Намоз: Жамоат намозининг фазилати

0

Жамоат намози

Жамоат намозининг фазилати

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Кишининг жамоат билан ўқиган намози(нинг савоби) уйида ва бозорида (иш жойида ёлғиз) ўқиган намози(нинг савоби)дан йигирма беш баравар ортиқ бўлади. Сабаби, инсон комил таҳорат олса, сўнг фақат намоз ўқишни қасд қилиб масжидга чиқса, бирон қадам ташламасин, албатта унинг эвазига мартабаси бир даража кўтарилади ва битта гуноҳи ўчирилади. Агар (масжидга кириб) намоз ўқиса, модомики намоз ўқиган жойида ўтирар экан, фаришталар: «Эй Аллоҳ, уни мағфират қил, эй Аллоҳ уни раҳм қил», дея унга дуо қилади. Сизлардан бирингиз модомики намозни кутиб ўтирар экан намозда ҳисобланади»[1]. Бошқа бир ривоятда: «Модомики намозгоҳида таҳоратини бузмаса (ёхуд гуноҳ қилмаса), модомики бировга азият бермаса», дейилади.

Ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Кимни эртага комил мусулмон бўлган ҳолда Аллоҳга йўлиқиш хурсанд қилса, мана бу (беш маҳал фарз) намозларни азон айтилган жойда (яъни ўз вақтида масжидда) ўқишни канда қилмасин. Зеро, Аллоҳ таоло пайғамбарингизга ҳидоят суннатларини (яъни ҳидоятга элтувчи йўлларни) жорий қилди. Беш маҳал намозлар ҳидоят суннатларидандир. Агар сизлар масжидга чиқмай якка ўзи уйида намоз ўқийдиган кишилар каби уйларингизда намоз ўқисангиз, Пайғамбарингиз суннатини тарк этган бўласиз. Агар Пайғамбарингиз суннатини тарк этсангиз, муҳаққақ адашиб кетасиз. Бирон кимса комил таҳорат олиб, масжидлардан бирини қасд қилиб уйидан чиқса, албатта ташлаган ҳар бир қадами эвазига Аллоҳ унга битта савоб ёзади, даражасини бир поғона кўтаради ва ундан битта гуноҳни ўчиради. Дарҳақиқат, бизнинг давримизда фақат мунофиқлиги аниқ бўлган кимсагина жамоат намозидан қолар эди. Ҳатто (жамоат намозига ҳарис бўлганидан оёғида туролмайдиган) кишини икки киши суяб олиб келиб, сафга тургизиб қўяр эди»[2].

Усмон разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганларини эшитдим: «Ким комил таҳорат олса, сўнг фарз намозни ўқиш учун масжид сари юрса ва уни имом (ёки жамоат) билан (ёки масжидда) ўқиса, (кичик) гуноҳлари мағфират қилинади»[3].

Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоя қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким Аллоҳ учун қирқ кун жамоат билан намоз ўқиса, (ҳар гал) биринчи такбир – такбири таҳримага етишса, унга иккита нажот: дўзахдан нажот ва мунофиқликдан нажот ёзилади»[4].

Бомдод ва хуфтон намозларини жамоат билан ўқиш фазилати хусусида алоҳида ҳадислар келган.

Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганларини эшитдим: «Ким хуфтон намозини (масжидда) жамоат билан ўқиса, гуёки кечанинг ярмини намоз ўқиб ўтказгандек бўлади. Ким бомдодни (масжидда) жамоат билан ўқиса, гуёки бутун кечани намоз ўқиб ўтказгандек бўлади»[5]. Абу Довудга оид бир ривоятда: «Ким хуфтон ва бомдодни (масжидда) жамоат билан ўқиса, гўёки кечаси билан намоз ўқигандек бўлади», дейилган.

Саҳл ибн Саъд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қоронғида масжидлар сари кўп юрувчиларга қиёмат куни (зулматлар аро) тўлиқ нур хушхабарини бер»[6].

Жамоатга бормаслик оқибати

Абу Дардо разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганларини эшитдим: «Хоҳ қишлоқда, хоҳ чўлу биёбонда учта (мусулмон эркак) киши намозни ўзаро жамоат билан ўқимас эканлар, албатта шайтон улар устидан ҳукмрон бўлиб олади. Шундай экан, жамоат намозини маҳкам тут. Зеро, айрилганни бўри ер»[7].

[1] Бухорий (477, 647), Муслим (649), Абу Довуд (559), Термизий (603), Ибн Можа (281, 786) ривояти.
[2] Муслим (654), Абу Довуд (550), Насоий (2/108), Ибн Можа (777) ривояти.
[3] Саҳиҳ. Ибн Хузайма (1489), Аҳмад (1/67) ривояти.
[4] Термизий ривояти, 241. Албоний «Ас-саҳиҳа»да (1979, 2652) ҳасан деган.
[5] Муслим (656), Абу Довуд (555), Термизий (221) ривояти.
[6] Саҳиҳ. Ибн Можа (780), Ибн Хузайма (1498) ривояти. Ушбу ҳадис мазмунини қувватлайдиган бошқа бир ҳадис мавжуд бўлиб, уни Абу Довуд (561) ва Термизий (223) Бурайда разияллоҳу анҳудан ривоят қилишган.
[7] Ҳасан. Абу Довуд (547), Насоий (2/106) ривояти.

Изоҳ қолдиринг