Эй иймон келтирганлар (85): Жума намозига азон айтилганида намозга келиш фарзлиги, азондан кейин савдо ва бошқа ишлар ҳаромлиги

0

Эй иймон келтирганлар, жума куни намозга азон айтилса, хутбани тинглашга ва намозни адо этишга боринг. Савдо-сотиқни ва сизларни намоздан машғул қиладиган барча ишни йиғиштиринг. Сизларга буюрилган бу иш сизлар учун яхшироқдир. Агар ўз фойдангизни билсангиз, шундай қилинг. Хутбани тинглаб, намозни адо этиб бўлгач, ерда тарқалинг ва саъй-ҳаракатларингиз билан Аллоҳнинг ризқини талаб қилинг. Барча ҳолатингизда Аллоҳни кўп зикр қилинг. Шояд дунё ва охират яхшилигига эришсангиз” (Жума, 9-10).

Шарҳ:

Ҳурматли ўқувчи, Аллоҳ таоло мўмин бандаларига иймон сифати билан нидо қилаётганини эсда тутинг. Ҳақиқатда мўминлар иймонлари билан тирик бўлиб, ўзларига қаратилган нидога қулоқ соладилар ва баркамол ҳаётга чақирувчининг нидосини ижобат қиладилар. Бу нидода ҳам Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло уммат ичидаги бутун вужуди билан иймон келтирган мўмин бандаларига нидо қилмоқда:

Эй иймон келтирганлар”, яъни Менга, Расулимга, қиёмат кунига, жаннат ва дўзахга иймон келтирган эй мўмин бандаларим! “Жума куни намозга азон айтилса”, муаззин: “Ҳаййа алас-сола” (намозга келинглар), деб жума намозига азон айтиб чорласа…

Бунинг жавобини келтиришдан олдин жума кунининг фазилатини баён қилиб ўтсак мақсадга мувофиқ бўлади, иншааллоҳ. Жума бошқа кунлардан афзал бўлган фазилатли кундир. Бу куннинг фазилатидан мусулмонлар баҳраманд бўлдилар. Қайсарлиги ва манманлиги сабаб яҳудийлар, жоҳилиги ва гумроҳлиги боис насоролар бу куннинг фазилатидан маҳрум қолдилар. Энг афзал кун жума кунидир. Бу кунда Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни яратди, шу куни жаннатга киргизди ва жаннатдан чиқарди, қиёмат ҳам шу кунда қоим бўлади. Жума куни бир соат бор, ким намоз ўқиган, Аллоҳдан бирон нарса сўраган ҳолда шу соатга тўғри келса, Аллоҳ сўраганини албатта беради. Бу ҳақда муттафақун алайҳ бўлган саҳиҳ ҳадис бор. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ким жума куни ювиниб, сўнг дастлабки вақтда жумага борса, худди туя қурбонлик қилгандек ажрга эга бўлади. Ким иккинчи вақтда борса, гўё сигир қурбонлик қилгандек, учинчи вақтда борса, шохдор қўчқор қурбонлик қилгандек, тўртинчи вақтда борса, товуқ қурбонлик қилгандек, бешинчи вақтда борса, тухум қурбонлик қилгандек ажрга эга бўлади. Имом минбарга чиққанда фаришталар хутбага қулоқ солиш учун ҳозир бўлишади” (Бухорий (881), Муслим (850) ривояти).

Демак, жума куни муаззин намозга азон айтса нима қилиш лозимлигини уқтириб Аллоҳ таоло: “хутбани тинглашга ва намозни адо этишга боринг”, деди. Яъни аввал хутбани тинглаб, сўнг жума намозини адо этиш учун масжидга боринг. Масжидга боришдан олдин қуйидаги ишларни бажариш суннатдир: ғусл қилиш, янги ёки покиза кийим кийиш, хушбўйланиш ва тишларни мисвок билан тозалаш. Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Ким жума куни ғусл қилса, агар бор бўлса уйидаги хушбўйликлардан ўзига суртса, энг покиза кийимларини кийса, сўнг масжидга келиб насиб бўлганича намоз ўқиса, ҳеч кимга озор бермаса ва имом хутбага чиқиб, то намозни адо этгунига қадар жим туриб қулоқ солса, ўтган жума билан шу жума оралиғидаги кичик гуноҳларига каффорат бўлади”. Сунан соҳиблари ривоят қилган ҳадисда эса Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам минбарда туриб: “Сизлардан бирингиз жума куни учун иш кийимидан бошқа (тепа-паст) икки кийим сотиб олса нима бўлади-я?!” деганлар.

Аллоҳ таоло оят давомида айтади: “Савдо-сотиқни ва сизларни намоздан машғул қиладиган барча ишни йиғиштиринг”, яъни олди-сотдини тўхтатинг. Савдо-сотиқ деганда ҳам сотиш, ҳам сотиб олиш назарда тутилган. Имом минбарда хутба қилаётган пайт ҳар қандай битим тузиш ҳаромдир. Шунингдек, нафақат тижорат, балки касб-хунарга оид, ишлаб чиқариш, деҳқончилик, ошхона ва ҳоказо намоздан тўсадиган ҳар қандай иш билан машғул бўлиш жума пайт ҳаром ҳисобланади.

Сизларга буюрилган бу иш сизлар учун яхшироқдир. Агар ўз фойдангизни билсангиз, шундай қилинг”. Яъни савдо-сотиқни ва бошқа ҳар қандай ишларни йиғиштириб масжидга боришингиз, хутбани жим ўтириб эшитиб, сўнг жума намозини адо этишингиз савоби кўп, дунё ва охиратда яхши самара берадиган ишдир.

Аллоҳ таоло деди: “Хутбани тинглаб, намозни адо этиб бўлгач, ерда тарқалинг”, яъни жума намозини ўқиб бўлгач, эҳтиёжингиз бўлган олди-сотди ва бошқа мубоҳ ишлар билан машғул бўлиш учун атрофга тарқалинг ва “саъй-ҳаракатларингиз билан Аллоҳнинг ризқини талаб қилинг”, яъни дунё ишларингизда муҳтож бўлган нарсаларни истанг. Чунки банда қўлга киритадиган ҳар қадай ризқ Аллоҳнинг бериши ва фазл-карамидир. Банда фақат сабабларини ишга солади, холос. Ҳаром нарсалар нима бўлишидан қаъи назар – таом бўладими, ичимликми, кийим-кечак ва бошқаларми, талаб қилинмайди. Зеро, буларни талаб қилишга Аллоҳ изн бермаган ва бу Аллоҳнинг фазли марҳамати ҳам, ризқи рўзи ҳам эмас.

Барча ҳолатингизда Аллоҳни кўп зикр қилинг”. Айниқса Аллоҳнинг ризқини талаб қилиб иш-ишингизга тарқалишда иш билан бўлиб Аллоҳнинг зикрини унутиб қўйманг, балки дилингизу тилингиз билан Уни кўп зикр қилинг, шунда: “шояд дунёю охират яхшилигига эришсангиз”. Яъни саъй-ҳаракатингизда муваффақиятга эришиш умидида Аллоҳ таолони кўп зикр қилинг. Чунки Аллоҳни зикр қилишда катта ёрдам, муваффақиятсизликка учрашдан ва зиён кўришдан сақланиш бор. Мўминнинг нажот топиб, яхшиликка эришиши бу дунёгагина чекланиб қолмай, балки дунё ва охиратга умумийдир. Охиратдаги нажот дўзахдан қутулиб, жаннатга кириш билан бўлади.

Сўзимиз сўнгида сиз муҳтарам ўқувчи доим ёдда тутишингиз зарур бўлган эслатмаларни баён қиламиз:

  • Жума намозининг фарз экани. Жума намози фақатгина аёл кишидан, қул, касал ва касалга қаровчидан ҳамда мусофирдан соқит бўлади.

  • Имом минбарга кўтарилиб, муаззин иккинчи азонни айтишни бошлагач олди-сотди қилиш ва бошқа ишлар билан машғул бўлишнинг ҳаром экани.

  • Аллоҳ таолонинг: “намозни адо этишга боринг” сўзидан югуриш ва тез юриш тушунилмаслиги лозим. Балки намозга борганда хотиржам, вазмин ҳолда бориш керак. Буни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам баён қилганлар. Бу ҳақда саҳиҳ ҳадис бор. Бориш деб таржима қилинган саъй калимаси югуриш ва тез юришдан бошқа маъноларда келишига мисоллар бисёр. Масалан, фалончи оиласини деб саъй-ҳаракатда юрибди, деганда “югуриб юрибди” деган маъно чиқмайди, балки оиласини боқиш учун ишлаяпти деганидир. Яна бир мисол: фалончи фалон ва фалон кишилар ўртасини ислоҳ қилиш учун саъй-ҳаракатда юрибди, деганда ҳам тез юрибди ё югуряпти деган маъно англашилмайди. Ушбу билганларингизни унутмай ёдда тутинг, унга амал қилинг ва бошқаларга ҳам ўргатинг.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг