Туманли тарих (5): Тарихни қалбакилаштириш воситалари

0

Тарихни бузиб кўрсатишда бузуқ ниятли кимсалар қандай воситалардан фойдаланишади?

Улар бир қанча воситалар ёрдамида тарихнинг тозалигига путур етказишади.

  1. Ёлғон ва тўқима хабарлар

Бирон бир қиссани ёлғондан тўқиб чиқаришади. Масалан, Ойша разияллоҳу анҳога Али разияллоҳу анҳунинг вафот этгани ҳақида хабар етганида Аллоҳга шукрона келтириб сажда қилди, деган ривоят. Мазкур ривоят мутлақо ёлғон ва туҳматдан иборатдир[1].

  1. Бирон ҳодисани бузиб кўрсатиш учун унга қўшимча қилиш ёки камайтириш

Аслида мавжуд бирон ҳодисани олиб, уни қўшиб-чатиб ривоят қилишади. Масалан, «Бани Соида шийпони» қиссаси ҳақиқатда бўлган воқеа. У ерда Абу Бакр, Умар ва Абу Убайда разияллоҳу анҳум билан Ҳубоб ибн Мунзир, Саъд ибн Убода ва бошқа ансорийлар разияллоҳу анҳум ўртасида учрашув бўлган. Ушбу қиссани бузиб кўрсатиш учун нималар қўшиб-чатилгани ҳақида келгусида сўз юритилади.

  1. Ҳодисани нотўғри талқин қилиш

Ўз хоҳишлари, бидъатлари ва эътиқодларига мослаб бирон ҳодисани нотўғри изоҳлашга уринадилар.

  1. Хато-камчиликларни бўрттириб кўрсатиш

Воқеий бир қиссани олиб, уни ҳикоя қилиш асносида яхши томонини яшириб, ёмон томонини ошириб тақдим этадилар.

  1. Тарихий ҳодисанинг бузуқ талқинини қувватлайдиган шеърлар тўқиш

Саҳобалар шаънини ерга урадиган шеър тўқийдилар-да, сўнг бу шеърни мўминлар амири Али разияллоҳу анҳу, мўминлар онаси Ойша разияллоҳу анҳо, Зубайр разияллоҳу анҳу ёки Талҳа разияллоҳу анҳуга мансуб деб тарқатишади. Масалан, Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо номидан Ойша разияллоҳу анҳога бағишлаб қуйидагиларни тўқишган:

Хачир миндинг, туя миндинг,

Хоҳласанг, фил минар эдинг.

Яъни, уруш ва фитна қўзғаш учун ҳатто фил ҳам минар эдинг, маъносида.

  1. Сохта мактуб ва номалар

Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳу ўлдирилиши қиссасида Усмон, Ойша, Али, Зубайр ва Талҳа разияллоҳу анҳум номларидан сохта мактублар тарқатилган. Бу ҳақда, иншааллоҳ, келгуси бобларда сўз юритамиз.

Ундан ташқари Али разияллоҳу анҳуга нисбат берилган «Наҳж ал-балоғат» ва Ибн Қутайбага нисбат берилган «Имомат ва сиёсат» китоби каби бировлар томонидан ёзилиб, уларга нисбат берилган сохта асарлар ҳам мавжуд[2].

  1. Исмлар ўхшашлигидан фойдаланиш

Масалан, Ибн Жарир исмли икки киши ўтган:

  • Муҳаммад ибн Жарир ибн Язид Абу Жаъфар Табарий, машҳур аҳли суннат имоми, «Тарихи Табарий» ва «Тафсири Табарий» муаллифи.

  • Муҳаммад ибн Жарир ибн Рустум Абу Жаъфар Табарий, шиа имомларидан бири[3].

Бузғунчи кимсалар шиа олими Ибн Жарир ибн Рустум ёзган «Далоил ал-имомат ал-возиҳа ва нур ал-мўъжизот» асарини аҳли суннат имоми Ибн Жарир Табарийга нисбат беришади.

Иккита Ибн Ҳажар бор:

  • Аҳмад ибн Али ибн Ҳажар Асқалоний, маълум ва машҳур ҳадис олими.

  • Аҳмад ибн Ҳажар Ҳайтамий, фиқҳ олими. Ҳадис соҳасида мутахассис бўлмаган.

Улар Ибн Ҳажар Ҳайтамий саҳиҳ санаган ривоятларни Ибн Ҳажар Асқалонийга нисбат беришади.

Аҳли суннат уламолари қачондан бошлаб ривоятларни текшира бошлаганлар?

Улуғ тобеин Муҳаммад ибн Сирин раҳимаҳуллоҳ айтганидек, фитна зоҳир бўлгач, санад суриштириш бошланган.

Ибн Сирин айтади: «Уламолар санадни суриштирмас эдилар. Фитна зоҳир бўлгач: «Ровийларни номма-ном айтинглар», дейишга ўтишди. Ровийлар аҳли суннатдан бўлса, ҳадиси қабул этилар, бидъат аҳлидан бўлса, ривояти қабул этилмас эди»[4].

Чунки илгари одамлар хусусидаги асл қоида уларнинг ишончли эканлиги эди. Кибор тобеинлардан бўлмиш Муҳаммад ибн Сирин саҳобаларни кўрган, катта-кичик тобеинлар билан бир замонда яшаган. «Фитна зоҳир бўлгач» жумласидан Усмон разияллоҳу анҳу халифалигининг охирига бориб адашган фирқалар чиқиши назарда тутилган.

Хабарларни нақл қилишда текшириш зарурлиги

Аллоҳ таоло ўзининг каломида бу ҳақда олтин қоидани жорий қилган. Афсуски, кўпчилик бу қоидага етарли эътибор бермайди. Аллоҳ таоло айтади: «Эй иймон келтирганлар, сизга бирон фосиқ кимса хабар келтирса, (ҳақиқий аҳволни) билмасдан бирон қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилган ишингизга надомат чекиб қолмаслигингиз учун (у фосиқ кимса келтирган хабарни) текшириб кўринглар» (Ҳужурот, 6-оят).

Шу боис, ҳар қандай хабарни нақл қилишдан олдин уни текшириш, унга аниқлик киритиш лозим.

[1] Бу қиссани Абул Фараж ал-Асбаҳоний «Ал-ағоний» китобида (55-бет) келтирган. Абул Фараж шиа тоифасига мансуб ёлғончилик билан айбланган одам бўлган. Бу ҳақда унинг «Тарихи Бағдод» ва «Ал-мезон» китобларида келган таржимаи ҳолида айтилган. Шунингдек, бу қиссани шиалардан бўлган Тижоний ўзининг «Фасъалу аҳлаз-зикр» китобида (97-бет) ҳеч кимга нисбат бермасдан келтирган.

[2] Ибн Қутайба қаламига мансуб «Таъвил мушкил ал-Қуръон» (32-бет. Муҳаққиқ: Саййид Аҳмад Сақр) ва «Ал-майсир вал-қидоҳ» (Муҳаққиқ: Муҳиббуддин ал-Хатиб) китобларининг муқаддимасига қаранг.

[3] «Лисон ал-мезон», 7/29. Муҳаммад ибн Жарир ибн Рустумнинг таржимаи ҳоли.

[4] «Саҳиҳи Муслим» муқаддимаси (1/15), «Санад диндан эканининг баёни» номли боб.

Изоҳ қолдиринг