Намоз: Жамоат намозига доир мулоҳазалар (2)

0
  1. Савоб ваъда қилинган жамоат намози масжидда адо этилган жамоат намозидир

Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтади: “Жамоат намози аслида масжидларда ўқилиши жорий қилинган. Жамоатнинг масжидда бўлиши назардан четда қолдириш мумкин бўлмаган мўътабар сифатдир. Демак, ваъда қилинган бир неча баравар савоб масжиддаги жамоатга хос бўлиши лозим. Шунингдек, мазмун жиҳатидан масжид жамоатига ўхшаш ва бу улуғ исломий шиор бўлмиш жамоат намозини намоён этган бошқа жамоатлар ҳам масжиддаги жамоат ҳукмида бўлади”[1].

Ибн Ҳажарнинг “мазмун жиҳатидан масжид жамоатига ўхшаш бошқа жамоатлар” деган гапининг зоҳиридан масжиди бўлмаган ёки шаръан масжидга бормасликка узри бўлган кишилар жамоат бўлиб ўқиган намоз назарда тутилган бўлса ажаб эмас. Валлоҳу аълам.

  1. Масжидга бориш одоблари

Масжидга боришда жумладан қуйидаги ишларга риоя этиш мустаҳаб бўлади:

  • Намозхон намоз ўқиш учун масжидга пиёда, югурмасдан, йўрғаламасдан оҳисталик ва виқор билан бориши мустаҳаб бўлади. Гарчи иқоматни эшитса ҳам шошилмаслиги мақсадга мувофиқдир. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганларини эшитдим: “Намозга иқомат айтилса, намозга югуриб келманглар, балки оҳисталик ва виқор билан юриб келинглар. Намоздан етишганингизни (имом билан) ўқинглар, етишолмай қолганингиз намозни (имом салом бергач) ўзингиз тўлдириб қўйинглар[2].

Шу боис, кўпчилик намозхонлардан содир бўладиган иш – имомга етишиш учун шошилиш ва югуриш юқоридаги ҳадисга мухолифдир. Афсуски, бу намозхонлар ўртасида кенг тарқалган хатолардан бири ҳисобланади.

  • Масжидга бориш одобларидан яна бири уйдан чиқаётиб жамоат билан намоз ўқишни ният қилишдир. Зеро, намозхон жамоат намозини ният қилиб уйдан чиқса, намозга боришда сусткашлик қилмаган бўлса, сўнг масжидга борганда одамлар намозни ўқиб тугатишган бўлса, гарчи намозга етишмаса-да, унга жамоат савоби ёзилади. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Кимда-ким комил таҳорат олиб, масжидга йўл олса, масжидга етиб борганида одамлар намозни ўқиб тугатган бўлсалар, Аллоҳ азза ва жалла унга намозни жамоат билан ўқиган, жамоатга ҳозир бўлган кишининг савобичалик ажр беради. Бу жамоатга ҳозир бўлганлар ажр-савобидан ҳеч нарсани камайтирмайди[3].

  • Масжидга бориш учун уйдан чиққандан бошлаб, то уйга қайтгунга қадар бармоқларни қовуштирмаслик ҳам масжидга бориш одобларидан саналади. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Абул Қосим саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бирингиз уйида таҳорат олиб масжидга йўл олса, то (намозни ўқиб) уйига қайтиб келгунча намозда ҳисобланади. Шу боис, бу вақт мобайнида мана бундай қилмасин”, дея бармоқларини қовуштириб кўрсатдилар”[4].

  • Масжидга бориш одобларидан яна бири намоздан кейин масжидда ўтиришдир. Олдинроқ Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис[5] шунга далолат қилади.

  1. Жамоат намозига чиқиш сабабли ҳосил бўладиган фазилатлар

Жамоат намозига ҳозир бўлган кишилар учун савоб кўпайишига сабаб бўладиган бир қанча фазилатлар ҳосил бўлади. Бу фазилатларни Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ хулосалаган. Улар қуйидагилар:

(1) Масжидда жамоат билан намоз ўқиш ниятида муаззин ортидан азон сўзларини қайтариш;

(2) Намозга эртароқ бориш;

(3) Масжидга оҳисталик ва салобат билан юриб бориш (бу билан унинг даражаси бир поғона кўтарилади);

(4) Масжидга кириш дуосини айтиб кириш;

(5) Масжидга киргач таҳийятул масжид намозини ўқиш;

(6) Жамоатни кутиб туриш;

(7) Фаришталарнинг унга Аллоҳдан мағфират ва раҳмат тилаши;

(8) Фаришталарнинг унга гувоҳлик бериши;

(9) Иқомат сўзларини такрорлаш;

(10) Иқомат айтилиб шайтон қочганда унинг шарридан омонда бўлиш;

(11) Имомнинг такбири таҳрима айтишини кутиб туриш ёки имомга қай ҳолатда дуч келган бўлса, ўша ҳолатда намозга қўшилиш;

(12) Имом билан бирга такбири таҳримага етишиш;

(13) Сафларни текислаш, сафдаги бўшлиқларни тўлдириш;

(14) Имом “Самеаллоҳу лиман ҳамидаҳ” деганда унга жавобан “Роббана ва лакал ҳамд” дейиш;

(15) Жамоат билан намоз ўқиганда кўпинча намозда хато қилиш ёки адашишдан омон бўлиш, имом намоз хатти-ҳаракатларида адашса тасбеҳ айтиш, қироатда адашса луқма бериш;

(16) Жамоат намозида кўпинча хушу билан намоз ўқиш, хаёл бўлинишидан холи бўлиш;

(17) Жамоат намозида кўпинча чиройли кўринишда намоз ўқиш;

(18) Фаришталар намозхонларни ўраб туриши;

(19) Қуръонни тажвид билан ўқишни, шунингдек, намоз рукнлари ва суннатларини ўрганиш;

(20) Ислом шиорларидан бўлган жамоат намозини намоён этиш;

(21) Тоат-ибодатда жамланиш ва ҳамкорлик қилиш, эринчоқликни ташлаб масжидга келиш билан шайтонни ноумид қилиш;

(22) Нифоқ сифатидан ва одамларнинг “фалончи намозни ташлаб қўйибди” деган гумонга боришидан саломат бўлиш;

(23) Имомнинг саломига алик олиш;

(24) Мусулмонларнинг дуо ва зикр устида жамланиши ва ноқис инсонларнинг комил инсонлар баракасидан фойдаланиши;

(25) Қўшнилар ўртасида ўзаро меҳр-оқибат ришталарининг тикланиши ва намоз баҳонасида бир-бирларининг ҳолидан хабар олиши;

(26) Имом қироат қилганида жим туриб қулоқ тутиш;

(27) Имом омин деганда оминни айтиш ва шу билан фаришталар айтган оминга тўғри келиш[6].

[1] “Фатҳ ал-Борий”, 2/136.
[2] Бухорий (636), Муслим (602), Абу Довуд (572), Термизий (327) ривояти.
[3] Саҳиҳ. Абу Довуд (564), Насоий (2/111), Аҳмад (2/380) ривояти.
[4] Саҳиҳ. Ибн Хузайма (439), Ҳоким (1/206) ривояти. Ҳадисни Ҳоким саҳиҳ деган, Заҳабий унинг бу фикрини маъқуллаган. Шунингдек, Абу Довуд (562) ва Термизий (386) Каъб ибн Ужра разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадис юқоридаги ҳадис мазмунини қувватлайди.
[5] Мазкур ҳадис “Жамоат намозининг фазилати” мавзусида келтирилди.
[6] Қаранг: Ибн Ҳажар Асқалоний. “Фатҳ ал-Борий”, 2/133-бет.

Изоҳ қолдиринг