улар устидан зафар қучдилар, улардан устун бўлдилар, нусратга эришдилар. Бу ҳолат Аллоҳнинг душмани ҳасадгўй яҳудийлар Ийсо алайҳиссалом олиб келган ҳақ динни бузишга бўлган уринишлари, ишлатган ҳийлалари ўз самарасини кўрсатгунга қадар давом этди. Ана шунда ҳақ динни қўллаб-қуввтловчилар деярли қолмади, фақат у ер бу ерда ҳақ динга ёрдам берувчи озгина инсонлар бор эди. Ҳолбуки Ийсо алайҳиссалом ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилиш устига барпо қилинган, руҳий ва баданий ибодат турларини жорий этган Исломни олиб келган эдилар. Лекин яҳудийлар фитнасига учган насоролар ҳақ динни қўйиб, ширкни ­­­- ота, ўғил ва руҳул қудсдан иборат учликни ўзларига дин қилиб олдилар. Куфр ва мана шу учлик эътиқоди устун бўлди. Ернинг тўрт тарафида ҳам ширк зоҳир бўлди. Бу ҳолат Аллоҳ таоло Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламни пайғамбар этиб юборгунига қадар давом этди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даъватларини ижобат қилган насоролардан Исломга кирганлари бўлди. Мусулмон бўлган насоролар Ислом орқали Ийсо алайҳиссаломни “худо” дейдиган мушрик душманлари устидан ғолиб бўлдилар. Бу мушриклар Ийсо алайҳиссаломни тўғри баҳолай олмадилар. Уни гоҳ “Аллоҳнинг ўғли”, десалар, гоҳ “ота, ўғил ва руҳул қудсдан иборат учликнинг бири” дедилар. Уларни адаштирган ва бундай чигалликда қолдирганлар уларнинг бошлиқлари эди. Бу бошлиқлар ҳолатнинг шундай қолишидан манфаатдор эдилар. Авом халқнинг кўр-кўрона эргашиши ҳам бунга катта хисса қўшган, албатта. Исломда ҳам буларга ўхшаганлар келиб чиқди. Исломни турли тоифа ва фирқаларга бўлиб ташлашга уринишлар бўлди. Лекин Аллоҳ таоло Ислом динини қиёмат кунига қадар сақлашни Ўз зиммасига олди. Шунинг учун ким соф Исломни хоҳласа, сидқидилдан уни истаса Аллоҳ таолонинг китобида ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларида келганидек соф ҳолда топади. Ким Исломни хоҳламаса, уни талаб қилмаса, залолат, жаҳолат, фисқ ва куфрга рози бўлса ва то ўлгунига қадар шу ботил йўлда қолса, дўзах аҳлидан бўлади. Шунча фазл-марҳаматлар ва яхшилик эшиклари очиқ бўла туриб Аллоҳ таолонинг раҳматига кирмаган киши ҳалок бўлибди. Ҳалокатга лойиқ одам ҳалок бўлгусидир.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг