Юртдан узоқда бўлган маййитга жаноза ўқиш

0

234 – Юртдан узоқда бўлган маййитга жаноза ўқиш

«Бир мусулмон ўзга юртда вафот этса ва жанозаси ўқилса, бошқа юртда бўлган киши унга ғоибона жаноза ўқимайди. Агар бирор монелик туфайли маййит жанозаси ўқилмай қолганини билса, унга жаноза ўқиши суннатдир. Ўртадаги масофа узоқ бўлгани учун бу суннатни тарк этмайди. Агар маййитга ғоибона жаноза ўқимоқчи бўлсалар ва маййит вафот этган юрт қибла тарафда бўлмаса, жамоат қиблага юзланади, маййит вафот топган юртга эмас»[1].

«Шайхулислом Ибн Таймия айтади: “Тўғри фикр шуки, агар юртдан ташқарида вафот этган кишига ўша ерда жаноза ўқилмаса, унга ғоибона жаноза ўқилади. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Нажошийга жаноза ўқиганлар[2]. Чунки у кофирлар орасида ўлгани учун жанозасиз кўмилган эди.

Агар маййитга вафот этган юртида жаноза ўқилса, кейин унга ғоибона жаноза ўқилмайди. Чунки бир жамоа мусулмонлар унга жаноза ўқишлари билан қолганлардан фарз соқит бўлади.

Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам маййитга ғоибона жаноза ўқиган пайтлари ҳам, ўқимаган пайтлари ҳам бўлган. Ўқиганлари ҳам, ўқимаганлари ҳам суннатдир. Иккаласининг ҳам ўз ўрни бор. Валлоҳу аълам”»[3].

Ҳурматли устозим Ҳамуд ибн Ақло аш-Шуайбий раҳимаҳуллоҳ (вафоти: 1422 ҳ.) айтади: «Мазкур фикр далиллар қўллаб-қувватлайдиган тўғри фикрдир. Чунки:

  1. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Нажошийга жаноза ўқиганлар, саҳобалар у зотга иқтидо қилганлар.

  2. Ғоибона жаноза ўқиш жоиз эканига саҳобаларнинг барчалари ижмо қилганлар, улардан бирортаси уни ножоиз деб билмаган. Агар бу иш Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам учун хос бўлганида эди, саҳобалар уни тақиқлаган бўлар эдилар. Ибн Ҳазм «Ал-муҳалло»да айтади: “Саҳобалардан бирортаси мазкур ишдан, яъни маййитга ғоибона жаноза ўқишдан қайтаргани, ё уни инкор этгани айтилмаган”. Иқтибос тугади. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобий Муовия ибн Абу Муовияга ғоибона жаноза ўқиганлари ҳақидаги ривоятга келсак, у саҳиҳ эмас. Ибн Қаййим «Зод ал-маод»да (1/145) айтади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобий Муовия ибн Абу Муовияга ғоибона жаноза ўқиганлари ҳақидаги ривоят саҳиҳ эмас”. Ибн Абдулбар, Байҳақий ва Заҳабий бундай деган: “У зот Муовия ибн Абу Муовияга жаноза ўқиганлари айтилган ҳадислар санадлари «қавий» (кучли) эмас” («Авн ал-маъбуд», 9/19).

Маълумки, шариат маййитга ғоибона жаноза ўқишдан кўзлаган мақсад унинг ҳаққига дуо қилиш ва истиғфор айтишдир. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларига Нажоший вафот этганини хабар бердилар, сўнг: «Унинг ҳаққига истиғфор айтинглар», дедилар”. Имом Аҳмад ривояти («Ал-муснад», 2/241, 529-ҳадис). Ибн Қаййим «Зод ал-маод»да (1/141) айтади: “Жаноза намози ўқишдан мақсад маййит ҳаққига дуо қилишдир”. Иқтибос тугади.

Бироқ охирги пайтлар ғоибона жаноза ўқиш ибодати шариат мақсадларидан четга чиқиб, маййитга иззат-ҳурмат кўрсатиш, маййит аҳлининг кўнглини олиш ва уларни қўллаб-қувватлаш воситаси қилиб олинди, натижада янги бидъат пайдо қилинди. Дарҳақиқат, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бизнинг шариатимизда бўлмаган нарсага амал қилса, у рад этилади”, деганлар[4]. Ҳатто Аллоҳ таоло жанозасини ўқишдан қайтарган кишиларга ҳам жаноза ўқиладиган бўлди. Аллоҳ айтади: «(Эй Пайғамбар,) вафот этган мунофиқлардан бирортасига ҳеч қачон намоз ўқиманг ва қабри устида (ҳаққига дуо қилиб) турманг!» (Тавба, 84). Ибн Рушд деди: “Уламолар мунофиқларга жаноза ўқиш ҳаром эканига ижмо қилганлар, гарчи шаҳодат калимасини айтиб турган бўлсалар ҳам”. Иқтибос тугади («Бидоят ал-мужтаҳид», 1/239).

Шундай қилиб, Аллоҳ ва Расулига қарши курашган, Аллоҳнинг йўлига тўғаноқ бўлган, Унинг шариати билан ҳукм қилмаган ва Ислом душманларига дўст тутинган кимсаларга жаноза ўқилди. Аллоҳ ҳолимизга раҳм айласин.

Агар маййитни эъзозлаш, унга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, обрўсини жойига қўйиш жаноза намози кўзда тутган мақсадлардан бўлганида эди, бу ишга энг лойиқ кишилар Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам, у зотдан кейин вафот этган рошид халифалар ва ҳидоят йўлбошчилари бўлмиш имомлар бўлар эдилар.

Аллоҳ таолодан бизларни ҳақни ботилдан ажратишга ва ихтилоф қилинган нарсаларда ҳақни билишга муваффақ қилишини сўраймиз. Албатта Аллоҳ ҳар ишга қодир зотдир. Аллоҳ Пайғамбаримиз Муҳаммадга, у зотнинг аҳли оиласи ва барча саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин»[5].

[1] Абу Сулаймон Ҳамад ибн Муҳаммад ал-Хаттобий (вафоти: 388 ҳ.). «Маолим ас-сунан», 1/310-311. Мусаҳҳиҳ: Муҳаммад ат-Таббох. «Ал-матбаъа ал-илмийя» нашри, Ҳалаб, биринчи нашр, 1351 ҳ.й.

[2] Ҳадис тахрижи 57-масалада ўтди.

[3] «Зод ал-маод», 1/501.

Шайх Абдуллоҳ ибн Сулаймон ал-Матрудий айтади: «Узоқдаги кишига жаноза ўқилмайди. Аммо ўлган юртида унга жаноза ўқилмаса, у ҳолда ғоибона жаноза ўқилади. Бу ҳанбалий мазҳабига оид бир фикрдир. Шунингдек, Хаттобий, Ибн Абдулқавий, Ибн Таймия ва Ибн Қаййим ҳам шу фикрда бўлганлар. Шофеийлардан Руёний шу фикрни тўғри санаган. Абу Довуд «Сунан»да шу фикрга кўра қуйидагича боб ажратган: “Ширк диёрида ўлган мусулмон учун жаноза ўқиш тўғрисида боб”.

Муҳаққиқ аллома Солиҳ ал-Муқбилий, аллома Шайх Муҳаммад Носируддин Албоний, аллома Шайх Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Усаймин ҳам шу фикрни ихтиёр этганлар» («Ҳукм ас-салот алал-ғоиб», 151-152-бетлар. Имом Муҳаммад ибн Сауд университети журнали, 37-сон, 2003 й.

[4] Ҳадис тахрижи 83-масалада берилди.

[5] «Сойд ал-фавоид» веб сайти (http://www.saaid.net/Warathah/hmood/h13.htm).

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг