БЎЛИМ: Қабрларни билишда бирор диний фойда борми? Пайғамбарлар қабрлари маълумми?

0

БЎЛИМ

Қабрлар ўрнини билиш ва мақбаралар пайдо бўлиши ҳақида

235 – Қабрларни билишда бирор диний фойда борми?

«Пайғамбарлар қабрлари айнан қаерда жойлашганини билишда ҳеч қандай шаръий фойда йўқ.  Бу ҳақдаги маълумотларни сақлаш динга алоқадор эмас. Агар диндан бўлганида, Аллоҳ динга оид бошқа нарсаларни сақлаганидек уларни ҳам сақлаб қолган бўлар эди»[1].

Аксинча, қабрлар жойлашган ерларни, хоссатан пайғамбарлар қабрлари жойлашган ўринларни билмаслик ўша қабрларга боғлиқ ножўя эътиқод ва ҳаракатлар содир этишдан кишини энг узоқ тутадиган ҳолатдир. Аллоҳга ҳамд бўлсинки, «У зот пайғамбарлар қабрларининг масжид қилиб олинишидан шу даражада сақладики, бундай сақланиш аввалги умматларда бўлмаган эди. Чунки Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотнинг умматлари тавҳидни шу даражада намойиш этдиларки, аввалгилар бу даражага эриша олмаган эдилар. Ислом уммати бутпарастлар, хочпарастлар ва оташпарастларни мағлуб этди. Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотнинг умматлари барча пайғамбарларга иймон келтирдилар, уларни ва улар олиб келган динни улуғладилар, уларни энг гўзал кўринишларда ёд этдилар. Бу каби ҳолат бошқа ҳеч бир умматда кўрилмаган эди»[2].

236 – Пайғамбарлар қабрлари маълумми?

Имом Молик раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бугунга келиб Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқа ҳеч бир пайғамбарнинг қабри қаерда экани маълум эмас»[3].

Каттоний[4] айтади: «Мусулмонлар Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотнинг икки ҳамроҳлари Абу Бакр ва Умар разияллоҳу анҳумодан ташқари на бирор пайғамбар ва на бирор саҳобийнинг қабри айнан қайси қабр экани борасида бир тўхтамга келмаганлар»[5].

Имом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ер юзида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларидан ташқари бирор пайғамбарнинг қабри ижмо ва мутавотирлик йўли билан маълум эмасдир»[6].

Яна бундай дейди: «Кўплаб аҳли илмлар: “Пайғамбарлардан фақат Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрлари собитдир”, деганлар. Бошқа пайғамбарлар қабрларини ҳам собит деган уламолар бўлган. Масалан, Иброҳим Халил алайҳиссаломнинг қабри. Тўғри, қабр жойлашган диёр маълум бўлиши мумкин, бироқ айнан қайси қабр эканида шак бор. Дамашқда «Боб ас-сағир» қабристонига дафн этилган аксар саҳобаларнинг қабрлари ҳам шундай. Чунки ер бир неча марта ўзгартирилган. Бирор қабр тўғрисида “бу Билолнинг ёки фалончининг қабри” деб айтиш фақат хос далил-ҳужжат билан аниқ бўлади. Мабодо ҳужжат топилган тақдирда ҳам, бундан ўша қабрлар олдида ўтказилаётган бидъат-хурофотлар шариатга мувофиқ экани келиб чиқмайди»[7].

Ҳофиз Ибн Касир Иброҳим алайҳиссаломнинг қабри Фаластиндаги «ал-Халил» шаҳрида эканини айтганидан сўнг бундай дейди: «Қабр шаҳарнинг айнан қаерида эканига келсак, бу ҳақда маъсум зотдан (яъни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан) бирор саҳиҳ хабар келмаган»[8].

Ибн ал-Жазарий (вафоти: 833 ҳ.) айтади: «Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқа бирор пайғамбарнинг қабри айнан қаерда экани ҳақида саҳиҳ хабар йўқлигига ижмо бор. Иброҳим алайҳиссаломнинг қабри девор ичкарисида, бироқ қабр ўрни аниқ белгиланмаган»[9].

Яна бундай дейди: «Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқа бирор пайғамбарнинг қабри айнан қаердалиги тўғрисида саҳиҳ хабар йўқ. Тўғри, Иброҳим алайҳиссаломнинг қабри ўша қишлоқда, бироқ айнан қабр ўрни маълум эмас»[10].

«Доимий фатво қўмитаси» айтади: «Пайғамбарлардан бирортасининг, на Юнус алайҳиссалом ва на бошқа пайғамбарнинг қабри қаерда экани маълум эмас. Фақат Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрлари ҳамда Иброҳим алайҳиссаломнинг Фаластинда қабри бор экани маълум. Ким Юнус алайҳиссаломнинг ёки бошқа бирор пайғамбарнинг қабри маълум деб иддао қилса, шубҳасиз ёлғон гапирган ёки баъзи ёлғончиларни тасдиқлаган бўлади»[11].

Шайхимиз Муҳаммад ал-Усаймин айтади: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқа ҳеч бир пайғамбарнинг қабри ҳақида ишончли маълумот йўқ. Пайғамбарларнинг қабрлари маълум эмас. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Мусо алайҳиссалом ҳақида сўзлаганларида, у Аллоҳдан ўзини Муқаддас заминга яқинлаштиришни сўраганини айтганлар. Кейин Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар ўша ерда бўлганимда сизларга унинг йўл четида қизил қумтепа яқинида жойлашган қабрини кўрсатган бўлар эдим”, деганлар[12]. Бироқ ҳозирда у жой маълум эмас. Шунингдек, Иброҳим алайҳиссалом қабрининг ўрни ҳам номаълумдир»[13].

[1] Имом Ибн Таймия. «Мажмуъ ал-фатово», 27/444. Шунингдек, қаранг: «Жомеъ ал-масоил», 161-бет, тўртинчи тўплам.

[2] «Мажмуъ ал-фатово», 27/273.

[3] Қози Иёз (вафоти: 544 ҳ.). «Тартиб ал-мадорик ва тақриб ал-масолик», 1/114. Муҳаққиқ: Абдулқодир ас-Саҳровий. Марокаш давлати вақф ва исломий ишлар вазирлиги нашри, иккинчи нашр, 1403 ҳ.й.

[4] У имом, ҳофиз Абдулазиз ибн Аҳмад ибн Али ал-Каттоний ад-Димашқийдир. Ҳижрий 466 йили вафот этган. Аксар чоп этилган китобларда у кишининг исми «Канноний» ёки «Киноний» кўринишида «нун» билан хато ёзилиб қолган. (Қаранг: «Сияр аълом ан-нубало», 18/248.)

[5] Ибн Манзур. «Мухтасар тарихи Димашқ», 1/303. Муҳаққиқ: Руҳия ан-Наҳҳос ва бошқалар. «Дор ал-фикр» нашриёти, биринчи нашр, 1404 ҳ.й.

[6] «Мажмуъ ал-фатово», 27/254.

[7] «Иқтизо ас-сирот ал-мустақим», 2/165-166.

[8] «Ал-бидоя ван-ниҳоя», 1/405.

[9] Шавконий. «Туҳфат аз-зокирин би-иддат ал-ҳисн ал-ҳасин мин калом саййид ал-мурсалин», 63-бет. «Ал-кутуб ас-сақофийя» муассасаси нашри, биринчи нашр, 1408 ҳ.й.

Доктор Ҳофиз ал-Жаъбарий айтади: «Иброҳим алайҳиссалом дафн этилган ғор Халил шаҳрининг жануби-шарқий бурчагида жойлашган. Мазкур ғор атрофига жуда улкан, баҳайбат ва мустаҳкам девор қурилган. Деворнинг тошлари жуда ҳам катта бўлиб, улардан бирининг узунлиги 7 метр ёки ундан сал узунроқ, баландлиги эса 1 метрдан ортади. Деворнинг умумий узунлиги тахминан 15 метрни ташкил этади. Ичкарисида пайғамбарлар ва уларнинг аёллари қабрларига оид самовий хаёлий манзаралар бор» («Қабр ал-Халил ва баён ма фийҳи мин ал-бидаъ», 239-бет).

[10] Али ал-Қорий (вафоти: 1014 ҳ.). «Ал-асрор ал-марфуа фил-ахбор ал-мавзуа», 385-бет. Муҳаққиқ: Муҳаммад ас-Саббоғ. «Ал-мактаб ал-исломий» нашри, иккинчи нашр, 1406 ҳ.й.

[11] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 1/392, 9785-фатво, биринчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳбарлиги остида.

[12] Ҳадис тахрижи 16-масалада ўтди.

[13] Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ. «Фатово фий аҳком ал-жаноиз», 188-бет.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг