Тафсири муяссар, Оли Имрон сураси, 93-97 оятлар

0

كُلُّ الطَّعَامِ كَانَ حِلاًّ لِبَنِي إِسْرَائِيلَ إِلاَّ مَا حَرَّمَ إِسْرَائِيلُ عَلَى نَفْسِهِ مِنْ قَبْلِ أَنْ تُنَزَّلَ التَّوْرَاةُ قُلْ فَأْتُوا بِالتَّوْرَاةِ فَاتْلُوهَا إِنْ كُنْتُمْ صَادِقِينَ (93)

  1. Таврот нозил қилинишидан илгари ҳар қандай покиза егулик Бани Исроилга – Яъқуб алайҳиссалом авлодига ҳалол бўлиб, фақат Яъқуб (Исроил) бир касаллик сабабли ўзи учун ҳаром қилган нарсагина бундан мустасно эди. Таврот нозил қилингач, Аллоҳ Бани Исроилга зулм ва тажовузлари сабабли аввал улар учун ҳалол бўлган айрим егуликларни ҳаром қилди. Эй Расул, уларга айтинг: «Агар  Яъқуб ўзига ҳаром қилган нарсанинг ҳаромлигини Аллоҳ Тавротда нозил қилган, деган даъволарингиз рост бўлса, Тавротни олиб келиб, ўқинглар. Шунда Аллоҳ таоло Таврот нозил қилинишидан илгари Бани Исроилга бирор нарсани ҳаром қилмагани ва фақат Яъқуб ўзига ҳаром қилган нарса бундан мустасно экани ҳақида Қуръонда келган сўзларнинг тўғрилигини биласизлар».

فَمَنْ افْتَرَى عَلَى اللَّهِ الكَذِبَ مِنْ بَعْدِ ذَلِكَ فَأُوْلَئِكَ هُمْ الظَّالِمُونَ (94)

  1. Ким Тавротни ўқиб, ҳақиқатни очиқ-равшан билганидан кейин ҳам Аллоҳга нисбатан бўҳтон тўқиса, ана ўшалар Аллоҳ номидан ноҳақ сўз айтувчи золимлардир.

قُلْ صَدَقَ اللَّهُ فَاتَّبِعُوا مِلَّةَ إِبْرَاهِيمَ حَنِيفاً وَمَا كَانَ مِن الْمُشْرِكِينَ (95)

  1. Эй Расул, уларга айтинг: «Аллоҳ жорий қилган шариатида ва билдирган хабарларида рост айтди. Агар сизларнинг Иброҳим Халилуллоҳни яхши кўриш ва унинг динига мансублик ҳақидаги даъволарингиз рост бўлса, Аллоҳ Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам орқали жорий қилган Иброҳим динига эргашинглар. Зеро, бу дин ҳеч қандай шак-шубҳа бўлмаган ҳақ йўлдир. Иброҳим алайҳиссалом тавҳид ва ибодатда Аллоҳга бирон кимсани ширк келтирмаган».

إِنَّ أَوَّلَ بَيْتٍ وُضِعَ لِلنَّاسِ لَلَّذِي بِبَكَّةَ مُبَارَكاً وَهُدًى لِلْعَالَمِينَ (96)

  1. Ер юзида Аллоҳга ибодат қилиш учун қурилган биринчи уй Маккадаги Байтуллоҳдир. Бу уй унда ҳасанотлар бир неча баробарга кўпаядиган, Аллоҳнинг раҳматлари ёғиладиган муборак уйдир. Намозда у тарафга юзланиш, ҳаж ва умра қилиш мақсадида у ерга бориш бутун инсоният учун яхшилик ва ҳидоятдир.

فِيهِ آيَاتٌ بَيِّنَاتٌ مَقَامُ إِبْرَاهِيمَ وَمَنْ دَخَلَهُ كَانَ آمِناً وَلِلَّهِ عَلَى النَّاسِ حِجُّ الْبَيْتِ مَنْ اسْتَطَاعَ إِلَيْهِ سَبِيلاً وَمَنْ كَفَرَ فَإِنَّ اللَّهَ غَنِيٌّ عَنْ الْعَالَمِينَ (97)

  1. Байтуллоҳда уни Иброҳим бино қилганини ҳамда Аллоҳ уни муаззам ва шарафли қилиб қўйганини кўрсатувчи очиқ-равшан далиллар бор. Улардан бири Мақоми Иброҳим бўлиб, у Иброҳим ўғли Исмоил билан Байтуллоҳ пойдеворларини кўтариш пайтида оёқларини қўйиб турган тошдир. Ким бу уйга кирса, унинг жони омонда бўлиб, ҳеч ким унга ёмонлик етказмайди. Аллоҳ таоло қодир бўлган кишига ер юзининг қай бир жойида бўлмасин, ҳаж ибодатини адо этиш учун ушбу Уйга келишни фарз қилди. Ким ҳажнинг фарзлигини инкор қилса, кофир бўлади. Аллоҳ унинг ўзидан ҳам, қилган ҳажидан ҳам ва умуман бутун махлуқотлардан беҳожат  бўлган зотдир.

Изоҳ қолдиринг