Намоз: Жамоат намозига доир мулоҳазалар (1)

0

Мавзуга доир мулоҳазалар:

  1. Жамоат қанча кўп бўлса, шунча афзалдир

Қабос ибн Ашям Лайсий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Икки кишининг бири бошқасига имом бўлиб ўқиган намози Аллоҳнинг ҳузурида тўрт кишининг якка ҳолда ўқиган намозидан савоби кўпроқдир. Тўрт кишининг (жамоат бўлиб) ўқиган намози Аллоҳнинг ҳузурида ҳар бири алоҳида ўқиган саккиз кишининг намозидан савоби кўпроқдир. Саккиз кишининг ичларидан бири бошқаларига имом бўлиб ўқиган намози Аллоҳнинг ҳузурида тарқоқ ҳолда ўқиган юз кишининг намозидан савоби кўпроқдир»[1].

Бундан қуйидагилар хулоса қилинади:

  • Кўп жамоат йиғиладиган масжидга бориш афзалдир. Шундай қилиш намозхонларнинг бир неча масжидларда бўлиниб, ҳар бир масжидда оз сонли кишилар намоз ўқишидан яхшироқдир.

Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ айтади: «Инсон ўз уйи атрофидаги масжидда намоз ўқиши афзалдир. Чунки бу ўша масжиднинг обод бўлишига сабаб бўлади. Аммо бошқа бирон масжиднинг хосиятли жиҳати бўлса, у ҳолда маҳалла масжидини қўйиб, унга бориш афзалроқ бўлади. Масалан, инсон Макка ёки Мадинада бўлса, Масжиди Ҳаром ёки Масжиди Набавийда намоз ўқиши афзалдир»[2].

Яна айтади: «Хулоса қилиб айтганда, жамоати кўп бўладими, кам бўладими, (сиз турган жойдан узоқ бўлган бошқа масжидда намоз ўқигандан кўра) ўз маҳаллангиздаги масжидда намоз ўқишингиз афзалдир»[3].

  • Агар узоқ масжид имомининг қироати чиройлироқ, намозда хушу ва хузуга эътиборлироқ бўлса, у ҳолда ўша масжидга бориш жоиз, балки афзалроқ бўлади. Чунки ибодатнинг ўзига тааллуқли бўлган фазилатга риоя қилиш ибодат бажариладиган жойга боғлиқ фазилатга риоя қилишдан афзалроқдир[4].

  1. Инсон якка ўзи саҳрода бўлса ҳам азон ва иқомат айтиб намоз ўқийди

Ҳадисларда инсон ёлғиз ўзи бўлса ҳам азон ва иқомат айтиб намоз ўқишига тарғиб қилинган ва унинг савоби баён қилинган.

Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Жамоат билан ўқилган намоз (ёлғиз ўқилган) йигирма бешта намозга тенг келади. Агар инсон намозни саҳрода ўқиса ҳамда унинг руку ва саждаларини мукаммал тарзда адо этса, намозининг савоби элликта намознинг савобига етади»[5].

Уқба ибн Омир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Раббингиз тоғдаги бир қоятош устида туриб азон айтиб намоз ўқиётган қўй боқувчи чўпондан ажабланади. Аллоҳ азза ва жалла (ҳузуридаги фаришталарга) айтади: «Мана бу бандамга қаранглар, Мендан қўрққани (ва раҳматимни умид қилгани) учун азон ва иқомат айтиб намоз ўқияпти. Шубҳасиз, Мен бу бандамнинг гуноҳларини мағфират қилдим ва уни жаннатга киргиздим»[6].

Салмон Форисий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Киши кимсасиз саҳрода бўлса-ю, намоз вақти кирса, таҳорат олсин. Агар (таҳорат олиш учун) сув топмаса, таяммум қилсин. Шундан сўнг (азон айтмасдан бирдан) иқомат айтиб намоз ўқиса, (ўнг ва чап елкасида амалларини ёзиб турувчи) иккита фаришта унга қўшилиб намоз ўқийди. Агар азон ва иқомат айтиб намоз ўқиса, унинг ортида боши ҳам, охири ҳам кўринмайдиган даражада кўп бўлган Аллоҳнинг қўшини (фаришталар) намоз ўқийди»[7].

[1] Ҳоким (3/685), Байҳақий (3/61), Табароний («Ал-кабир», 19/36) ривояти. Албоний «ҳасан лиғайриҳи» деган. Мунзирий: «Санади ёмонмас («ла баъса биҳи»)», деган. Шунингдек, Албоний «Ас-саҳиҳа»да (1912) саҳиҳ деган.
[2] «Аш-шарҳ ал-мумтеъ», 4/114-115-бетлар.
[3] Қаранг: «Аш-шарҳ ал-мумтеъ», 4/116-бет.
[4] Қаранг: «Аш-шарҳ ал-мумтеъ», 4/116-бет.
[5] Саҳиҳ. Абу Довуд (560), Ҳоким (1/208) ривояти. Ҳоким ҳадисни Бухорий ва Муслим шартига мувофиқ саҳиҳ деган, Заҳабий унинг бу фикрини маъқуллаган. Шунингдек, Албоний «Саҳиҳ ал-жомеъ»да (3871) саҳиҳ деган.
[6] Саҳиҳ. Абу Довуд (1203), Насоий (2/20), Аҳмад (4/157) ривояти.
[7] Саҳиҳ. Абдураззоқ (1/510, 511), Табароний («Ал-кабир», 8/305/6120) ривояти. Албоний «Саҳиҳ ат-тарғиб»да (249) саҳиҳ деган.

Изоҳ қолдиринг