Абу Бакр разияллоҳу анҳу:  Мусулмонлар Рум ва Форс армияларидан устун келишлари сири

0

Исломий фатҳ ҳаракатлари ҳақида фикр юритган киши халифа Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу раҳбарлиги остидаги қўшинларга Аллоҳ таоло муваффақият ато этганини очиқ кўради. Дарҳақиқат, исломий қўшинлар Ироқ ва Шом ўлкаларига юриш қилиб, ўша даврнинг энг қудратли армиялари бўлмиш Рум (Византия) ва Форс (Эрон) армияларини қақшатқич мағлубиятга учратиб, урушлар тарихига қиёсан ўта қисқа вақтда бу диёрларни фатҳ этди. Ушбу фатҳларнинг бу қадар тез амалга ошишига бир томондан мусулмон фотиҳларга, иккинчи томондан фатҳ қилинган элларга алоқадор омиллар сабаб бўлди. Мусулмонларга тааллуқли омиллардан баъзилари қуйидагилар:

1) Мусулмонларнинг биз ҳақ йўлда урушяпмиз деган қатъий ишончлари;

2) Мусулмонлар ризқ, ажал, қазо ва қадар Аллоҳнинг қўлида эканига қатъий ишонишлари;

3) Мусулмонлар жанг олиб бориш маҳоратини чуқур ўзлаштирганликлари;

4) Мусулмонларнинг бағрикенглиги ва фатҳ этилган юртлар аҳолисига адолатли муомала қилишлари;

5) Мусулмонларнинг жизя, хирож белгилашда одамлар ҳолини риоя қилишлари ва аҳдларига вафо қилишлари;

6) Мусулмонларнинг аскарлар жиҳатидан ҳам, қўмондонлар жиҳатидан ҳам бой ресурсларга эга эканлари;

7) Муваффақиятли ҳарбий тактикалар қўлланилгани.

Фатҳ қилинган юртлар аҳолисига тааллуқли омиллардан баъзилари қуйидагилар:

Рум ва Форс империялари ичидан нураб, анча заифлашиб қолгани; мазкур империяларда зулм авж олган, фасод ёйилган, ёмон ахлоқлар урчиган эди. Маданиятлари эскириб, нураб бораётган эди. Бунга подшоҳ ва амирларининг исрофгарчиликлари, шунингдек, ҳукмдорлари ҳам, халқлари ҳам Аллоҳнинг йўлидан бутунлай бегона эканликлари ҳам сабаб бўлган эди. Шундан сўнг улар устига Аллоҳнинг асло ўзгармайдиган, ҳеч кимни риоя этмайдиган ва ҳеч кимга раҳм қилмайдиган қонунияти жорий бўлди.

Мусулмонлар эса Аллоҳ таолонинг қонунларига амал қилдилар, Аллоҳнинг йўлида юрдилар, ғалаба сабабларини ишга солдилар, унинг шартларини амалга оширдилар, Аллоҳнинг халқлар, давлат қурилиши, жамиятнинг ислоҳи борасидаги қонуниятларига мувофиқ фаолият юритдилар. Менинг бу гапимдан мусулмонларнинг ғалабасига асосан Форс ва Рум давлатларининг заифлиги сабаб бўлган экан, деган маъно тушунилмасин. Тўғри, бу икки давлат юқорида айтилган сабаблар туфайли анча заифлашиб қолган эди. Аммо шунга қарамай, мусулмонлар билан урушишга ўта катта тайёргарлик кўрдилар, бир неча юз минг пухта тайёргарлик кўрган аскарлардан иборат қўшинлар ҳозирладилар, бу армиялар сонда ҳам, қурол-яроғда ҳам мусулмонлардан устун эди. Улар мусулмонларга маълум бўлмаган айрим қурол-аслаҳаларга, жанговар филларга ва деворлар ортидан оловли тошлар отадиган палахмонларга эга эдилар. Румликлар мусулмонларга беписанд қараб, улар билан урушишга яхши тайёргарлик кўрмаган, деган гапга юқоридаги гапларимиз етарлича раддия бўлади. Шунингдек, Ибн Асокир ривояти ҳам бу гапни рад қилади. Унга кўра, Ҳирақл (Ираклий) Ҳимсда эканида барча патриархларини тўплади ва уларга деди: “Мен сизларни айнан шу нарсадан огоҳлантирган эдим ва сизлар сўзларимни қабул қилмаган эдингиз. Араблар бир ойлик масофадан келиб, сизларга босқинлар уюштириб, деярли талафот кўрмасдан қайтиб кетишмоқда”. Иниси унга Балқо чегара минтақаларига қўшин юборинг, деб маслаҳат берди. У Балқога қўшин йўллади ва унга ўзининг яқин кишиларидан бирини қўмондон этиб тайинлади. Ҳолат шундай давом этди. Сўнг мусулмонлар Абу Бакр ва Умар разияллоҳу анҳумо халифаликлари даврида Шомни тўла қўлга киритдилар[1].

[1] Тарих ад-даъва илал-ислом, 338-бет.

Изоҳ қолдиринг