Ёнма-ён жойлашган икки қабрга жаноза ўқиш, қабрдаги маййитга такрор жаноза ўқиш ва янги кўмилган ҳар бир маййитга жаноза ўқиш

0

231 – Ёнма-ён жойлашган икки қабрга жаноза ўқиш

Агар икки маййит ёнма-ён жойлашган икки қабрга кўмилган ва «иккала қабр ҳам жаноза ўқувчининг қаршисида жойлашган бўлса, иккаласига битта намоз ўқийди. Агар иккала қабр бошқа-бошқа жойларда бўлса, ҳар бирига алоҳида жаноза ўқийди»[1].

232 – Қабрдаги маййитга такрор жаноза ўқиш

Ибн Абдулбар инсон бир қабрга икки марта жаноза ўқиши жоиз эмаслиги тўғрисида уламолар ижмосини зикр қилган[2].

 233 – Янги кўмилган ҳар бир маййитга жаноза ўқиш

Қабристон зиёратига борганда янги вафот этган ва кўмилган ҳар бир кишининг қабрига жаноза ўқиб чиқиш бидъатдир.

Имом Ибн Таймия айтади: «Айрим одамлар ҳар кеча барча вафот этган мусулмонлар учун жаноза ўқийди. Бу иш салафлардан бирортаси қилмаган бидъат эканида шубҳа йўқ»[3].

Шайхимиз Ибн Усаймин айтади: «Одамларни бундан қайтариш лозим. Бу ишлари уларни Аллоҳга яқинлаштирмаслигини ва маййит ҳам ундан фойда кўрмаслигини, чунки бу иш бидъат эканини уларга тушунтириш керак»[4].

Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳдан сўралди: «Айрим юртларда маййитни кўмиш асносида бир киши: “Бу қабр кеча пешин вақтида жанозаси ўқилган фалончининг қабри, буниси илгари куни жанозаси ўқилган фалончининг қабри” ва ҳоказо сўзлар билан тўпланганларга нидо қилади. Кейин одамлар ўша айтилган қабрларга жаноза ўқий бошлайдилар. Шунинг ҳукми нима?»

Шайхнинг жавоби: «Бу иш бидъатдир, салафи солиҳлар ундай қилмаганлар.

Қолаверса, айрим уламолар наздида қабрга жаноза ўқиш Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам учун хос ишдир.

Сабаби, у зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам одамлар паст назар билан қараган кимсанинг шаънини кўтаришни хоҳлаганлар, шунинг учун масжидни супуриб юрадиган аёлнинг қабрига бориб жаноза ўқиганлар[5]»[6].

[1] Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ. «Фатово фий аҳком ал-жаноиз», 159-бет.

[2] «Ал-истизкор», 8/414. Қаранг: «Ал-ҳовий ал-кабир», 3/59.

Дафндан аввал маййитга такрорий жаноза ўқишга келсак, Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳнинг «Ал-фатово ал-кубро» китобида (5/360) бундай дейилади: «Маййитга бир марта жаноза ўқигандан сўнг яна жаноза ўқиса бўлаверади, чунки жаноза дуодир. Бу ҳанбалий мазҳабидаги бир қараш бўлиб, уни Ибн Ақил «Ал-қунут»да ихтиёр этган… Абул Аббос бошқа ўринда бундай деган: Ким маййитга жаноза ўқиган бўлса, бирор сабабсиз қайта ўқимайди. Масалан, бошқа биров такроран жаноза ўқиётган бўлса унга қўшилиб ўқиса ёки аввал жаноза ўқиган жамоатга имом бўлишга ундан ҳақли одам бўлмаса уларга намоз ўқиб берса бўлади».

Яна айтади: «Маййитга аввал жаноза ўқиган одам яна қайта ўқиса бўладими? Бирор сабабсиз ундай қилиш шариатга мувофиқ эмаслигига уламолар иттифоқ қилган» («Мажмуъ ал-фатово», 23/262).

Яна бундай дейди: «Маййитга аввал жаноза ўқимаган бири жаноза ўқиш учун келса, аввал жаноза ўқиган киши худди фарз намозларда жоиз бўлганидек нариги одамга иқтидо қилиб қайта жаноза ўқиса бўладими? Бу борада икки хил фикр айтилган. Биринчи фикрда айтилишича, бу ўринда такроран жаноза ўқиши жоиз эмас. Чунки унинг бу иши шак-шубҳасиз нафл ибодатдир, жанозада эса нафл йўқ. Иккинчи фикрга кўра қайта жаноза ўқиса бўлади. Чунки Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрга юзланиб жаноза ўқиганларида аввал жаноза ўқиган кишилар ҳам у зотнинг ортларида саф тортиб қайта ўқийверганлар. Шу фикр тўғрироқ. Чунки бу ўринда қайта жаноза ўқиш маълум сабаб тақозосидан келиб чиқяпти, қасддан такрор ўқилмаяпти. Бундай қилиш фарз намозда ҳам, жанозада ҳам мақбулдир, валлоҳу аълам» (Аввалги манба, 23/263).

[3] «Жомеъ ал-масоил», тўртинчи тўплам, 182-бет. Шунингдек, қаранг: «Ал-мустадрак ала мажмуъ ал-фатово», 3/142.

[4] Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ. «Фатово фий аҳком ал-жаноиз», 145-бет.

[5] Ҳадис тахрижи 57-масалада ўтди.

[6] Шайх Аҳмад ал-Қозий. «Самарот ат-тадвин мин масоил Ибн Усаймин», 193-масала.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг