Абу Бакр разияллоҳу анҳу: Сиддиқнинг васиятларидан ўрин олган ҳақ-ҳуқуқлар

0

Сиддиқнинг васиятларидан ўрин олган Аллоҳнинг, бошлиқларнинг ва оддий аскарларнинг ҳақ-ҳуқуқлари

1)  Аллоҳнинг ҳуқуқлари

Халифа Сиддиқ разияллоҳу анҳу қўмондонларга ва аскарларга қилган васиятларида Аллоҳнинг ҳақ-ҳуқуқларига риоя этилишига жиддий эътибор қаратди, урушларда Аллоҳ учун холис туришга, душманга қарши матонат кўрсатишга, омонатларни адо этишга, жоҳилий тарафкашлик қилмасликка чақирди.

Душманга қарши матонат кўрсатиш

Абу Бакр разияллоҳу анҳу Икрима ибн Абу Жаҳл разияллоҳу анҳуни Умонга юборар экан, унга шундай тавсиялар берган эди: “Аллоҳдан қўрқ, душман билан тўқнашганда сабр-матонатли бўл”[1].

Ҳошим ибн Утба ибн Абу Ваққосни Шом қўшинига мадад учун юбораётганида Сиддиқ разияллоҳу анҳу унга қуйидагиларни буюрган эди: “Душманга йўлиққанда сабрли бўл ва одамларингни сабрга чорла. Билиб қўй, Аллоҳ йўлида бир қадам боссанг, биргина нарсани нафақа қилсанг ёки оз бўлса-да қийинчилик, очлик ва ташналикка йўлиқсанг, албатта Аллоҳ бунинг учун сенга яхшилик ёзади. “Аллоҳ яхши амал қилувчилар ажрини зое зое қилмайди” (Тавба, 120)[2]”.

Урушлардан Аллоҳнинг динига ёрдам беришни мақсад қилиш

Абу Бакр Сиддиқ Холид ибн Валидни Шомга йўллаган пайтида унга ёзган мактубида шу маънодаги сўзлар бор эди. Сиддиқ уни Аллоҳ учун ҳаракат қилишга ва ниятини Аллоҳ учун холис қилишга чақирди, кибрланишдан, ўз куч-қудратига маҳлиё бўлиб қолишдан қаттиқ огоҳлантирди. Зеро, бу инсоннинг амалини бекор қиладиган ва уни Аллоҳ ҳузурида мақбул бўлмаслигига сабаб бўладиган энг катта иллатдир. Шунингдек, у Холидга ўз ғалабалари билан мафтун бўлиб, ҳаволаниб кетмасликни ва қилган амали билан Аллоҳга миннат қилиб қўймасликни насиҳат қилди ва миннат фақат Аллоҳга хос эканини, тавфиқ ёлғиз Аллоҳ таолонинг қўлида эканини уқтирди[3]. Унга йўллаган мактубида жумладан, шу сатрлар бор эди: “Ниятнинг софлиги ва омад сенга муборак бўлсин, Абу Сулаймон. Шу ҳолда давом эт, Аллоҳ сенга зафарларни давом эттиради. Кибр-ҳаво қалбингга кириб қолишидан ҳазир бўл, акс ҳолда зиёнга кирасан ва ёрдамсиз қолдириласан. Бирон амалинг билан ҳаволанишдан ва миннат қилиб қўйишдан сақлан, зеро миннат ёлғиз Аллоҳнинг ҳаққи, мукофот ва жазо ёлғиз Ундандир”[4].

Омонатларга хиёнат қилмаслик

Абу Бакр Сиддиқнинг амирларга ва аскарларга йўл-йўриқлари бағоят аниқ эди. У уларга қўлларига тушган ғаниматларда омонатга хиёнат қилмасликни, улардан бирон нарсани сўроқсиз олмасликни ва ҳаммасини хирмонга топширишни, сўнг барча йиғилган ғаниматлар уруш иштирокчиларига адолат билан тақсимланишини васият қилди. Сиддиқнинг Язид ибн Абу Суфёнга қилган васиятида ғаниматларга хиёнат қилмасликни алоҳида тилга олганини бунга мисол қилиш мумкин.

2)  Қўмондонларнинг ҳуқуқлари

Халифа Сиддиқ разияллоҳу анҳу қўмондонларнинг оддий аскарлар зиммасидаги ҳақ-ҳуқуқларини баён қилиб, уларни амирга итоат қилишга, унинг буйруқларига сўзсиз бўйсунишга, ўлжалар тақсими ва шу каби нарсаларда у билан талашиб-тортишмасликка буюрар эди.

Амирга итоат қилиш

Абу Бакр разияллоҳу анҳу халифа этиб сайланганидан сўнг мусулмонларга қилган илк хитобида ўзининг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларида юришини таъкидлади ва итоатга алоҳида урғу қаратди. Жанг майдонларига юборилаётган қўмондонларга ҳам бир-бирларига итоат қилишни буюрар эди. Мисол учун, Мусанно ибн Ҳорисага юборган мактубида ушбу жумлалар бор эди: “Мен сенинг ҳузурингга, Ироқ заминига Холид ибн Валидни юбордим. Уни қавминг билан бирга чиройли кутиб ол, сўнг унга ёрдамчи бўл, уни доим қўллаб-қувватла, елкама-елка бирга ҳаракат қил. Унга асло итоатсизлик қилма, унинг фикрига қарши чиқма. Зеро, у Аллоҳ таоло Қуръонда мана бундай деб мақтаган кишилардан: “Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир. У билан бирга бўлганлар кофирларга қаттиққўл ва бир-бирларига раҳмлидирлар. Сиз уларни Парвардигорларининг фазлу марҳаматини, жаннатини ва розилигини умид қилиб, намозларида руку ва сажда қилган ҳолларида кўрасиз” (Фатҳ, 29).

Абу Бакр разияллоҳу анҳу Шом ўлкалари фатҳига отланган мусулмонларга насиҳат қилиб бундай деган эди: “Эй одамлар! Аллоҳ сизларга Ислом неъматини ато этди, сизларни жиҳод билан мукаррам қилди, шу дин туфайли сизларни барчадан афзал қилди. Аллоҳнинг бандалари, Шом ўлкасидаги румликларга қарши жиҳодга ҳозирланинг! Мен сизларга амирлар тайин этаман, байроқлар тикаман. Раббингизга итоат қилинг, амирларингизга бўйсунинг, ниятларингиз, емак-ичмакларингиз пок бўлсин. Зеро, “Аллоҳ тақво қилганлар ва яхши амал қилганлар билан биргадир” (Наҳл, 128)”. Ўшанда одамлар унга: “Сиз бизнинг амиримиз, биз сизнинг раиятингизмиз. Сиздан буйруқ, биздан итоат. Биз сизнинг амрларингизга итоат этамиз, бизни қаерга йўлласангиз ўша ерга борамиз”, деб жавоб беришди[5].

Абу Бакр Сиддиқ Холид ибн Валидни ҳарб илмига моҳир ва бу борада етук тажрибага эга бўлгани учун бирлашган Шом қўшинларига бош қўмондон этиб тайинлаган эди. Холид Шомга етиб боргач, Абу Убайда ибн Жарроҳдан барча аскарий бўлинмаларга хабар юбориб, уларни Холидга итоат этишга чорлашини сўради. Шундан сўнг Абу Убайда Заҳҳок ибн Қайсни чақириб, унга қўшин ичида айланиб юриб, мазкур маънодаги буйруқни ҳаммага етказишини буюрди. Заҳҳок янги бош қўмондонга сўзсиз итоат қилиш ҳақидаги буйруқни ҳаммага бирма-бир етказиб чиқди. Барча бу буйруққа итоат этишини изҳор қилди.

[1] Уюн ал-ахбор, 1/188.
[2] Аздий, “Фатҳ аш-Шом”, 34-бет.
[3] Тарих ад-даъва илал-ислом, 295-бет.
[4] Тарих ат-Табарий, 4/202.
[5] Ибн Аъсам. “Ал-футуҳ”, 1/82.

Изоҳ қолдиринг