Абу Бакр разияллоҳу анҳу: Сиддиқ Умар ибн Хаттобни халифа этиб тайинлагани

0

Ҳижрий ўн учинчи йил жумодул охира ойида халифа Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу хасталикка чалинди. Касали кучайиб, умри поёнига етаётганига кўзи етгач, ҳузурига одамларни жамлади. Уларга деди: “Менинг аҳволимни кўриб турибсизлар, шу касаллик билан вафот этсам керак, деб ўйлаяпман. Аллоҳ сизларни менга берган байъатингиздан озод этди ва ишингизни ўз қўлларингизда қилди. Энди сизлар ўзингизга маъқул бўлган бир кишини амир қилинглар. Мен ҳаётлик пайтимда амир сайлаб олсангиз мендан кейин ихтилофлашиб юрмайсизлар”. Саҳобалар ўзаро маслаҳатлашдилар, улардан ҳар бири бу ишдан ўзини четлатиб, уни бошқа биродари зиммасига юклашга уринди, ўта масъулиятли бу вазифага ўзидан кўра бошқани ҳақлироқ деб билди. Охири бир фикрга келиша олмай, Абу Бакр Сиддиқ олдига қайтиб кириб: “Сиз кимни кўрсатсангиз биз ўшанга розимиз, эй Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг халифаси!” дедилар. “Ундай бўлса, менга фурсат беринглар, мен Аллоҳ учун, Унинг дини ва бандалари манфаати учун бир ўйлаб кўрай”, деди Абу Бакр. Сўнг Абдураҳмон ибн Авфни ҳузурига чорлаб, ундан: “Умар ибн Хаттоб ҳақида нима дейсиз?” деб сўради. У: “Ўзингиз уни мендан кўра яхшироқ биласиз”, деди. “Шундай бўлса ҳам”, деди Абу Бакр. Шундан сўнг Абдураҳмон: “Аллоҳга қасамки, у сиз ўйлаганингиздан ҳам яхшироқ”, деди. Кейин Абу Бакр Усмон ибн Аффонни чақириб, Умар ҳақидаги фикрини сўради. Усмон: “Уни ўзингиз мендан яхшироқ биласиз”, деди. “Шундай бўлса ҳам”, деди Абу Бакр. Усмон: “Аллоҳ шоҳид, шуни аниқ айта оламанки, унинг ичи ташидан яхши, ичимизда унга тенг келадигани йўқ”, деб жавоб берди. Абу Бакр: “Аллоҳ сизни Ўз раҳматига олсин, агар уни танламаганимда халифалик сиздан бошқага ўтмасди”, деди. Кейин Усайд ибн Ҳузайрни чорлаб, Умар ҳақидаги фикрини сўради. Усайд: “Аллоҳ шоҳид, мен уни сиздан кейинги энг яхши одам деб биламан, ризоси ҳам, ғазаби ҳам фақат ҳақ учун, ичи ташидан яхши, ҳеч ким бу ишга ундан кўра лойиқроқ эмас”, деб жавоб берди. Абу Бакр Сиддиқ Саид ибн Зайд ва бошқа бир неча ансор ва муҳожир саҳобалар билан ҳам маслаҳатлашди. Қарийб ҳаммалари бир овоздан Умар номзодини ёқлаб гапирдилар. Фақат Талҳа ибн Убайдуллоҳ Умар разияллоҳу анҳунинг қаттиққўллигидан хавотирланиб: “Унинг қаттиққўллигини била туриб ўрнингизга халифа қилсангиз, Раббингизга нима деб жавоб берасиз?!” деди. “Мени ўтиргизинглар”, деди Абу Бакр. Сўнг: “Мени Аллоҳ билан қўрқитяпсизларми?! Сизларнинг ишингиз борасида зулмни охиратга захира қилиб олиб кетишдан ортиқ зиёнкорлик бўлмас! Мен Раббимга: “Ё Аллоҳ! Мен уларга энг яхши бандангни халифа қилиб келдим”, дейман”, деди. Сўнг Умарнинг қаттиққўллиги боисини баён қилиб: “У менинг ўта кўнгилчанлигимни кўрганидан қаттиққўллик қилиб туради. Иш ўз зиммасига тушганидан кейин ҳозирги кўп феъл-атворидан воз кечади деб ишонаман”, деди[1].

Сўнг бутун шаҳар-қишлоқларда одамларга ўқиб эшиттирилиши учун қуйидаги фармонни ёздирди: “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Бу Абу Бакр ибн Абу Қуҳофанинг дунё ҳовлисидан охирги қадамини ҳатлаб, унда кофиру фожир ҳам иймон келтирадиган, ёлғончи ҳам рост сўзлайдиган охират ҳовлисига илк қадамини қўяр чоғида қилаётган аҳди-фармонидир. Мен сизларга ўзимдан кейин Умар ибн Хаттобни халифа қилдим. Мен Аллоҳ ва Расули учун, Унинг дини учун, ўзимга ҳам, сизларга ҳам яхши бўлиши учун имконим борича ҳаракат қилдим, бор кучимни аямадим. Агар у адолатли бўлса (айни муддао), менинг у ҳақдаги гумоним ва илмим шу, аслида. Агар бошқача бўлса, ҳар бир кишининг қилган гуноҳи ўз бўйнига. Мен бу ишни яхшилик истаб қилдим, ғайбни билмайман. “Золим кимсалар эса яқинда қандай оқибатга қараб кетаётганларини билиб қолурлар” (Шуаро, 227)”[2].

 

[1] Ибн Асир. “Комил”, 2/79.
[2] Заҳабий. “Тарихул Ислом”, 116-117-бетлар.

Изоҳ қолдиринг