Ҳизбут таҳрир ҳақида

0

Савол:

Ҳизбут таҳрир гуруҳининг тутган йўли тўғрими ва уларга эргашса бўладими?

Жавоб:

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримизга салавот ва саломлар бўлсин!

Ҳизбут таҳрир жамоаси ақида масалаларида аҳли суннат ва жамоатнинг тутган йўлидан чиққан ҳисобланади. Масалан, бу гуруҳ ақлни Қуръон ва суннатдан устун қўйишган ва мўътазилийлар каби қабр азоби, охир замонда Дажжолнинг чиқиши каби бир қанча эътиқодий масалаларни инкор қилишган. Тўғри, бир гуруҳ ҳақида айтилган сўз бу гуруҳга мансуб барча аъзоларда топилмаслиги мумкин. Худди шундай, бир гуруҳга мансуб баъзи инсонларнинг айтган сўзлари ҳам шу гуруҳга мансуб бўлавермайди. Шундай экан, ҳизбут таҳрир гуруҳининг эътиқодини баён қилиш учун гуруҳ асосчиси бўлмиш Тақийюддин Набаҳонийнинг сўзларидан ҳамда бу гуруҳнинг намояндалари тарафидан ёзилган китоблардан намуналар келтирамиз.

“Ҳизбут таҳрирга мансуб мусулмонларга оташин хитоб”[1] китобида ақл Қуръон ва суннатдан устун туриши ҳақида шундай дейилган: “Исломнинг ўзига қарайдиган бўлсак, у фикрлардан иборат… Ваҳийда келган ҳамма нарсада ақл ишлатилиши шарт… Ислом фикрлардан иборат деган нуқтаи назардан келиб чиқиб қарайдиган бўлсак, исломнинг асоси ақл, уни тушунувчи олат ҳам ақлдир… Шундай экан, асл маънони кўрсатиб берувчи далил Қуръон ва ҳадис кўрсатмалари эмас, балки ақлдир”.

Улар ақлга таянганлари учун ҳам эътиқод масалаларида мўътазилийлар каби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан саҳиҳ бўлган оҳод ҳадисларни қабул қилишмайди. Тақийюддин Набаҳоний ўзининг “Исломий шахсият” китобида мўътазилийларнинг асосчилари бўлмиш Восил ибн Ато, Амр ибн Убайд ҳамда Абу Ҳузайл ҳақида шундай дейди: “Улар орасида эътиқодий масалаларда баъзи хилофлар бўлса ҳам, бироқ эътиқод масаласида ҳеч ҳам адашишмаган. Уларнинг барчалари мусулмон ва ислом ҳимоячиларидир… Оҳод ҳадислар ақида борасида ҳужжат бўлмайди”. Ҳизбут таҳрир гуруҳининг ақидадаги хатоларининг тафсилотини билмоқчи бўлсангиз, бу ҳақдаги китобларни ўқишингиз ёки саҳифамизни кузатиб боришингиз мумкин. Келгусида саҳифамизда улар ҳақида батафсил маълумотлар қўйиб борилади, иншааллоҳ.

[1] من كتاب “نداء حار إلى المسلمين من حزب التحرير” للحزب

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг