Сийрат: Мушрикларнинг даъватга қарши кураш услублари

0

Мушриклар уларнинг жоҳилликларини ва сиғинган илоҳларини ҳақорат қилаётган, уларнинг Аллоҳ, дунё, инсон ва борлиқ ҳақидаги дунёқарашларини қоралаётган даъватга қарши курашиш учун бирлашдилар. Даъватни тўхтатиш, овозини бўғиш ва бутунлай ўчириш, даъват майдонини торайтириш мақсадида турли-туман воситаларни ишга солдилар.

Биринчи: Қурайшнинг Абу Толибни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга ёрдам беришдан узоқлаштириш учун қилган ҳаракатлари:

Қурайш катталари Абу Толиб олдига келиб дедилар: “Жиянинг бизга йиғинларимизда ва ибодат ерларимизда азият бермоқда. Уни тийиб қўй”. Абу Толиб Расулуллоҳга: “Жияним, мана буларнинг айтишларича, сен уларга йиғинларида, ибодатхоналарида азият бераётган эмишсан. Бу ишингдан қайтгин”, деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам нигоҳларини осмонга кўтардилар, сўнг уларга: “Мана бу қуёшни кўряпсизларми?” дедилар. Улар: “Ҳа”, дедилар. “Сизлар ундан бир олов олишга қай даражада қодир бўлмасангиз, мен ҳам бу ишни тарк этишга шу қадар қодир эмасман”, дедилар. Бир ривоятда: “Аллоҳга қасам, биров бу қуёшдан ловуллаб турган оловни ололмагани каби мен ҳам ўзимга буюрилган ишни тарк этолмайман”, дедилар. Абу Толиб: “Аллоҳга қасамки, жияним ёлғон гапирмайди. Ортингизга қайтиб кетаверинглар”, деди[1]. Қурайш Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга оилалари томонидан босим ўтказишга кўп ҳаракат қилди. Лекин фойдаси бўлмади.

Абу Толибнинг ўз жиянини ҳимоя қилиши, унга самимий ёрдам кўрсатиши халқ ичида овоза бўлди. Бу эса Қурайшга оғир ботди, уларни ғамга солди, ҳасад ва макр-ҳийла қилишга ундади. Улар Абу Толиб ҳузурига Умора ибн Валид ибн Муғирани олиб келиб: “Эй Абу Толиб, бу Умора ибн Валид Қурайшнинг энг навқирон, келишган йигитларидан. Бу сенга жиянинг ўрнига хун ҳаққи бўлсин. Хоҳласанг уни ўғил қилиб ол. Унинг ўрнига жиянингни бизга бер. Чунки у сенинг ва ота-боболарингнинг динига қарши чиқди. Қавминг ўртасига тафриқа солди. Эътиқодимизни оёқости қилди. Биз уни ўлдирамиз. Унинг ўрнига бу йигитни сенга берамиз”, дедилар. Абу Толиб: “Аллоҳга қасамки, сизлар таклиф этган савдо нақадар ёмон! Менга ўғлингизни берасиз, мен уни боқиб, чиройли парвариш қилиб бераман, ўрнига ўғлимни бераман ва сизлар уни ўлдирасиз?! Шундайми?! Аллоҳга қасам, бу асло бўлмайдиган иш”, деб жавоб берди[2].

Абу Толибнинг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга кўрсатган мурувватлари олдида инсон лол қолади. Ўша оғир дамларда у ўз қисматини у зотнинг қисматларига боғлади. У Бани Ҳошимнинг обрў-эътиборли ва гапи ўтадиган кишиларидан  бўлгани боис Бани Ҳошим ва Бани Мутталиб уруғини ўзини қўллаб-қувватлашга чақирди. Шундан сўнг бу икки уруғнинг мусулмонлари ҳам, кофирлари ҳам жамулжам бўлиб, ўлигимиз ҳам, тиригимиз ҳам бир, деган шиор билан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳимоя қилишга келишиб олдилар[3].

Абу Толиб жияни Муҳаммад алайҳиссаломни ўз ҳимоясига олганини очиқ эълон қилгач, жоҳил араблар Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламни илгаригидек масхара қилишдан тийилдилар. Абу Толиб Қурайшнинг Бани Ҳошим билан Бани Мутталибга кўрсатган адоватларини кўриб, уларни ҳам ўзи билан бирга Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳимоя қилишга чақирганда улар унинг чақириғига ижобат қилдилар ва унинг ёнида турдилар, ёлғиз Абу Лаҳаб уларга қўшилмади.

Абу Толиб уларнинг бу ишларини, унга кўрсатган ғамхўрликларини кўргач, уларни мақтаб шеър битди, шеърида уларга ўз ўтмишларини ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг фазилатларини эслатди.

Шеърнинг мазмуни:

“Агар Қурайшнинг фахри ҳақида гапирилса, Абдуманоф унинг энг аслзода уруғи бўлиб чиқади. Қурайшнинг аслзодалари Абдуманофда не қадар бўлса, Ҳошимда ҳам шу қадар бордир. Ҳошим фахрланмоқчи бўлса, Муҳаммад улуғларнинг энг улуғидир. Қурайш бор кучи билан бизга қарши оёққа турди. Лекин устимиздан зафар қучмади ва орзулари ушалмади. Биз қадимда зулмга йўл қўймас эдик. Такаббурликдан буришган юзларни тўғрилаб қўяр эдик”[4].

 

[1] “Саҳиҳ ас-сийра ан-набавия”, 78-бет.
[2] “Ал-бидоя ван-ниҳоя”, 3/48-бет.
[3] “Фиқҳ ас-сийра ан-набавия”, 184-бет.
[4] “Ас-сийра ан-набавия”, 1/269-бет.

Изоҳ қолдиринг