Сийрат: Мушрикларнинг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шахсларига эътирозлари

0

Мушриклар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шахсларига қарши эътирозлар билдирдилар. Аллоҳнинг элчиси инсонлардан бўлмайди, у ё фаришта бўлиши, ё эса фаришталар билан бирга келиши керак, дедилар. Аллоҳ таоло деди:

“Ҳидоят келган пайтда кофирларни иймон келтиришдан тўсган нарса: “Аллоҳ инсон зотидан элчи юборибдими?!” дейишлари бўлди” (Исро, 94).

Ўша мушриклар: “Унга осмондан фаришта туширилса бўлмайдими?!” деб айтишди. Агар Биз осмондан фаришта туширганимизда эди, иш уларни узил-кесил ҳалок қилиш билан якун топган бўларди” (Анъом, 8).

Агар биз элчини фаришталардан қилганимизда эди, барибир ўша фариштани ҳам инсон суратида қилган бўлар эдик. (Чунки улар фариштани асл суратида кўра олишмайди, бунга уларнинг имконлари йўқ). Ва иш барибир шубҳали бўлиб қолаверарди” (Анъом, 9).

Яъни агар биз инсонларга фариштани элчи қилиб жўнатганимизда, у ҳам эркак киши қиёфасида бўлар эди. Уларга гапира олиши ва улар ундан фойдалана олишлари учун уни инсон қиёфасида туширган бўлар эдик. Агар шундай қилганимизда эди, иш янада баттар шубҳали бўлиб қолар эди. Улар одамзотдан бўлган элчини қабул қила олмаяптилар-у, қандай қилиб фариштанинг элчилигини қабул қилсинлар?![1] Ҳолбуки, улар таом емайдиган, бозорларда юрмайдиган элчини хоҳлайдилар. Аллоҳ таоло айтади:

Мушриклар: “Нега ўзини пайғамбарман, деб даъво қилаётган бу киши (яъни Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам) овқат ейди, бозорларда юради?! Аллоҳ у билан бирга унинг рост пайғамбарлигига гувоҳлик берадиган бир фариштани туширса эди, ёки унга осмондан бир хазина туширилса эди, ёки унинг катта боғи бўлиб, ўша боғнинг меваларидан еса эди”, деб айтишди. Инкор қилувчи бу золимлар яна: “Эй мўминлар, сизлар сеҳрга чалинган бир кимсага эргашиб юрибсиз, холос, деб айтишди” (Фурқон, 7-8).

Улар ўзларини гўё пайғамбарлар овқат ейишини, бозорларда юришини ҳеч эшитмагандай қилиб кўрсатдилар. Аллоҳ таоло айтади:

Эй Пайғамбар, сиздан илгари юборган пайғамбарларимиз ҳам таом ейишарди, бозорларда юришарди. Биз сизларни бир-бирингизга синов ва имтиҳон қилдик. Қани, сизлар сабр қиласизларми, йўқми, Раббингиз кўриб турувчи зотдир[2] (Фурқон, 20).

Улар расулнинг бой-бадавлат, ҳурмат-эътиборга эга бўлишини истайдилар:

Улар: “Агар бу Қуръон ҳақиқатда Аллоҳдан келган бўлса, мана бу икки шаҳардаги – Макка ёки Тоифдаги икки улуғ кишидан бирига нозил қилинмабди-да”, деб айтдилар” (Зухруф, 31).

Бу гаплари билан улар Макка шаҳридаги Валид ибн Муғийрани ва Тоифдаги Урва ибн Масъуд Сақафийни назарда тутишганди[3].

Улар яна Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни жинни дедилар:

Улар: “Эй ўзига Қуръон туширилганини айтаётган киши, албатта сен мажнунсан. Агар сўзинг рост бўлса, фаришталарни гувоҳликка олиб кел-чи?!” дедилар” (Ҳижр, 6-7).

Улар қандай эслатма олсинлар? Уларга очиқ-равшан пайғамбар – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам келганди. Улар эса ундан юз ўгирдилар ва: “Унга уни (Қуръонни) бошқа бирон киши ўргатиб қўйган. У мажнун”, дедилар” (Духон, 6-7).

Аллоҳ уларга жавобан оят нозил қилди:

“Эй Пайғамбар, Раббингиз берган нубувват ва рисолат неъмати сабабли сиз мажнун эмассиз” (Қалам, 2).

Шунингдек, мушриклар у зотни фолбин, шоир, дедилар:

“Эй Пайғамбар, одамларни Қуръон билан огоҳлантиринг. Сиз Раббингиз инъом этган пайғамбарлик туфайли фолбин ҳам, мажнун ҳам эмассиз. Ёки мушриклар сизга: “Бу одам шоир, биз унга ўлим келишини кутмоқдамиз”, деб айтмоқдаларми?” (Тур, 29-30).

Ҳолбуки, улар у зот шоир эмасликларини, комил ақлли инсон эканликларини ва у зот айтаётган сўзлар на фолбинларнинг, на сеҳргарларнинг сўзидан эканини яхши билар эдилар[4].

У зотни сеҳргар ва ёлғончи, дедилар:

“Улар ичларидан бир огоҳлантирувчи келганидан  ажабландилар ва ўша кофирлар: “Бу одам пайғамбар эмас, балки ёлғон сўзлаётган ва қавмига сеҳр қилаётган бир кимсадир”, дедилар” (Сод, 4).

 “Биз улар (Қурайш зодагонлари) сизга қулоқ тутаркан, нима мақсадда қулоқ тутишаётганини яхши биламиз. Биз уларнинг ўзаро пичирлашиб: “Аниқки, сизлар сеҳрланиб қолган одамга эргашяпсизлар” деб айтаётган сўзларини яхши биламиз. Сиз уларнинг сиз тўғрингизда айтган қизиқ сўзларига қаранг! Улар бутунлай йўлдан адашдилар, энди ҳақ йўлга йўллана олмайдилар” (Исро, 47-48).

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга мушриклар тўқиган бўҳтонларни инкор этиб, оятлар нозил бўлар эди. Мушриклар нафақат у зотнинг ўзларини ёлғончига чиқардилар, балки у зотга берилган рисолатни ва Аллоҳнинг оятларини турли хил бўҳтонлар билан инкор этар эдилар:

Дарҳақиқат, сиздан олдин ҳам пайғамбарларни масхара қилишган. Ва охир-оқибат уларни ўзлари мазах қилган нарса – азоб ўраб олган” (Анъом, 10).

Биз улар айтаётган нарсалар қалбингизга ғамгинлик киритаётганини яхши биламиз. Зеро, улар сизни ёлғончи деб билишмайди, балки золимлар Аллоҳнинг оятларини инкор этишади” (Анъом, 33).

 

[1] “Тафсир Ибн Касир” 2/124-бет.
[2] Яъни айримларингизни бошқа айримлар билан имтиҳон қилдик.
[3] “Тафсир Ибн Касир” 4/126-127-бетлар.
[4] Қаранг: “Рисолат ал-анбиё” 3/57-бет.

Изоҳ қолдиринг