Сийрат: Мушрикларнинг Қуръони карим ҳақидаги эътирозлари

0

Мушриклар Қуръони карим Аллоҳ таоло тарафидан нозил этилганига ишонмадилар. Уни шеърнинг бир тури, деб ҳисобладилар. Ҳолбуки, Қуръон билан араб шеъриятини солиштирган киши Қуръон шеърдан тамоман ўзгача эканини кўради:

Биз унга шеър ўргатмадик. Шоир бўлиш унга лойиқ эмас. У (китоб) қалби тирик ва онгли кишиларни огоҳлантириши ва кофирларга ҳужжат-азоб ҳақ бўлиши учун (туширилган) эслатма ва очиқ-равшан Қуръондир” (Ёсин, 69-70).

Қуръон қандай шеър бўлсин?! Ҳолбуки, Қуръонда одамларни адаштирувчи ва ҳақни ноҳақ қилиб кўрсатувчи шоирларни қоралаб оятлар нозил бўлган[1].

Шоирларга адашган, гумроҳ кимсалар эргашади. Эй Пайғамбар, кўрмадингизми, улар ҳар водийда тентираб юришади, ўзлари қилмайдиган ишларни айтишади” (Шуаро, 224-226).

Қуръон Аллоҳнинг Ўз пайғамбарига нозил қилган каломидир. У шоирларнинг шеърларига, фолбинларнинг сўзларига асло ўхшамайди:

Мен сизлар кўрадиган (кўриниб турган олам) ва кўролмайдиган нарсаларга (ғайб оламига) қасам ичиб айтаманки, Қуръон шубҳасиз, Аллоҳнинг каломидир. Уни улуғ фазл ва мартаба соҳиби бўлган Пайғамбар тиловат қилмоқда. У сизлар даъво қилаётганингиздек, шоирнинг сўзи эмас. Сизлар жуда кам иймон келтирасиз. У фолбинларнинг қофияли сўзлари каби бир сўз ҳам эмас. Сизлар бу иккиси ўртасидаги фарқни англаш учун жуда оз фикр юритасиз. Аксинча, у бутун оламлар Раббининг Ўз пайғамбари Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламга туширган каломидир” (Алҳоққа, 38-43).

Дарҳақиқат, шоирлар Қуръони карим шеър эмаслигини ҳаммадан олдин яхши тушунган эдилар[2].

Мушриклар ҳаддан ортиқ ёлғончиликлари ва ўта қайсарликлари боис: “Муҳаммад Қуръонни ажам-араб бўлмаган кишидан таълим олган”[3] дедилар. Улар кўзда тутган киши Қурайшнинг катта уруғларидан бирининг қули бўлган эди. Савдогарчилик билан шуғулланар, Сафо тоғи олдида савдо-сотиқ ишларини қилар эди. Улар: “Муҳаммад гоҳида унинг олдига келиб, у билан суҳбат қурар ва ундан баъзи нарсаларни эшитар эди”, дедилар. Ҳолбуки, у арабчани базўр тушунадиган бир ажам эди. Шунинг учун Аллоҳ таоло бу ҳақда деди:

Биз аниқ биламизки, мушриклар: “Унга Қуръонни бир одам ўргатяпти”, дейишади. Зеро, улар пайғамбарга таълим беради деб даъво қилаётган кишининг тили ажам тилидир. Бу Қуръон эса ғоят очиқ ва тушунарли араб тилидадир” (Наҳл, 103).

Яъни қандай қилиб мислсиз фасоҳату балоғатга тўла, мукаммал маъноли Қуръонни араб тилини билмайдиган ажам одамдан таълим олинади?! Озгина ақли бор киши бундай гапни айтмайди[4].

Мушриклар Қуръоннинг бўлиб-бўлиб нозил қилинишини ҳам инкор этдилар. Қуръон бирданига комил суратда нозил бўлишини талаб қилдилар. Ҳолбуки, унинг бўлиб-бўлиб нозил этилиши мўминларнинг қалбида мустаҳкам жойлашишига, уни осонгина тушуниб, осонгина ёдлаб олишларига ва унга амал қилишларига имкон берди:

Кофирлар: “Бу Қуръон унга бир дафъада туширилса бўлмасмиди», дейишди. Биз Қуръонни қалбингизни у билан қувватлаш учун, хотиржамлигингиз у билан зиёда бўлиши учун (бўлак-бўлак ҳолда нозил қилдик) ва уни дона-дона қилиб баён қилиб бердик” (Фурқон, 32).

Мушриклар Қуръонга, унинг нозил бўлиш ҳолатларига эътирозлар билдиришганда Аллоҳ таоло улардан даставвал Қуръонга ўхшаган айни шундай бир китоб келтиришларини талаб қилди. Ва унинг ўхшашини инсу жин биргаликда ҳаракат қилсалар-да, келтиришга қодир эмасликларини баён этди:

Айтинг: “Агар инсу жиннинг ҳаммаси бу Қуръоннинг ўхшашини келтириш мақсадида бирлашсалар ва бунда бир-бирларига ёрдам берсалар ҳам унга ўхшашини келтиришга қодир бўлмайдилар”.

Сўнг Қуръон сураларига ўхшаган ўнта сура келтиришга ҳам қодир эмасликларини баён қилди:

Ёки улар: “Муҳаммад уни (Қуръонни) ўзи уйдирган” деб айтишадими? Уларга айтинг: “Унда худди шунга ўхшаш суралардан ўнта келтиринглар ва бу ишда Аллоҳнинг маҳлуқотларидан кучингиз етган барчасини ёрдамга чақиринглар!”. Агар улар талабингизга жавоб беролмасалар, билингларки, бу Қуръон Аллоҳнинг ўз илми билан нозил қилингандир, Ундан ўзга ибодатга лойиқ ҳақ илоҳ йўқдир. Сизлар (ҳужжат барпо бўлганидан сўнг энди Аллоҳ ва Расулига бўйсунувчи) мусулмон бўларсизлар?!” (Ҳуд, 13-14).

Кейин биттагина сура келтиришга ҳам қодир эмасликларини хабар берди:

Ҳеч ким ушбу Қуръонни Аллоҳдан бошқанинг ҳузуридан келтириш имконига эга эмас. Балки Қуръон Аллоҳ илгариги пайғамбарларига туширган китобларни тасдиқловчидир. Унда Аллоҳ жорий қилган қонун-қоидаларнинг баёни ва тафсилотлари бордир. У оламлар Рабби томонидан ваҳий қилинганида ҳеч қандай шак-шубҳа йўқдир. Ёки улар уни у (Муҳаммад) уйдирган дейишадими? Эй Пайғамбар, уларга айтинг: “Агар даъволарингизда ростгўй бўлсангиз, айни шу Қуръонга ўхшаган биргина сурани келтиринглар ва бу ишда Аллоҳдан бошқа қодир бўлганингизча (инсу-жинларни) ёрдамга чақиринглар!” (Юнус, 37-38).

Улар фасоҳат эгалари бўлишларига, гўзал шеърлар ёза олишларига қарамай, Қуръонга ўхшаган битта сура ҳам келтиришга қодир бўлмадилар. Бу эса Қуръон Аллоҳнинг каломи эканига яққол далилдир. Аллоҳга зотида ҳам, сифатларида ҳам, сўзлари ва ишларида ҳам бирон нарса ўхшамайди. Унинг каломи махлуқотлари каломига асло ўхшамайди[5].

[1] Қаранг: “Рисолат ал-анбиё”, 3/59-бет.
[2] Олдинги манба, 3/59
[3] Қаранг: “Таҳзиб ас-сийра”, 1/74-90-бет. “Сийрат Ибн Ҳишом”, 1/393-бет.
[4] Қаранг: “Тафсир Ибн Касир” 2/586-бет.
[5] Қаранг: “Рисолат ал-анбиё” 3/66-бет.

Изоҳ қолдиринг